Ўзбекистонда “COVID-19"га қарши эмлаш жараёнига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етмоқда

14:15 31 Март 2021 Жамият
764 0

Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатларини камайтириш мақсадида COVID-19 га қарши эмлаш тадбирларига тайёргарлик кўриш ишлари якунланмоқда.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев қуйидагиларни маълум қилди:

— COVID-19 билан касалланишда хавф ости гуруҳига мансуб тўрт миллиондан ортиқ аҳоли қатламини биринчи навбатда эмлаш тадбирлари учун COVAX дастури доирасида 660 минг доза AstraZeneca ҳамда Хитой ва Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида яратилган 1 миллион доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналари келтирилди.

Бундан ташқари, COVAX доирасида жорий йилнинг май-июнь ойларида 2 миллион доза AstraZeneca, апрель-июнь ойларида эса 3,5 миллион доза ZF-UZ-VAK2001 вакциналарини мамлакатимизга келтириш режалаштирилган.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Россия Федерациясидан 1 миллион доза Спутник V вакцинаси харид қилиш юзасидан шартнома имзоланмоқда.

Шу билан бирга, айни пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан яна қўшимча AstraZeneca вакцинасини харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда олимларимиз томонидан биринчи COVID-19 га қарши вакцинанинг S оқсил молекуласи яратилиб, яқин кунларда ҳайвонларда клиник олди тадқиқотларини бошлаш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?