Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш янада кучайтирилади

Бола – жамиятнинг эртанги куни, келажак пойдевори. Болаларнинг соғлом, бахтли ва хавфсиз муҳитда ўсиши ҳар бир давлатнинг устувор вазифасидир. Зўравонлик эса нафақат бола руҳияти, балки унинг келажакдаги ҳаётига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Болаларга нисбатан зўравонлик жисмоний, психологик, жинсий ва иқтисодий шаклларда намоён бўлиши мумкин. Шу боис, Ўзбекистон Республикасида болаларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қатор ҳуқуқий ва институционал чоралар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари алоҳида эътироф этилган бўлиб, хусусан 78-моддада боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги мустаҳкамланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон 1992 йил 9 декабрда БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясига қўшилган ва шу орқали халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни эса бола ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни назарда тутади.
2024 йилнинг 14 ноябрь куни “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни имзолангани, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг шахсий дахлсизлиги, эркинлиги ва шаънини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди. Мазкур қонунда болаларни таълим муассасаларида, оилада, давлат муассасаларида ва бошқа жойларда зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича аниқ талаб ва механизмлар назарда тутилган. Шунингдек мазкур қонунда болаларга нисбатан зўравонликнинг бир қанча турлари, хусусан жисмоний зўравонлик, руҳий зўравонлик, жинсий зўравонлик, иқтисодий зўравонлик каби тушунчаларга аниқ таърифлар бериб ўтилди.
Эндиликда, боланинг ҳаётига, соғлиғига, жинсий дахлсизлигига, шаънига, қадр-қимматига ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган, жисмоний ёки руҳий азоб етказаётган ёки етказиши мумкин бўлган ҳамда асосий эҳтиёжларига зид бўлган, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан ва Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, қасддан содир этиладиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) болаларга нисбатан зўравонлик деб эътироф этилади. Шунингдек, зўравонликдан жабрланувчи ва унинг қонуний вакили моддий ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилганда қонунга мувофиқ давлат божини тўлашдан озод этилади.
Ҳозирги кунда бола ҳуқуқларини таъминлаш доирасида бир қатор институтлар фаолият олиб боради. Жумладан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман), Ички ишлар органлари, Психологик хизматлар, Маҳалла ва оила бўлими ва бошқалардир. Бундан ташқари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳам болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича махсус ўқув курслари, профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Ҳозирги кунда кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, янада самарали ҳимоя тизимини яратиш учун қуйидаги йўналишларда иш олиб бориш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман:
- Болаларнинг ўз ҳуқуқларини билишини таъминлаш — мактабларда бола ҳуқуқлари бўйича мажбурий дарслар жорий этилиши лозим.
- Ота-оналар ва устозларни ўқитиш — болага зўравонликсиз муносабат маданиятини шакллантириш керак.
- Медиа ва интернет орқали зўравонликка қарши ташвиқот — кенг жамоатчиликка зўравонликнинг оқибатлари ҳақида етказиш.
- Қонунбузарларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари — зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан мустаҳкам ҳуқуқий жавобгарликни таъминлаш.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз жоизки, Ўзбекистонда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда, лекин бу йўналишдаги ишларни янада чуқурлаштириш, мукаммал тизим яратиш зарур. Болалар бахти – миллат келажагининг кафолатидир. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз шарт.
ТДЮУ Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси
доценти, (PhD) Дилфуза Абдуллаева
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг