Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар пойдевори мустаҳкамдир

12:15 11 Май 2018 Сиёсат
5424 0
Фото: entertainmentvine.com

Ефроим ГУРМАН,
АҚШ Ветеринар тиббиёти уюшмаси аъзоси, биология фанлари доктори, профессор,
жаҳонга машҳур “VetVittles” компанияси раҳбари:

— Машҳур физиолог, Нобель мукофоти лауреати Иван Павловнинг шундай сўзлари бор: “Тиббиёт инсонларни, ветеринария эса инсониятни даволайди”.

Дарҳақиқат, ушбу фаннинг ҳаётимиздаги аҳамияти жуда катта. Зеро, ветеринария озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш орқали инсон саломатлиги, жамият хавфсизлигини муҳофаза қилишнинг энг асосий занжирларидан бири ҳисобланади. Нега деганда, узоқ йиллик кузатишлар юқумли касалликларнинг аксарияти чорва молларида пайдо бўлиб, одамларга чорвачилик маҳсулотлари орқали ўтишини тасдиқламоқда. Шу боис кейинги пайтда бундай ҳолатларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, қисқача айтганда, ветеринария соҳасини ривожлантириш тобора долзарб аҳамият касб этаётир.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда бу масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани алоҳида эътиборга моликдир. Давлат ветеринария қўмитаси ташкил қилиниб, ветеринария соҳасида давлат бошқаруви тубдан такомиллаштирилаётгани, эпизоотик барқарорлик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, тизимда учраётган камчиликларни бартараф этиш, ветеринария хизматлари кўрсатиш сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилаётгани бунинг амалий самарасидир.

Ветеринария хизмати кўплаб мамлакатларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига тегишли бўлса, айрим давлатларда бу иш билан бошқа, хусусан, ветеринар эҳтиёжлар учун зарур биологик препаратлар ва қисман чорвачилик маҳсулотларини назорат қилувчи Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуғулланади.

Дунё амалиётида эса мазкур соҳа давлат ҳамда хусусий секторга бўлинади. Бу борада давлат тармоғининг асосий вазифаси мамлакат ҳудудини ташқаридан инфекция кириб келишидан асраш, инфекцион касалликлар тарқалишини бартараф этиш, биопрепаратлар сифати назорати, озиқ-овқат маҳсулотлари устидан ветеринар-санитар назорати ҳисобланади.

Бу борада АҚШ тажрибасига тўхталадиган бўлсак, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида “Ҳайвонлар ва ўсимликлар назорати хизмати” (ҲЎНХ) фаолият юритади. Унинг таркибида ўсимликлар ҳимояси ҳамда карантин, гўшт ва парранда инспекцияси ҳамда ветеринария бўлинмалари мавжуд. Айнан ветеринария соҳасини ҲЎНХ раҳбари ўринбосари бошқаради. Унга қулайлик яратиш мақсадида мамлакат бешта — Шимолий, Жануби-Шарқий, Жануби-Марказий, Шимоли-Марказий ва ўарбий ҳудудларга бўлинган. Минтақавий хизматлар таркибига эпизоотологлар, турли мутахассисликдаги шифокорлар, биологик препаратлар бўйича мутахассислар ҳамда ҳудудий ветеринар шифокорлар киради. Ҳар бир минтақавий ветеринар шифокор мамлакатнинг тегишли ҳудудидаги (бир штатда бир-иккита) ветеринар хизматини бошқаради. Уларнинг тасарруфига туман ветеринар шифокорлари киради.

Жабҳадаги фаолият ишлаб чиқилган аниқ дастур асосида олиб борилади. Чорва молларининг сил, бруцеллёз каби хавфли касалликларига қарши курашиш, маҳсулотлар импорт-экспорти, биопрепаратлар назорати, ветеринария учун дори-дармонлар ва кимёвий терапия воситаларини тайёрлаш бўйича давлат лабораториялари фаолиятини мувофиқлаштириш шулар жумласидандир. Барча ветеринария хизмати энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар, реактивлар, дори-дармонлар, малакали мутахассисларга эга. АҚШда чорвачилик маҳсулотлари давлат бўйсунувидаги федерал ҳамда штатлар даражасидаги хизматлар орқали назорат қилинади.

Яна бир эътиборли томони, АҚШда ветеринария таълими дунёдаги энг илғор ва истиқболли йўналишлардан бири саналади. Бу ерда талабалар аввал тўрт йиллик бакалавриат, сўнгра икки йиллик магистратурани тамомлайди. Шундан сўнггина битирувчи ўзини илмий ишга бағишлайди ёки доктор бўлиб ишлаши мумкин. Доктор ўз ўқишини давом эттириб, PhD илмий даражасини олиши мумкин.

Ёки олий ветеринария мактабида икки йил таҳсил олади, кейин университетнинг тўрт йиллик коллежини битириб чиқади ҳамда ветеринария тиббиёти доктори (DVM) даражасини олади. Шифокор бундан сўнг ҳам таҳсилда давом этиб, PhDни қўлга киритиши мумкин. Ветеринарияда сиртқи таълим йўқ ва шифокорлар бунинг нима эканлигини ҳам билмайди. Бироқ АҚШда барча ўқув юртларида ветеринария йўналишида таълим олиш пуллик. Шунга қарамай, мазкур касб этагидан тутмоқчи бўлган киши кўплаб жамғармалар, грантлар, кредитлар кўмагидан фойдаланиши мумкин.
АҚШда ветеринар шифокорларнинг 20 дан ортиқ уюшмалари ташкил қилинган. Уларнинг таркибида мамлакатда соҳада ишлаётган деярли барча мутахассис қамраб олинган. Ветеринар--санитарлар, ветеринар аёллар, ветеринар-лаборатор кадрлар шулар сирасига киради.

Уюшмаларнинг асосий вазифаси профессионал ҳуқуқларни муҳофаза этиш, ўқув муассасалари ҳамда илмий тадқиқотларни молиялаштириш, тадбирлар ўтказиш, ноширлик фаолиятини олиб бориш, мутахассисларни аттестациядан ўтказиш, пенсия таъминоти, халқаро ҳамкорлик каби йўналишларни ўз ичига олади. Масалан, 1863 йилда асос солинган Ветеринар тиббиёти уюшмаси (AVMA) аъзолари сони 1913 йилга келиб 1650 кишига етди. Айни пайтда эса AVMA ўзида хусусий ва корпоратив клиникалар, давлат муассасалари, саноат, ҳуқуқ-тартибот ҳамда фан соҳасида фаолият юритиб келаётган 80 минг нафарга яқин америкалик ветеринарларни бирлаштирган. Унинг таркибида борлигимдан фахрланаман.

Уюшмамиз ҳар йили дунё ва мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария соҳасида кузатилаётган тенденциялар, янгиликлар, учраётган хавф-хатарлар, уларнинг олдини олиш йўлларини муҳокама қилишга бағишланган симпозиумлар, анжуманлар, маҳорат мактаблари, семинарлар ўтказиб келади. Ўзаро ҳамкорликда мавжуд масалаларга ечим топиш йўллари, илмий-амалий хулосаларни ишлаб чиқамиз ҳамда тегишли давлат органлари, ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ҳам йўллаймиз. Олимларнинг таклифлари эса келгусида соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, янгиларини қабул қилишда, албатта, инобатга олинади. Масалан, охирги йиғилишларимизда фауна вакиллари орқали одамларга юққан “Зика”, “Эбола” вирусининг келиб чиқиши сабаблари, микробиологик хусусиятларини чуқур ўрганиб, келажакда бундай хуружларнинг олдини олиш бўйича қатор фикрлар билдирилди.

Қувонарлиси, уюшмамиз аъзолари қатори мен ва яқин ҳамкорим, доктор Игорь Бродецкий ҳам АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги агентлиги бошлиғи, доктор, асли ўзбекистонлик бўлган қадрдон дўстим Амир Маҳмудов ҳамда унинг жамоаси билан бу борада тизимли маслаҳатлашувларни йўлга қўйганмиз. Мана шундай кенгашиб иш олиб борганимиз ва ветеринария хизмати давлат органлари томонидан қўллаб-қувватлаб келинаётгани шарофати билан АҚШ узоқ йиллардан бери кўплаб хавфли инфекцион касалликларга нисбатан эпизоотик фаровон мамлакат мақомини сақлаб келмоқда.

Ўзбекистонда ҳам мазкур жабҳада ибратли ишлар олиб борилаяпти. Республика ҳукумати билан Халқаро эпизоотик бюро ўртасида ветеринария соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қолаверса, АҚШнинг “Биология соҳасидаги ҳамкорлик” дастури доирасида Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган ҳудудий диагностика лабораториялари ташкил этилди.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, дунёдаги чорва молларининг 59 фоизи ривожланаётган, 41 фоизи эса саноати тараққий топган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Парадоксни қарангки, юқори малакали ветеринар-мутахассисларнинг 81 фоизи илғор, 19 фоизи эса равнақ топаётган давлатларда фаолият юритар экан. Шунинг учун ривожланаётган мамлакатларда ветеринарларига тушадиган оғирлик тараққий топган давлатлардаги ҳамкасблариникига нисбатан 5,2 баробар кўп ҳисобланади. Бу нафақат муайян ҳудуддаги сиёсий-иқтисодий вазият, балки савдо ҳамда маданий алоқалар, табиий-иқлим шароитлар билан ҳам боғлиқ.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳасида, айниқса, ветеринария соҳасида олиб борилаётган улкан янгиланишларни матбуот, телевидение ва интернет орқали катта қизиқиш билан кузатиб келаяпман. Юртингиздаги ўзгаришлар таҳсинга лойиқ. Кейинги пайтдаги жараён Ўзбекистон ҳақида ўарбда шаклланиб қолган салбий стереотипларнинг йўқолишига замин яратаяпти. Ишончим комилки, ушбу пойдевор жуда мустаҳкам ҳамда улар нафақат мамлакатнинг бугуни, балки ёрқин келажаги йўлида барпо қилинаётган тараққиёт иншоотини ҳар қандай -талатўплардан асрайди.

Давлатингиз раҳбарининг бевосита эътибори билан йилқичилик, қоракўлчилик бўйича Ўзбекистон мактаби қайта тикланаётгани, паррандачилик тармоғи тобора ривожланаётгани қувонарли ҳолат. Ҳатто туячилик ҳам оммалашаётган экан. Булар аҳолини нафақат сифатли озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, мазкур омиллар қатори, республиканинг иссиқ-қуруқ иқлими ҳам ветеринария тизимига илғор тажрибалар, инновацияларни жалб қилиш, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини яратишни тақозо этмоқда.

Президент томонидан ана шу ҳаёт ҳақиқати инобатга олинган ҳолда, муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Ҳар томонлама эскирган тизим тубдан янгиланмоқда. Айниқса, ҳайвонлар юқумли касалликлари тарқалишининг олдини олиб, тезкор аниқлаш, ташхис қўйиш ҳамда эпизоотик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини мониторинг қилишда яхлит қўмитага асос солиниши ҳар томонлама оқилона қарордир.

Шу кунларда ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олишнинг такомиллаштирилган тизимини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар ҳам диққатга сазовор. Бу мамлакатдаги эпизоотик вазиятни ҳар томонлама самарали ва оқилона бошқариш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда халқ соғлиғини мустаҳкамлашда айни муддаодир.
Яна бир муҳим масала, Ўзбекистонда ветеринария соҳасига ихтисослаштирилган институт фаолиятини йўлга қўйиш давр талаби саналади. АҚШлик мутахассислар, хусусан, бизнинг уюшма олимлари Ўзбекистонга бу борада ҳар қандай ёрдам беришга тайёр. Зотан, ветеринарияда дунёнинг энг илғор таълим стандартлари, ҳаётда синалган назарий ва амалий билимлардан фойдаланиш жуда муҳимдир.

Сўзим якунида бир ниятим борлигини айтсам.

Хабарингиз бор, ўтган йили сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзбекистонлик ватандошлари билан учрашди, Ўзбекистон — Америка бизнес форумида қатнашди. Ўшанда Американинг юздан ортиқ компаниялари вакиллари иштирок этиб, ҳамкорлик қилиш бўйича умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг шартномалар имзоланибди. Булар ҳақида юқорида айтган қадрдоним, ўз диёрини жону дилидан ортиқ яхши кўриб, ўз тажрибаси ҳамда ютуқларини Ўзбекистонга ҳам олиб киришни дилига туккан Амир Маҳмудов фахрланиб айтиб берди. Мен эса ўша пайтда сафарда бўлганим учун Ўзбекистон раҳбари билан учрашишдек улкан бахт насиб этмади. Ушбу орзуим рўёбга чиқишига нафақат америкалик олим, балки ветеринария маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ҳамда соҳада хизматлар кўрсатувчи “VetVittles” компаниясининг узоқ йиллик раҳбари сифатида умид қиламан. Боиси, Ўзбекистон билан бу борада ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан, тажриба алмашишдан ҳар томонлама манфаатдормиз.

Саиджон МАХСУМОВ
ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?