Ўзбекистонда 320 та 24 соатлик кўча ва ҳудуд ташкил этилиши таклиф қилинмоқда

16:59 10 Сентябр 2025 Жамият
100 0

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан ҳамкорликда «тунги иқтисодиёт»ни ривожлантириш чора-тадбирларини назарда тутувчи Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳужжатда МДҲ, ШҲТ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар тажрибаси ўрганилган бўлиб, тадбиркорлар билан ҳам маслаҳатлашувлар ўтказилган. Лойиҳа 2030 йилгача бўлган даврда янги хизмат имкониятларини яратиш, тунги иқтисодиётнинг ЯИМдаги улушини ошириш ва бандликни таъминлашни мақсад қилиб қўйган.

Режаларга кўра:

— 2030 йилга бориб 24/7 фаолият юритувчи кўчалар ва ҳудудлар сони 320 тага, тунги режимда ишлайдиган кафе ва ресторанлар 8 мингга, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари эса 14,2 мингга етказилади.

— Тунги автобус круизлари йўлга қўйилади, улар орқали аҳолига ва туристларга шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари ва тунги муҳитини таништириш кўзда тутилмоқда.

— 24/7 ҳудудларни аэропорт ва вокзаллар билан боғловчи махсус тунги автобус йўналишлари ҳам ташкил қилинади.

— «Тунги иқтисодиёт» рақамли платформаси ишга туширилиб, у орқали туристлар ва аҳолига тунги объектлар, транспорт ва бошқа хизматлар ҳақида маълумот берилади.

Лойиҳада маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг филиаллари учун ходимларни қайта тайёрлаш харажатларини қисман қоплаб бериш, реклама ва ёритиш харажатларини камайтириш каби чоралар ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, «тунги иқтисодиёт менежери» лавозими жорий этилиб, у 24/7 ҳудудларни бошқариш, бизнес фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва маданий тадбирларни ташкил қилиш билан шуғулланади. 24/7 ҳудудларни махсус бошқарув компаниялари масъулиятига топшириш, хавфсизликни таъминлаш учун интеллектуал кузатув тизимларини ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чоралар натижасида 11 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади ҳамда йилига 200 мингга яқин ташриф буюрувчилар ва туристлар жалб қилинади.

«Тунги иқтисодиёт» концепцияси 2025–2026 йилларда амалга ошириладиган «йўл харитаси» билан тасдиқланиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?