Ўзбекистон ёки Қирғиз Республикаси. Қайси жамоа кучлироқ?

11:09 05 Сентябр 2025 Спорт
306 0

Бугун Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси томонидан ўтказилаётган «CAFA National Cup» мусобақасининг «А» гуруҳида учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади. Тур доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қирғиз термаси билан куч синашади. Бугун ўйин олдидан иккала жамоани ўзаро таққослаб кўрамиз.

Умумий кўрсаткичлар

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда FIFA рейтингда 1449,12 балл жамғарган ҳолда 55-ўринни эгаллаб турибди. Бу айни пайтда Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа Осиёда 6-ўринда эканини билдиради.

Қирғиз Республикаси терма жамоаси эса айни пайтда FIFA рейтингида 1208 балл тўплаган ҳолда 104-ўринни эгаллаб турибди. Бу ўз навбатида қирғизлар Осиё миқёсида 17-ўринда эканини билдиради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси «CAFA National Cup» турнирида шу вақтга қадар 6 та ўйин ўтказган. Улардан 4 таси жамоанинг ғалабаси билан якунланган. 1 та баҳсда эса мағлубият қайд этилган. Шунингдек, бу йилги мавсумдаги биринчи ўйин дуранг натижа билан тугаган.

Қирғиз Республикаси терма жамоаси эса ушбу мусобақа доирасида жами 5 та ўйин ўтказган. 1 та ўйинда ғалаба қозонган ва яна 1 та ўйинда дуранг ўйнаган. 3 та ўйинда мағлубиятга учраган. Таъкидлаш керакки, ушбу жамоалар «CAFA National Cup» мусобақасида биринчи бор тўқнаш келишмоқда.

Мураббийлар

Ўзбекистон миллий терма жамоасини истеъдодли мураббий Тимур Кападзе бошқармоқда. 1-тур ўйинидан кейин Тимур Тоҳировичнинг кайфияти яхши эмаслигини аниқ кўрдик. Бунга Ўзбекистон миллий терма жамоасига бошқа мураббий келиши билан боғлиқ ҳолат сабаб бўлди, катта эҳтимол.

Лекин ўйин олдидан бу гап-сўзлар анча тиниб қолди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигига келиши айтилган португалиялик мутахассис Паулу Бентунинг Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси билан музокаралари муваффақиятсиз якунлангани ҳақида хабарлар чиқди. Кўп эҳтимол, энди янги номзод топилгунча бу гаплар қайта айтилмайди.

Ўз навбатида ушбу ҳолат Тимур Кападзега терма жамоада қолиш учун қўшимча имконият бериши мумкин. Яъни, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз олдида турган 2 та муҳим ўйинда ғалаба қозонишни уддаласа, балки ЎФА айнан Кападзе билан ишлашда давом этиши ҳам мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам мусобақа ўтаётган пайтда бош мураббийнинг ўзгариши масаласи муҳокама қилинмаётгани яхши ҳолат.

Қирғиз Республикаси терма жамоасини эса айни вақтда 34 ёшли мутахассис Урмат Абдуқаимов бошқармоқда.

У 1991 йилнинг 5 ноябр санаcида Бишкеκ шаҳрида туғилган. 2008 йилдан профессионал футболчилик фаолиятини бошлаган. Фаолияти давомида «Дордой», «Қамбар-Ата», «Алға», «Қара-Балта» каби жамоаларда тўп сурган. Шунингдек, Қирғиз Республикасининг турли ёш тоифаларидаги жамоаларида ўйнаган.

Урмат Абдуқаимов 2022 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган. Айни шу йили у Қирғизистон Олий лигаси вакили «Talant» жамоасига бош мураббий этиб тайинланган. 2023 йил «Talant» жамоаси бош мураббийи сифатида Қирғизистонда «йил мураббийи» деб эътироф этилган.

Абдуқаимов Осиё Футбол Конфедерациясининг «A», «B» ва «C» тоифадаги мураббийлик лицензияларига эга мутахассис.

2025 йилнинг 14 июль санаcида Урмат Абдуқаимов Қирғиз Республикаси терма жамоасининг вақтинчалик бош мураббийи этиб тайинланди.

Унинг бошқарувида Қирғиз Республикаси терма жамоаси 2 та ўйинда майдонга тушди. Туркманистон терма жамоаси билан дуранг ўйнади. Ўмон Султонлиги термасига мағлуб бўлди. Ўзбекистонга қарши баҳс Абдуқаимовнинг терма жамоадаги учинчи ўйини бўлади.

Футболчилар

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўзагини ташкил этадиган футболчилар — легионерлар ҳисобланади. Терма жамоамиз етакчилари Англия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони каби мамлакатларда тўп суришмоқда.

Қирғиз Республикаси терма жамоасининг ҳам асосини легионер футболчилар ташкил этишади. Ушбу юрт вакиллари Ўзбекистон, Украина, Россия, Беларусь, Вьетнам, Индонезия каби мамлакатларда фаолият олиб боришмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг қиммат футболчиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер лигасида 3-туридан ўрин олган «Брайтон» – «Манчестер Сити» ўйинида жароҳат олди ва ушбу мусобақада терма жамоамизга ёрдам бера олмаслиги аниқ бўлди. Ўзбекистон терма жамоасининг айни вақтдаги энг қиммат футболчиси энди Аббосбек Файзуллаев ҳисобланади. «Transfermarkt» портали уни 8 миллион еврога баҳоламоқда.

Қирғиз Республикаси терма жамоасининг энг қиммат футболчиси эса «Transfermarkt» порталига кўра Жоел Коджо. Фарғонанинг «Нефтчи» клубида фаолият юритаётган мазкур футболчининг нархи 600 минг еврога баҳоланмоқда.

Ўзаро ўйинлар статистикаси

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Қирғиз Республикаси тарихан энг қулай рақиб ҳисобланади. Ушбу жамоалар ўзаро 12 марта тўқнаш келишган ва бу ўйинларнинг барчасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ғалаба қозонган.

Ўз навбатида Қирғиз Республикасининг энг ноқулай рақиби ҳам айнан Ўзбекистон термаси ҳисобланади. Ушбу юрт вакиллари энг кўп мағлубиятини айнан Ўзбекистон терма жамоасидан қабул қилиб олган.

Жамоалар сўнгги бор 2025 йилнинг 20 март санаcида ўзаро тўқнаш келишган ва унда Ўзбекистон терма жамоаси Ҳожиакбар Алижонов томонидан киритилган гол эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Ушбу ўйиндаги имкониятлар

Бу сўнгги тур ва ҳар икки жамоанинг тақдири айнан шу турда ҳал бўлади. Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси финалга чиқмоқчи бўлса, йириқроқ ҳисобда ғалаба қозониши талаб этилади. Боиси, бугун Ўмон Султонлиги терма жамоаси Туркманистонни мағлуб этса ва Ўзбекистон термаси ўз ўйинини ғалаба билан тугатса, икки жамоанинг очколари тенглашади ва финалчи тўплар нисбатига кўра аниқланади.

Ўз навбатида Қирғиз Республикаси терма жамоаси ҳам гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб қолган. Бугун қўлга киритиладиган ғалаба «қирғизлар»ни кейинги босқичга олиб чиқади.

Шундай экан, ҳар икки жамоа учун ғалаба ҳар доимгидан-да кўпроқ керак. Мезбон фактори ва футболчиларнинг даражаси ўлароқ солиштирсак, Ўзбекистон миллий терма жамоаси «қоғоз»да фаворит, амалда нима бўлади? Бугун билиб оламиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?