Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқ таълими соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантирмоқда

13:27 29 Июль 2023 Сиёсат
341 0

Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фарруҳ Қурбонов бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда бўлди.

Делегация  аъзолари сафар давомида Корея Республикасининг Кёнсанбук-до провинцияси Халқ таълими бошқармаси фаолияти билан танишишлари баробарида мутасаддилар билан таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилар.

Учрашувда Жанубий Корея томонига Ўзбекистонда халқ таълими тизими сифати ва самарадорлигини ошириш, таълим ва илм-фан интеграциясини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди.

Томонлар педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакали хорижлик мутахассисларни жалб этиш, илмий-амалий конференция ва семинарлар ташкил этиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратишди.

Бошқарма бошлиғи Лим Жонг Сик Бухоро вилояти билан таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини маълум қилди.

Кёнсанбук-до провинцияси Халқ таълими бошқармаси Ўзбекистон билан турли йўналишларда фаол ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, ҳозирги пайтда “Дунёни англаш бўйича тематик таълим лойиҳаси” биргаликда амалга оширилмоқда, ўтган йил ноябрь ойида эса Тошкентдаги Корея таълим маркази билан ўзаро Англашув меморандуми имзоланди.

Сафар доирасида делегация аъзолари Андон шаҳридаги Математикани ўрганиш ва тарғиб қилиш маркази, Кёнжу шаҳридаги Ихтироларни ўрганиш маркази, Кёнжу шаҳридаги Корея тил ўқитиш маркази, Сондок шаҳридаги қизлар ўрта мактаби, шунингдек, Кёнсанбук-до провинциясидаги Халқ таълими бошқармасига қарашли турли ўқув марказлари ва мактаблар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер