Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари бўлиб ўтган музокараларнинг самарали натижаларини қайд этдилар
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи тарихий воқеа бўлгани ҳамда Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида муҳим босқични бошлаб берганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ташриф доирасида Олий Давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, унда икки томонлама кун тартибининг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
Иқтисодий ҳамкорлик масалаларига устувор аҳамият қаратилди. Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири экани таъкидланди.
Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 15 фоизга ўсиб, қарийб 4 миллиард долларга етди. Унинг ҳажмини 2030 йилга бориб, 10 миллиард долларга етказиш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда. “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказининг очилиши ташрифнинг муҳим воқеаси бўлди.
Ушбу илғор лойиҳа мамлакатларимиз ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва замонавий қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга қаратилган.
Шунингдек, устувор соҳаларда умумий қиймати 1,3 миллиард долларлик янги лойиҳаларга старт берилди.
Бундан ташқари, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари батафсил муҳокама қилинди. Замонавий транспорт йўлакларини биргаликда ривожлантириш, чегараолди инфратузилмаси самарадорлигини ошириш, юк ташишларни, жумладан, Ақтау ва Қуриқ портлари орқали рағбатлантиришга келишиб олинди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, анъанавий ва муқобил энергетика бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш стратегик йўналиш сифатида белгиланди.
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида, энг аввало, Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Бу йил Олмаота ва Остонада “Лазги” балети намойиши, рассомлар кўргазмаси, адиблар форуми ва ёшлар фестивали катта муваффақият билан ўтди. Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунлари аҳолида катта қизиқиш уйғотиб, илиқ таассурот қолдирди.
Фан ва таълим муассасалари, ижодий ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни фаоллаштириш, туризм соҳасидаги қўшма дастурларни кенгайтиришга келишиб олинди.
Томонлар минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишларини яна бир бор таъкидладилар. Шу маънода, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Эртага Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий интеграция ва бутун Марказий Осиёда бирдамликни мустаҳкамлаш жараёнларига янги суръат бағишлаши алоҳида таъкидланди.
Кўп томонлама, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, “Марказий Осиё плюс” форматларида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
– Ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевичнинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари юксак даражада эканини яна бир бор яққол тасдиқлади, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Якунда Президент Шавкат Мирзиёев эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар икки томонлама шерикликни аниқ мазмун билан бойитиши, қўшма лойиҳалар учун янги уфқлар очиши, биродар давлатларнинг барқарор тараққиёти учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг