Ўзбекистон ва Қозоғистон: маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг янги босқичи

21:01 07 Декабрь 2021 Сиёсат
777 0

Жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Нур-Cултон шаҳрида бўлди.

Ташриф давомида икки давлат ўртасида гуманитар алмашинувларни кенгайтириш, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро музокаралар жараёнида давлатимиз раҳбари томонидан қуйидаги ташаббуслар илгари сурилди:

Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва Ўзбекистонда Қозоғистон йили тадбирларини мунтазам равишда ўтказиб бориш;

– 2022 йилда Ўзбекистонда биринчи Ёшлар конгресси ҳамда Ижодий ва илмий зиёлилар форумини ташкил этиш;

олий таълим соҳасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Қозоғистон ушбу йўналишларда улкан салоҳиятга эга бўлиб, бундай ҳамкорликдан бирдек манфаатдордир. Зеро, маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг асосини икки халқни ўзаро яқинлаштириш, тажриба алмашиш, уйғун анъана ва урф-одатларни асраш ва кейинги авлодга етказиш ташкил этади.

Ўзбек ва қозоқ миллати қардош халқ экани ҳеч кимга сир эмас. Халқларнинг анъаналари, урф-одатлари, турмуш тарзи ўхшаш. Икки халқ ҳам дўстликни қадрлайди. Жумладан, қозоқларда шундай мақол бор: «Досың көп болса, жолың да ашылады» (Дўстинг кўп бўлса, йўлинг ҳам равон бўлади). Ўзбеклар ҳам дўстликни юксак даражада қадрлайди: «Дўстинг – бойлигинг, дўстинг - давлатингдир». Бундай мақоллар кўплаб топилади.

Икки халқнинг тарихий дўстлиги, умумий анъана ва урф-одатларга эга экани, бугуни ва эртаси ўзаро боғлиқлиги хусусида Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи олдидан ушбу мамлакатнинг марказий нашри «Егемен Қазақстан» ва «Казахстанская правда» газетасига берган интервьюсида алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, давлатимиз раҳбари: «Ўзбекистон ва Қозоғистон фақатгина умумий тарих, маданият, анъана ва узоқ асрлик дўстликни ўз ичига олган қўшни давлатлар эмас, балки жуда ҳам яқин, қардош мамлакатлардир. Бизнинг халқларимиз маънавий ва қон-қариндошлик ришталари билан узвий жипслашиб кетган, уларни умумий мақсадлар, орзу-умидлар ва интилишлар бирлаштириб туради» деб қайд этди.

Маълумки, Марказий Осиё минтақаси тарихан фан, маданият, маънавият ва маърифатнинг ўчоғи бўлган. Яқин тарихда ҳам бу омил ўзининг аҳамияти йўқотмаган. Бу борада қайсидир олиму мутахассисни айнан бирон-бир давлатга тегишли деб айтиш мушкул. Зеро, фан, маданият, маънавият ва маърифат ютуқларидан бутун башарият фойдаланади. Яқин ўтмишдаги қозоғистонлик олимлар тўғрисида сўз кетганда, замонавий қозоқ адабиётининг асосчиси Абай Қўнонбоев, академик фанлар асосчиси Каныш Сатпаев, ёзувчилар Мухтор Авезов ва Собир Муқонов, йирик давлат арбоби, академик Динмухаммад Кунаевларни алоҳида таъкидлаш мумкин.

Адабиёт соҳасида ўзбек ва қозоқ халқини кўп йиллар давомида ўзаро ҳамкорлигини ёрқин ифодаловчи шахс сифатида ёзувчи Носир Фозиловни кўрсатиш мумкин. У Ўзбекистонда яшаб ижод қилган. Н.Фозилов Абай Қўнонбоев, Мухтор Авезов, Собир Муқонов, Ғабит Мусрепов, Ғабиден Мустафин, Абдулла Тожибоев, Абдижалил Нурпеисов каби кўплаб қозоқ адиблари асарларини ўзбекчага таржима қилиб, нашр эттирган. 1986 йилда қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун Н.Фозиловга Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Байимбет Майлин номидаги давлат мукофоти берилган. 1990 йилда атоқли ёзувчи «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвонига сазовор бўлди. 1999 йилда эса «Эл-юрт хурмати» ордени билан мукофотланди. Шунингдек, Н.Фозилов 1994 йили ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари борасидаги катта хизматлари учун Қозоғистон президенти таъсис этган «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофотга сазовор бўлган.

Ўзбек ва қозоқ халқи бирдамлиги учун хизмат қилган бундай шахслар тўғрисида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Икки қардош халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга давлат раҳбарлари катта эътибор қаратишмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 мартдаги қарорига мувофиқ қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини ўрганиш ташкил этилди. Қозоғистонда эса Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги кенг нишонланди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон раҳбарияти қардош халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни муносиб тақдирлаб келмоқда. Хусусан, 1991-2019 йиллар мобайнида қозоқ миллатига мансуб 630 нафар Ўзбекистон фуқаролари турли давлат мукофотлари билан тақдирланган. Бу рақам сўнгги йилларда янада ортмоқда, масалан, 2016 йилда 33 нафар қардош миллатга мансуб бўлган Ўзбекистон фуқаролари юксак давлат мукофотларига лойиқ кўрилган. Бундан ташқари, 1991 йилдан буён 23 Қозоғистон фуқаролари Ўзбекистоннинг тегишли давлат мукофотлари билан тақдирланишган.

Маълумки, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг маданий-гуманитар алоқалар 1994 йил 10 январда имзоланган маданият, соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим, туризм ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси ҳукумати ўртасидаги битим асосида амалга ошириб келинади.

Бугунги кунда иккала давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни қуйидаги йўналишларда мустаҳкамланиб бораётганини кўриш мумкин.

Биринчидан, таълим соҳасида. Ўзбекистон ва Қозоғистон таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви, ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш, тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳозирда мамлакатимиз олий таълим муассасалари ва Қозоғистоннинг 50 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик келишувлари амал қилмоқда. Давлатларнинг Фанлар академиялари ўртасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилган, жумладан, биргаликда турли йўналишларда илмий тадқиқотлар ўтказиш, келгусида университетлар консорциумини ташкил қилиш бўйича келишувлар бунга мисол бўла олади.

Айни вақтда, мамлакатимиздаги 400 та мактабда машғулотлар қозоқ тилида олиб борилади. 162 та мактабда эса таълим фақат қозоқ тилида берилади. Олий таълим муассасалари тизимида Тошкент давлат педагогика университетида, Гулистон давлат университетида, шунингдек, Нукус, Жиззах ва Навоий давлат университетларида қозоқ тили ва адабиёти факультетлари ташкил қилинган.

Илм-фан, таълим соҳасида шу кунгача амалга оширилган ишлар натижасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, келгуси йилда ижодий ва илмий зиёлилар форумини ташкил этиш ташаббуси мазкур йўналишдаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Иккинчидан, санъат ва маданият соҳасида. Қозоғистоннинг санъат ва маданият вакиллари мамлакатимизда анъанавий тарзда бўлиб ўтадиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиб келишади.

Бундан ташқари, 2018 йил “Қозоғистонда Ўзбекистон йили“ деб эълон қилиниши доирасида ўзбекистонлик санъат усталари 5 маротаба концерт, ўзбекистонлик театр труппалари 4 та гастроль намойишлари, 4 та тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари, 1 маротаба фольклор экспедиция, шунингдек, «Ўзбек киноси кунлари» ва «Ўзбек маданияти кунлари» каби тадбирлар ташкил қилинди.

2019 йил 15 апрель куни эса «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросими бўлди. Ушбу тантанали маросимни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев очиб, қардош қозоғистонликларни юртимизга ташрифи билан қутлади. Шу муносабат билан, мамлакатимизда қозоғистонлик санъат ва маданият намоёндалари томонидан 80 дан зиёд турли тадбирлар ташкил қилинди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон расмий делегациялари иштирокидаги учрашувида Нур-султонда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилишини айтиб ўтди. Унинг фикрича, бу ҳайкал икки халқнинг маънавий яқинлиги ва кўп асрлик дўстлиги рамзи сифатида бунёд этилади.

Учинчидан, миллатлараро муносабатлар соҳасида. Мамлакатимизда яшовчи қозоқ миллатига мансуб аҳоли сони 803,4 мингтани ташкил қилади. Бу қозоқ этносининг Қозоғистон ташқарисида, МДҲ мамлакатларида яшайдиган энг йирик қисми ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда 1992 йилдан буён Қозоқ миллий маданий маркази фаолият юритиб келади. Бугунги кунга келиб ушбу марказ таркибида Қорақалпоғистон Қозоқ миллий маданий маркази, Бухоро, Жиззах, Навоий, Хоразм, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги унинг бўлинмалари, шунингдек, Тошкент шаҳар бўлинмаси иш юритади. Марказ фаолияти қозоқ миллатига мансуб фуқароларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш, қозоқ тилини ўрганишга кўмаклашиш, қозоқ халқининг анъаналари ва урф-одатларини асраш, ёшларнинг қозоқ тилида таълим олишларини таъминлаш мақсадида олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш каби турли йўналишларда олиб борилади. Марказ фаолларининг ташаббуси билан Навоий вилоятининг Конимех туманида тарихий этнографик музей, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида «Шахшам» этнография музейи очилган. Маданий-маърифий тадбирлар доирасида ҳар йили «Айтис» оқинлар мусобақаси, «Альтибақан», «Тусаукесер»ва бошқа миллий байрамлар ўтказилади. Шу билан бирга, мамлакатимизда «Нурли жол» газетаси чоп этилмоқда.

Тўртинчидан, соғлиқни сақлаш соҳасида. Мазкур соҳадаги алоқалар ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, 2019 йилда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда Қозоғистон йили» тадбирлари доирасида мамлакатимизда «Қозоғистон тиббиёти кунлари» (21-29 ноябрь) ташкил қилинди. Жорий йилнинг март ойида икки давлатнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўзаро англашув ҳужжати имзоланди. Мазкур ҳамкорлик доирасида қозоғистонлик ҳамкорлар билан биргаликда «Серебра» автоматлаштирилган тизими асосида ишемик ва геморрагик инсульт диагностикаси соҳасида тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган. Тиббиёт соҳасида иккала давлат ҳамкорлигига катта ҳисса қўшгани учун 2019 йилда Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Е.Биртанов «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. Соҳа мутахассислари ўртасидаги ҳамкорлик айниқса, пандемия даврида янада мустаҳкамланмоқда.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро алоқалар бугун халқаро майдонда ҳам ишончли, муҳим ва узоқ муддатли ҳамкорлик намунаси сифатида эътироф этилмоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги даражаси шубҳасиз, ўзаро алоқаларнинг бошқа йўналишларига ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказади. Бундай ҳамкорлик асосини энг аввало, халқлар бирдамлиги, фуқароларнинг бир-бирига ишончи ва дўстона муносабати ҳамда қон-қариндошчилик ришталарининг мустаҳкамланиши ташкил этади.

Зеро, қозоқ мақолида айтилганидек, «Достық жоқ жерде табыс жоқ» – яъни, «Дўстлик бўлмаган жойда, муваффақият ҳам бўлмайди».

Аброр ЮСУПОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бўлим бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер