Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш чоралари муҳокама қилинди

21:50 26 Февраль 2023 Сиёсат
663 0

25 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги директори Умбриел Темиралиев билан учрашди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Қирғиз Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги икки томонлама кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга кучли туртки берган мазкур ташриф тарихий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидладилар.

Шу нуқтаи назардан, ташриф чоғида имзоланган муҳим ҳужжатларнинг ўз вақтидалиги ва кенг кўламга эга эканлиги қайд этилди. Кимё ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, фармацевтика, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, электротехника, шунингдек, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, логистика ва туризм соҳаларида эришилган келишувлар жорий этилишининг ҳозирги ҳолати ва уларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшма режалар кўриб чиқилди.

Хусусан, икки давлат ҳудудларида интенсив боғлар ва юқори технологияли иссиқхоналар ташкил этиш бўйича келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Қўшма лойиҳаларнинг аниқ манзиллари ва ташаббускорлари белгиланган. Лойиҳалар юзасидан ишларни жадаллаштириш учун тадбиркорлик вакилларига ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик билдирилди.

Шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Қамбарота ГЭС-1 қурилиши доирасида зарур бўлган ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш ва ўзаро боғланган қўшилган қиймат занжирларини яратиш мақсадида инвестиция ташаббусларини биргаликда молиялаштиришнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида муҳокама қилинган барча йўналишлар бўйича яқин ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга тайёрлик билдирилди ва муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш доирасида келгусида ҳамкорлик қилиш формати келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?