Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар
Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 декабрь куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қирғизистон етакчисини таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, қардош Қирғизистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Олий даражадаги келишувларга мувофиқ Ўзбекистон-Қирғизистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Яқинда муҳим икки томонлама ҳужжатлар – Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома ва Андижон сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисида битим имзолангани ва ратификация қилингани амалий ҳамкорликнинг чуқурлашиши, давлатларимиз ва бутун минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, ўзаро савдо кўрсаткичлари ошиб бормоқда – йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга етди. Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фонди ўз фаолиятини бошлади, саноат, энергетика, электротехника, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа тармоқларда бир қатор кооперация лойиҳалари биргаликда амалга оширилмоқда.
«Ўзбекистон – Қирғизистон - Хитой» темир йўли ва Қамбарота гидроэлектр станциясини қуриш бўйича йирик минтақавий лойиҳаларга фаол тайёргарлик кўрилмоқда.
Давлат раҳбарлари бўлажак мулоқотларнинг кун тартибини сифат жиҳатидан бойитиш мақсадида савдо шартномалари ва инвестиция дастурлари портфелини кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар.
Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг