Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланадиган бўлди

Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев раислигида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Ҳукуматлари делегацияларининг навбатдаги қўшма йиғилиши бўлиб ўтган.
Музокаралар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегараси лойиҳа чизиғининг чегаранинг охирги тартибга солинмаган участкасидан ўтиши тўғрисидаги Баённома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасидаги «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги Битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди.
Томонлар «Чашма» булоғи Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси халқларининг умумий бойлиги эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши, ўзбек томони булоқда шаклланадиган сув ҳажмининг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилди.
Шунингдек, томонлар дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида икки мамлакат фуқароларининг «Чашма» булоғидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олди.
Томонлар қисқа муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида битим ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Давлат чегараси участкаси тўғрисида шартномани мувофиқлаштириш ва имзолашга келишиб олди.
Музокаралар давомида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси орқали айрим ўтказиш пунктларнинг ҳолати ва иш тартиби бўйича умумий позициялар ҳам келишиб олинди. Ўзбек-қирғиз Давлат чегараси орқали фуқароларнинг қатнови ва юк ташишларини сезиларли даражада енгиллаштиришга ёрдам бераётган ўтказиш пунктлари бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш юзасидан ўтказилаётган икки томонлама музокараларга юқори баҳо берилди.
Икки мамлакат фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2004 йилдаги Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомани имкон қадар тезроқ имзолаш муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар тез орада икки мамлакат ваколатли органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг учрашувини ўтказишга келишиб олди.
Қабул қилинган қарорлар икки қардош давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасини дўстлик, яхши қўшничилик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик чегарасига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига тўла мос келади.
Музокаралар якуни бўйича тегишли Баённома имзоланди.
Учрашув ҳар доимгидек конструктив ва дўстона руҳда ўтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг