Ўзбекистон ва Озарбайжон инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг янги босқичига ўтмоқда

19:59 24 Февраль 2023 Сиёсат
750 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилнинг 24 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов билан учрашди. Учрашувда икки давлатнинг тегишли вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабатлари туфайли Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик юксак даражада бўлиб, ижобий ва барқарор ривожланиш динамикаси билан ажралиб тургани таъкидланди.

Мулоқот чоғида 2022 йилда 53 фоизга ўсган ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Кўзланган мақсад – кўрсаткичларни 1 миллиард долларга етказиш. Бунга, жумладан, нефть-кимё маҳсулотлари, руда ва концентратлар, алюминий, озиқ-овқат маҳсулотлари, механик ва электротехника ускуналари, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига эришиш режалаштирилган.

Озарбайжоннинг «Браво», «Базарстор», «Араз», «Болмарт» каби йирик савдо тармоқлари билан мева-сабзавот, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотларини етказиб бериш бўйича узоқ муддатли савдо шартномаларини тузиш, шунингдек, икки давлатнинг йирик шаҳарларида мунтазам савдо ва ишбилармонлик миссиялари, миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказишга келишилди.

Аниқ лойиҳавий ташаббуслар мисолида икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди. Гап янги лойиҳаларни ишлаб чиқишга тизимли ёндашиш, яъни, рақобатдош устунликларни ҳисобга олиш ва уларни биргаликда молиялаштиришга мўлжалланган Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция жамғармаси фаолиятини ташкил этиш ҳақида бормоқда. Автомобилсозлик, пахтачилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ипакчилик ва бошқа соҳалар ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида таърифланди.

Худди шу тартибда транспорт ва логистика соҳасида ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ўрганилди. Темир йўл орқали юк ташиш ва транзитни кўпайтиришга қаратилган рағбатлантирувчи чораларни кўришга келишиб олинди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари биринчи форуми ва унинг доирасида Ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилишини олқишладилар. Очиқ ва конструктив руҳда имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар ижросининг амалий жиҳатлари таҳлил қилинди.

Учрашув якунлари бўйича Озарбайжон билан стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёрлик билдирилди ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган «Йўл харитаси»ни тасдиқлашга келишилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?