Ўзбекистон ва Канада ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди

16:37 02 Февраль 2024 Сиёсат
546 0

Шу йилнинг 2 февраль куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Канаданинг янги тайинланган элчиси Алан Хемсон билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида Сенат Раиси элчини юксак ва масъулиятли вазифага тайинлангани муносабати билан самимий қутлаб, унинг келгуси ишларига муваффақиятлар тилади.

Учрашувда Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, парламентлараро мулоқот даражасини ошириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги муносабатларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши, тоғ-кон, энергетика, нефть-газ саноатида истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, илмий-техникавий, жумладан, таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, туризм, экология ва атроф муҳит муҳофазаси йўналишларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзаро муносабатларнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Бунда икки мамлакатнинг шаҳарлари ўртасида биродарлашган алоқаларни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Парламентлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, икки мамлакат қонун чиқарувчи органларининг тегишли қўмиталари ўртасида ўзаро ташрифларни ташкил этиш орқали яқин ҳамкорлик ўрнатиш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув якунида дипломат мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг бундан кейин ҳам янада ривожланиши учун бор имконият ва салоҳиятини ишга солишини билдириб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?