Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги 14-тўқнашув. Ким ғалаба қозонади?

13:45 11 Июнь 2024 Спорт
693 0

Архив фото

Бугун Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йил ўтказиладиган жаҳон чемпионати саралаши доирасида Теҳронда Эрон терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Саралашнинг Осиё минтақаси «Е» гуруҳидан жой олган ушбу жамоалар 13 очкодан тўплаган ва муддатидан олдин кейинги босқичга йўл олган. Теҳрондаги ўйин гуруҳ ғолиби номини аниқлаб беради, холос. Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги Тошкентдаги биринчи баҳсда 2:2 ҳисобидаги дурангга натижада қайд этилганди.

Шу пайтгача ушбу жамоалар турли мусобақаларда 13 бор ўзаро беллашган ва уларнинг 10 тасида Эрон, 1 тасида Ўзбекистон ғалаба қозонган. Икки учрашувда ғолиб номи аниқланмаган.

Хўш, бу сафар Ўзбекистон Эронни мағлуб эта оладими?

Эрон мукаммал ҳужум чизиғи вакилларига эга жамоа ҳисобланади. Алиреза Жаҳанбахш, Меҳди Тареми ва Сардар Азмунни тўхтатиш осон эмас. Жамоамиз уларнинг ўртасидаги боғламларни узишга эриша олса ва ҳаводаги курашларда имконият қолдирмаса, бу ҳужумчиларни зарарсизлантириш мумкин.

Мухлисларнинг эффекти ҳам форсларга устунлик бериши мумкин. Жамоа ўз майдонида 90 дақиқа курашишга мажбур. Шунга қарамай, бу салбий таъсир ҳам қилиши мумкин. Ортиқча босим ёш эронлик футболчиларнинг хато қилишига олиб келиши эҳтимоли ҳам бор.

Ўзбекистон фойдасига ишлаши мумкин бўлган жиҳатлар мавжуд. Хусусан, терма жамоамизнинг энг кучли ярим ҳимоя чизиғи. Ҳужумкор Аббосбек Файзуллаев, тажрибали Отабек Шукуров, марказда устунликни таъминловчи Одилбек Ҳамробековнинг борлиги марказни бизнинг назоратимизга ўтказиши мумкин ва терма жамоамизнинг тезкор ҳужумларига замин яратиб бериши мумкин.

Ушбу учрашув олдидан Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ҳам бор эътибор шу ўйинга қаратилганини таъкидлади.

«Эронни яхши биламиз, улар билан кўп бор тўқнаш келганмиз. Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири ҳисобланган Эронга қарши баҳс осон ўтмаслиги аниқ. Футболчиларим ўз даражаларини кўрсатишларига ишонаман. Умид қиламанки, ҳар икки жамоа тоза футбол кўрсатади ва карточкаларсиз ўйин гувоҳи бўламиз. Биз ҳам ўз даражамизга эгамиз, исталган жамоа учун қийин рақибмиз. Бор эътиборимиз ушбу баҳсга қаратилган.

Эронга қарши ғалабасиз серия бу шунчаки статистика холос. Эртанги баҳсда эронлик қайси футболчилар катта саҳнага чиқади буни билмайман. Асосий эътиборим ўз ўйинимизга қаратилган. Жамоамдаги ҳар бир футболчи Тареми ва Азмун сингари футболчиларга қарши нима қилаётганини аниқ билиб туришларини истайман. Албатта, эҳтиёткорликни ҳам ёддан чиқармаслигимиз зарур. Босимни енгиб ўта олган жамоа ғолиб бўлади» — дейди Катанец.

Эрон — Ўзбекистон ўйини Тошкент вақти билан 22:00да бошланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?