Ўзбекистон уруғлари — Бутунжаҳон уруғ омборида

15:56 29 Январь 2026 Жамият
470 0

Генбанк бу шунчаки идора ё корхона эмас, илмий тадқиқотлар ўчоғи, ўсимликлар уруғларини келгуси авлодлар учун узоқ муддат сақлаш, кўпайтириш имконини яратиб берадиган ўхшаши йўқ маскандир. Масалан, АҚШдаги генбанк жуда бой, аммо ундаги уруғларнинг қадр-қиммати, ўзига хос жиҳатига кўра Россияникидан анча паст. Ўтган асрнинг охирларида дунёнинг таниқли биомуҳандис олимлари русларнинг генбанкини 3 триллион долларга баҳолашган. Албатта бу нисбий нарх, аммо шунинг ўзиёқ генбанк нечоғлик ноёб тузилма эканлигидан дарак беради.

Янги аср бошида Норвегия ҳукумати генбанк ташкил этишга жиддий киришди ва 2008 йил Спицберген оролида дунё генбанки ишга тушди. Айни пайтда мазкур омборда 1 млн. 356 минг 591 намуна сақланмоқда ва бу миқдор ой сайин кўпайиб бораяпти. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб олиб бораётган прагматик сиёсатига мос равишда ўзбекистонлик олимларнинг мана шу халқаро идора билан ҳамкорлиги янада кенгаймоқда. Бу ҳақда Ўсимликлар генетик ресурслари институти директори Зафар Зияев қуйидагиларни сўзлаб берди.

—Ҳамкорлигимиз 2013 йилда бошланган эди ва айни Свалбард уруғ сақлаш омборида серқуёш юртимиз тупроғида етиштирилган ва маҳаллий шароитга мансуб 3530 та турли маданий ўсимликлар уруғ намуналари сақланмоқда. Ўтган йил тағин 30та тарвуз-қовун,арпа ва бошқа дуккакли экинлар уруғларини Свалбардга топширдик. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур дунё банкида уруғларни сақлаш бепул ва агар қайтариб олиш зарурати туғилса, фақат ва фақат ўша топширган илмий ташкилотнинг ўзи бунга ҳақли. Келгусида яна кўплаб уруғларни Норвегияга юборишни кўзлаяпмиз. Чунки сақлаш хоналари тоғ бағрида — 120 метр чуқурликдан жой олган мазкур омбор 4,5 млн уруғ намунасини сиғдира олади (ҳар бир намуна 1 пакет — 500 дона уруғ). Умуман олганда келгусида чет эл тажрибасини қўллаган ҳолда институтимизда ҳам уруғларни –18 °С доимий ҳароратда, узоқ муддат сақловчи замонавий Миллий генбанк қуриш ишлари режалаштирилган. Институтимиз қошидаги генбанкдаги намуналар захираси ҳам кўпаймоқда, илмий тадқиқотларини янада такомиллаштиришини кўзлаётган ёшларнинг мурожаатлари ҳам сезиларли даражада ошган. Чунки тажриба даламизда биргина узумнинг 1812 та нави парваришланяпти. Бу ҳам янги тадқиқот, ҳам генбанк учун намуна олиш демакдир. Шу жараёнда ўнлаб иқтидорли ёш олимлару шогирдларимиз фаоллик кўрсатмоқда. Шунингдек институтимиз олимлари Европа Иттифоқи, Хитой, Иордания, Туркия, Беларус, Жанубий Корея, Австралия сингари ўнлаб давлатлардаги илмий-тадқиқот марказлари билан узвий алоқада. БМТнинг Озиқ -овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, ICARDA CIMMYT CRDC, IPGRI / Bioversity International, AVRDC каби нуфузли идоралар, илмий даргоҳларнинг ҳам институтимиздаги ўзгаришларга эътибори ортиб боряпти. Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳа йўқки, давлатимиз раҳбарининг Европа ва Америкадаги юксак даражадаги учрашувлари, янгидан янги ташаббуслари, илм-фанга, ёшларга бўлган эътибори ва Ўзбекистоннинг дунё сиёсатидаги ўрни ҳар томонлама ошиб бораётганининг мевасидир.

Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер