Ўзбекистон U-20 қизлари 45 минг аҳолига эга мамлакат термасига қарши ўйнади

13:43 09 Август 2025 Спорт
291 0

Келгуси йил Таиланд мезбонлигида 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионати мусобақаси бўлиб ўтади. Кеча, 8 август куни қитъа бўйлаб турнирнинг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Мусобақанинг «G» гуруҳи ўйинларига Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда. Кеча Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Дўстлик» стадионида саралаш баҳслари давом эттирилди.

Куннинг биринчи баҳсида Иордания ёшлар терма жамоаси Баҳрайн вакилларини 6:0 ҳисоби билан мағлуб этди.

Турнинг иккинчи учрашувида эса Владимир Панов бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 қизлар терма жамоаси Шимолий Мариан ороллари термаси билан куч синашди.

Маълумот учун, ушбу мамлакат 45 минг аҳолига эга. Солиштириш учун Тошкент шаҳридаги энг кичик туман — Яккасарой туманида ҳам 130 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Бу мамлакат ФИФАга аъзо эмас. Шунинг учун, фақат ОФК байроғи остида ўтадиган мусобақаларда иштирок этади.

Ўйинга тўхталсак, баҳс вакилларимизнинг 8:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Таъкидлаш керакки, ўйин ўсмирларимизнинг тўлиқ устунлиги остида ўтди. Умумий зарбалар бўйича 41:0, аниқ зарбалар сони бўйича 21:0 ҳолати қайд этилди. Тўп назорати бўйича Ўзбекистон U-20 терма жамоаси қизлари 94 фоизлик устунликка эришди.

Голларга Нилуфар Нурмуҳаммадова (2 та), Меҳрибон Эгамбердиева (2 та), Дилнура Мамақулова, Диёра Бахтиёрова, Асалхон Аминжонова ва Шаҳноза Деканбоева муаллифлик қилди.

Ушбу ўйиндан сўнг Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг қатор футболчилари «Халқ сўзи» учун махсус интервью берди:

Хусусан, ўйинда дублга эришган Меҳрибон Эгамбердиева ушбу ғалабани қуйидагича изоҳлади:

«Биз жуда муҳим 3 та ўйиндан 2 тасини ўтказдик. Ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Насиб этса учинчи рақибни ҳам мағлуб этиб Осиё чемпионатига чиқамиз. Бугун 2 та гол урдим. Жамоага ёрдам бера олганимдан хурсандман. Доимо, жамоам учун, Ватаним учун боримни беришга ҳаракат қиламан».

Асалхон Аминжонова (учрашувдаги 3-гол муаллифи):

«Ўзбекистон халқини ғалаба билан табриклайман. Яхши ўйин кўрсатдик деб ўйлайман. Насиб этса, кейинги ўйинда ҳам ютиб Осиё чемпионатига йўл оламиз. Гол урган ҳолатимда тўп менга жуда қулай ҳолатда келди ва бундан унумли фойдаландим. Бундан хурсандман. Иордания терма жамоасининг иккала ўйинини ҳам ўрганиб чиқдик. Насиб этса, халқимизнинг дуолари билан ушбу жамоани ҳам мағлуб этамиз».

Терма жамоа етакчиларидан бири — Шаҳноза Деканбоева:

«Мураббиймиз берган барча кўрсатмаларни майдонда бажара олганимиз сабаб ўйин анча яхши бўлди. Голлар борасида ҳам Иорданиядан ўтиб олдик. Бундан хурсандман. Шимолий Мариан ороллари ва Баҳрайн жамоаларига қарши ўйнадик. Улардан Баҳрайн нисбатан кучлироқ экани кўрилди. Иордания термасини ўрганиб чиқмоқдамиз. Улар 4 та ҳимоячи билан тартибли ўйнашмоқда. Калит паслар жуда яхши. Индивидуал жиҳатдан ҳам кучли футболчилари бор. Насиб этса ушбу жамоани ҳам мағлуб этамиз».

Маълумот учун, Ўзбекистон У-20 қизлар терма жамоаси саралашдаги кейинги ўйинини 10 август куни Иордания термасига қарши ўтказади. Ушбу ўйинда қўлга киритилажак ғалаба ёки дуранг терма жамоани Осиё чемпионатининг финал босқичига олиб чиқади.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?