Ўзбекистон — Туркия: Муштарак тамаддун уммонида азалий қардошлик ва абадий ҳамкорлик
Мeвлут ЧАВУШЎҒЛУ, Туркия Рeспубликаси ташқи ишлар вазири:
Ўзбекистонга, отаюртимизга ҳар келишимда илм-фан, маданият, санъат ва давлат бошқаруви соҳасида ўзларининг буюк яратувчилик асарлари билан инсоният меросига мислсиз ҳисса қўшган аждодларимиз етишган бу барокатли заминга оёқ босиб турганимдан ҳаяжонланаман. Азиз дўстим, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг таклифи билан амалга оширилган қардош Ўзбекистонда тўрт вилоят ва бешта шаҳарни қамраган бу расмий ташрифим чоғида мана шундай чуқур туйғулар мени чулғаб олди. Туркий дунё ташқи ишлар вазирларининг “оқсоқоли” деб билганимиз жаноб Комилов билан орамиздаги самимий дўстликни минглаб километрлик масофага қарамай муштарак тарих, тил, дин, маданият доирасида бир-бирларига асрлардан бери кўнгил кўприклари билан боғланган 120 миллион кишилик Туркия ва Ўзбекистон халқларининг биродарлиги тимсоли сифатида кўраман.
Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар орамиздаги мустаҳкам ришталар туфайли ХХI асрда ҳам муносиб даражага юксалиш учун шитоб билан жадаллашиш палласига кирди. Алоқаларимиз Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда мамлакатимизга амалга оширган ташрифлари билан “стратегик шериклик” даражасига кўтарилган бўлса, Президентимиз жаноб Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йилда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи билан тамоман янги босқичга чиқиб, мамлакатларимиз ўртасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши механизми таъсис этилди. Президент Мирзиёевнинг 2020 йил февралида Туркияга ташрифи чоғида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши икки давлат Президентларининг раислигида ўтказилди. Бугунги кунда биз “қардошлик ҳуқуқига асосланган стратегик шериклик” деб баҳолаган алоқаларимиз ўзаро ишонч муҳитида ҳар соҳада тобора чуқур илдиз отиб бормоқда.
Сиёсий соҳада тезкор қўйилган қадамлар савдо ва сармоялар соҳасига ҳам қисқа вақт ичида ўз таъсирини кўрсатди. Савдо ҳажмини энг тезкор равишда Президентларимиз белгилаб берган 5 миллиард долларлик маррага олиб чиқишни хоҳлаймиз. 2019 йилда тарихда илк марта ўзаро савдо ҳажми ҳам импортда, ҳам экспортда 1,2 миллиард доллардан ошиб, 2,5 миллиард АҚШ долларидан ошиб рекорд натижани қайд этди. Бутун дунёни ўз забтига олган коронавирус пандемиясининг салбий оқибатлари туфайли оғир кечган 2020 йилни давлатларимиз 2,1 миллиард АҚШ долларлик умумий савдо кўрсаткичи билан якунлади. Пандемия шароитида савдо ҳажмида жиддий тушиш кўрилмагани иқтисодий ришталаримизнинг қанчалик мустаҳкам эканлигидан далолат беради. Импорт ва экспорт ҳажми бир-бирига жуда яқин ва мутаносиб тарзда амалга оширилаётгани савдо алоқаларимизнинг ўзаро тўлдирувчи ва қўллаб-қувватловчи моҳиятда эканлигини кўрсатади. Айни пайтда имзолаш олдидан олиб борилаётган музокаралар охирлаб қолган имтиёзли савдо тўғрисидаги шартномани иложи борича энг кўп турдаги маҳсулотларни қамраб оладиган тарзда тасдиқлаш ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларлик маррага етказиш йўлида ҳаётий аҳамият касб этмоқда. Бу шартнома имзолангандан кейинги асосий вазифамиз эса мамлакатларимиз ўртасида Эркин савдо шартномасини тузиш бўлиши керак деб ўйлайман.
Дунё шиддат билан ўзгариб бораётган ХХI асрда глобал мувозанатга уйғун тарзда тўғри ва тезкор қарорлар қабул қила оладиган ва ўзгаришлар динамикасига мослаша оладиган мамлакатлар юзага келадиган қийинчиликлардан муваффақиятли чиқиб кета олиши кузатилди. Бу борада Туркия ва Ўзбекистонни ХХI асрнинг энг омадли давлатлари қаторида кўриш лозим. Президент Эрдоған ва Президент Мирзиёевдек замонасининг узоқни кўрувчи йўлбошчилари бошқараётган мамлакатларимиз ХХI асрнинг глобал таҳдид ва синовлари қаршисида инсон омили устувор бўлган ислоҳотчи ёндашувлари билан ҳар бир соҳада ўзига хос ечимларни ишлаб чиқишга қодир. Қардош Ўзбекистон бундай салоҳияти туфайли ўз минтақасида ва ундан ташқарида бир жозиба маркази сифатида ажралиб турибди. Давр тақозоси билан бу каби тубдан ўзгаришларни яқин ўтмишда муваффақият билан амалга оширган Туркия давлати бу жараёнда орттирган билим ва тажрибаларини қардош Ўзбекистоннинг фаровон келажаги йўлида ўртоқлашишга ҳамиша тайёр.
Ўзбекистон муваффақият билан амалга ошираётган ислоҳотлар ташқи сиёсатда ҳам акс этмоқда, тамоман янгича дипломатик ташаббуслар Ўзбекистон томонидан халқаро жамоатчилик кун тартибига киритилмоқда. Туркия “халқимизнинг ташаббускорлик руҳи” ва “виждоний қадриятлар” тушунчаларини асос қилиб олган ҳолда тамойиллар тўплами сифатида ишлаб чиққан “Ташаббускор ва инсонпарвар ташқи сиёсат” концепциясига ўхшаш тарзда Ўзбекистон ҳам ташқи сиёсатининг марказида турувчи инсонпарварлик тенденциялари билан халқаро муносабатлар соҳасида ўзига хос ёндашувларни кун тартибига қўймоқда. Президент Шавкат Мирзиёев жаноблари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган оқилона ғояларнинг катта қисми қадрли ҳамкасбим жаноб Комилов раҳбарлигида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳаётга татбиқ этилгани бизни қувонтиради. Президент жаноб Мирзиёев тарихда илк маротаба ўзбек тилида БМТ Бош Ассаблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборига тақдим этган янги таклифларни муваффақият билан амалга ошириш йўлида биз Туркия давлати сифатида стратегик шеригимиз Ўзбекистон билан биргаликда ҳаракат қилишни истаймиз.
Ўзбекистоннинг 2019 йилда Туркий кенгашга (Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши) аъзо бўлиб кириши тарихий қадам бўлди. Туркий тилли мамлакатлар ўртасида 30 йилдан бери икки томонлама юритилган ҳамкорлик алоқалари Туркий кенгаш тузилганидан кейин кўп томонлама ва институционал тус олди. Бу йил таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланаётган туркий тилнинг “қутб юлдузи”, буюк олим ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳазратларининг “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам” мисралари тарих зарварақларига битилганидан салкам олти аср кейин, мамлакатларимиз туркий тилнинг умумий заминида Туркий кенгашда жамулжам бўлиб, қўшни мамлакатларнинг ҳам фаровонлиги ва барқарорлигига ҳисса қўшадиган тинч-осуда келажак яратиш ғоясини биргаликда амалга ошириш йўлидан бормоқдалар.
Ўзбекистон дунёнинг энг қадимий савдо йўналиши бўлган Буюк Ипак йўлининг тарихий меросхўри сифатида “Осиё асри” деб аталаётган асримизда қитъанинг юраги ва тортишиш маркази бўлган Марказий Осиё минтақасида “давлатларнинг ўзаро боғлиқлиги тамойилини” қатъий равишда ҳимоя қилган ҳолда савдо алоқаларидан тортиб сармояга, глобал қадриятлар занжиридан логистикага қадар кўплаб соҳаларда янги имкониятларни яратмоқда.
Кейинги йилларда, хусусан, транспорт-коммуникация инфраструктураси бўйича улкан лойиҳаларни амалга оширган Туркия қитъалар чорраҳасида жойлашувининг афзалликлари билан “давлатларнинг ўзаро боғлиқлиги” ғояси доирасида юритиладиган транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликда ҳам Ўзбекистоннинг энг муҳим шериклари орасидан ўрин олган. Биз Ўзбекистоннинг келажакдаги жараёнларда давлатларнинг ўзаро боғлиқлиги тамойилига мос равишда амалга оширадиган минтақавий ва глобал миқёсдаги ташаббусларида Ўзбекистон билан бирга ҳамкорлик қилиш истагидамиз.
Стратегик шеригимиз бўлган қардош Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа қардош давлатлар билан алоқаларини қатъий ҳамкорлик доирасида олиб борар экан, тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик уммони сифатида кун сайин янада равнақ топаётгани ва ривожланаётгани бизни мамнун этмоқда. Туркия “Осиё асри”да бу қадимий қитъа билан алоқаларини “Қайтадан Осиё” шиори ва сифат жиҳатидан янгича ёндашув билан олиб бораётган бир пайтда қардош Ўзбекистон билан алоқаларимизни ҳар соҳада чуқурлаштириш вазифасини шунчаки танловдан кўра кўпроқ ўртамиздаги алоҳида аҳамиятга молик қардошлик ришталари ва муштарак тарихимиз зиммамизга юклаган бир масъулият деб биламиз.
Менинг отаюртимиз Ўзбекистонга амалга оширган кенг қамровли ташрифим негизида мана шундай ёндашув ётибди. Қалбимиз ҳамиша талпинган бу заминнинг жавоҳир кентларидан бўлган Самарқандда Туркия Республикаси Бош консулхонасини расмий очиб берганим эса бу ташрифимни мен учун янада мазмунли қилди.
Қардош Ўзбекистон билан келажагимизни биргаликда яратишдаги саъй-ҳаракатларимиз бутун инсоният оламига тинчлик-хотиржамлик келтиришига ишонамиз. Бу қутлуғ йўлни елкадош бўлиб босиб ўтган икки қардош мамлакат – Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамиятга молик ҳаётий зарурат эканлиги бир ҳақиқатдир. Энергетика соҳасидан қишлоқ хўжалигига, саноатдан маданиятга, ёшлар масалаларидан экология соҳасига қадар кўпгина сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва ижтимоий жабҳада умумий манфаат ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида тобора чуқурлашаётган ҳамкорлигимизнинг мана шундай жадаллик билан ривожланишда давом этишини тилаб, меҳмондўстлиги ва очиқ кўнгиллигига яна бир бор яқиндан гувоҳ бўлганим Ўзбек халқига юксак ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг