Ўзбекистон ташаббусларининг халқаро эътирофи

20:19 27 Январь 2023 Сиёсат
881 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори вазифасини бажарувчи Рита Консуэло Фатима Видал Брюсни қабул қилди.

Мулоқот чоғида А. Саидов Консуэло Видал Брюсни шарафли ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан қутлар экан, меҳмонга Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти, қўмиталар, комиссиялар ва депутатларнинг асосий вазифалари, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида, меҳмон учрашув учун ўз миннатдорлигини билдирган ҳолда, давлат ички ҳамда ташқи сиёсати, унинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги барқарор ривожланишида парламентнинг фаолияти катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Унинг фикрича, Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги сўнгги йилларда мутлақо янги даражага кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессиясида, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида онлайн форматда ва Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида маъруза қилди. Уларда халқаро ҳамда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳаларга тааллуқли ташаббуслар илгари сурилди.

Ўзбекистон илғор ташаббусларининг халқаро эътирофи БМТ Бош Ассамблеясида қатор резолюциялар қабул қилинишида яққол намоён бўлди. Жумладан, 2022 йилнинг 14 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Консуэло Видал Брюс Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунё давлатларини парламентларни қўллаб-қувватлашга, уларни БРМга эришиш бўйича келгуси фаолият ва уларга эришилишини кузатиш жараёнларига, айниқса, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, шунингдек, миллий масъулият ва ҳисобдорликни таъминлаш ҳамда кучайтириш учун уларга кўмак беришга чақирганини маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон барқарор ривожланиш соҳасида БМТ билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, БМТнинг 2030 йилгача кун тартибида бўлган масалаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2030 йилгача даврни қамраб олган барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар, шунингдек, ушбу мақсад ва вазифаларнинг имплементацияси бўйича “Йўл харитаси” қабул қилингани ҳамда Парламент комиссияси тузилгани эътироф этилди.

Учрашувда меҳмон БМТнинг 2021 — 2025 йилларда Ўзбекистон учун барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида ҳамкорлик бўйича дастур асосида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Айни чоғда, юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?