Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Венгрия Миллий Ассамблеяси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди

13:52 03 Декабрь 2025 Сиёсат
150 0

Бугун Будапешт шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Венгрия Миллий Ассамблеяси ўртасида муҳим ҳужжат – Англашув меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат икки давлат парламентлари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва манфаатли шерикликка асосланган ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон ва Венгрияни узоқ йиллар давомида шаклланган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталари бирлаштириб туради. Иккала мамлакатнинг демократик ислоҳотларга содиқлик, қонун устуворлигини таъминлаш ва парламент ролини кучайтириш каби умумий қадриятлари мавжуд. Имзоланган меморандум ана шу муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.

Ҳужжатга мувофиқ икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик институционал жиҳатдан мустаҳкамланади. Шу билан бирга, икки томонлама муносабатларни изчил ва самарали ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилади.

Хусусан, конституциявий ислоҳотлар ва қонун ижодкорлиги жараёни бўйича тажриба алмашиш, парламент ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни такомиллаштириш, парламент қўмиталари ўртасида доимий маслаҳатлашувлар ўтказиш, дўстлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш ва парламент девонлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш йўналишларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шунингдек, парламент делегацияларининг ташрифлари тенглик ва ўзаро манфаатлар тамойиллари асосида амалга оширилиши қайд этилди. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳам назарда тутилмоқда.

Англашув меморандуми Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга ҳамда икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида амалий натижаларга эришишга хизмат қилиши таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер