​​​​​​​«Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди

16:14 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
220 0

Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, касаба уюшмаси – фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмасидир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси таркибига кирувчи 14 та тармоқ касаба уюшмаси 32,5 мингдан зиёд бошланғич ташкилотларни бирлаштирган, аъзолар сони 5.5 миллионни ташкил этиб, улардан 2,5 миллиони аёллар ҳамда 2 миллиондан ортиғи 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонун билан ушбу тузилмаларга қўшимча ҳуқуқлар берилган. Касаба уюшмалари ижтимоий-иқтисодий дастурларни тузишда қатнашиш, бандлик, меҳнат муҳофазаси масалаларида ўзларининг фикрларини давлат органларига тақдимнома шаклида киритиш каби ҳуқуқларга эга.

Янги Қонун билан 11 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари куни, деб белгиланиши халқимизнинг кўп миллионли вакилларини ўзида бирлаштирган тизим ходимларининг ҳамжиҳатлиги, бирдамлигини янада мустаҳкамлайди.

Айни дамда республикамизда Қонун билан тасдиқланган 25 та байрам белгиланган бўлиб, 9 таси дам олиш кунлари, 16 таси эса дам олмасдан нишонланадиган касб байрамларидир.

Бу каби байрамлар Австрия, АҚШ, Греция, Индонезия, Канада, Латвия, Цингапур, Франция, Хитой, Швейцария каби давлатларда, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон каби МДҲ давлатларида нишонланиб келинмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши касаба уюшмалари ташкилотларини, энг аввало, маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг янада самарали фаолият юритишни таъминлаш, ташкилот фидойи ходимларини рағбатлантиришга хизмат қилади. Бу эса меҳнаткашлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши юзасидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишга замин яратади.

Мажлисда ушбу сана меҳнаткашлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига давлат миқёсида катта эътибор берилаётганининг яна бир ифодаси бўлиши алоҳида таъкидланди.

Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?