Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ва Қуролли Кучлардан резервга бўшатиш масалалари бўйича Матбуот анжумани

18:44 16 Февраль 2023 Жамият
476 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ва Қуролли Кучлардан резервга бўшатиш масалалари» мавзусида Матбуот анжумани

Ватан посбони бўлиш ҳамма замонларда хам йигит кишининг энг муқаддас вазифаси, бурчи ҳисобланган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузи, обрў-эътибори юксак даражага кўтарилдики, эндиликда армияга бориш, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, юксак маънодаги шон-шараф ишига айланди.

Жорий йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мудофаа ишлари бошқармаларининг чақирув ва йиғин пунктларида фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда ҳарбий қисмларда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тадбирлари бошланди.

Мазкур қарор талабларига мувофиқ, жорий йилнинг март-апрель ойларида чақирув ёшидаги фуқаролар Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги Қоровул ва халқаро аэропортларни қўриқлаш қўшинлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари қўшинларига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун юбориш, муддатли ҳарбий хизмат муддатини ўтаб бўлган фуқароларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш ишлари ўтказилади.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг 15 февралидан бошлаб жойларда чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни ҳарбий қисмга жўнатиш учун командаларга тайинлаш ишлари бошланди. Бугунги кунда туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида Қуролли Кучларни бутлаш хамда ҳудудий-тиббий комиссиялар иш фаолиятларини олиб бораётган бўлса, жорий йилнинг 20 февралидан бошлаб эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғин пунктларида Раҳбарият кенгашлари ҳамда ҳарбий-тиббий комиссиялар иш фаолиятини бошлайди.

Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш борасида кўрилган чора-тадбирлар Қуролли Кучларни чақирилувчилар билан тўлдиришни сифат жиҳатидан яхшилаш имконини бермоқда. Хусусан, ҳарбий хизматга чақириш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Унга мувофиқ чақирув тадбирларини ўтказиш масъулияти ҳарбий округ қўшинлари қўмондонларига юклатилган. Ёшларни муддатли ҳарбий хизматга саралаб олиш, ҳарбий командаларга тайинлаш тадбирлари Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, ДХХ Чегара қўшинлари вакилларидан иборат Бутлаш комиссиялари хамда Раҳбарият кенгашлари, номзод чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ҳарбий госпиталь ҳарбий шифокорлари хамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокор-мутахассислардан иборат ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ўтказилади.

Бугунги кунда Қуролли Кучлар сафини жисмонан бақувват ва руҳан соғлом фуқаролар билан бутлаш мақсадида муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш тартиби иккита босқичда ўтказилади:

бирламчи тиббий кўрик туман, шаҳар мудофаа ишлари бўлимлари чақирув пунктларида ҳудудий тиббий комиссиялари томонидан;

чуқурлаштирилган тиббий кўрик Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаларидаги Йиғин пунктларида ҳарбий тиббий комиссиялар томонидан.

Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларидаги ҳудудий тиббий комиссиялари таркибига туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларидан ажратиладиган жарроҳ, дерматовенеролог, стоматолог, офтальмолог, оториноларинголог, психиатр ва невролог киради. Улар жорий йилнинг 15 февралидан 30 апрелигача фаолият юритади.

Чақирилувчидан руҳий-асаб касалликлари ва наркологлик диспансерларидан маълумотномалар талаб қилинмайди. Мудофаа ишлари бўлимлари томонидан «Давлат хизматлари маркази» томонидан чақирилувчига руҳий-асаб касалликлари наркологлик, тери-таносил диспансерлари, ОИТСга қарши курашиш ва санитария-эпидемиология осойишталиги, фтизиатрия на пульмонология марказлари рўйхатида турувчи чақирилувчилар тўғрисида маълумотлар йиғилади.

Шунингдек, жорий йилнинг 15 март кунидан бошлаб мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги ҳарбий-техника мутахассисликлар тайёрлаш марказларида 9 та мутахассислик бўйича ўқиш жараёни бошланади. Шунга мувофиқ жойлардаги мудофаа ишлари бўлимлари томонидан ҳарбий-техника мутахассислик бўйича ўқиш истагида бўлган ёшларни саралаб олиш ишлари ўтказилади.

Мазкур йўналишда олиб борилаётган тадбирлар ҳақида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ва Қуролли Кучлардан резервга бўшатиш масалалари» мавзусида Матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси матбуот котиби полковник Отабек Юлдашев, Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи подполковник Улуғбек Кадиров, Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи, тиббий хизмат полковниги Баҳодир Абдулахатов, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий тиббий комиссияси бошлиғи тиббий хизмат полковниги Нажмиддин Саидкулов, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси адлия полковниги Шерзод Хайитов спикер сифатида Республика ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг чақирув масалалари бўйича саволларига жавоб бердилар.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, чақирув тадбирларини сифатли ўтказилиши Қуролли Кучлар сафини соғлом ва бақувват, ватанпарвар ёшлар билан бутлашга, муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларининг шаффофлигини таъминлашга ташкил этилаётган Раҳбарият кенгаши ва қўшинларни бутлаш бўйича комиссия фаолиятига нисбатан ишончга, энг асосийси чақирилувчи ва уларнинг ота-оналар ижтимоий адолат мавжудлигига эришилмоқда.

 

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?