Ўзбекистон Нотариал палатаси Халқаро Нотариуслар иттифоқи аъзолигига қабул қилинди
Халқаро Нотариуслар иттифоқи Ассамблеясининг жорий йил 3 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Нотариал палатаси Халқаро Нотариуслар иттифоқи аъзолигига қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Халқаро нотариуслар иттифоқи 1948 йил ташкил этилган ноҳукумат ташкилот бўлиб, унга лотин моделидаги мамлакатларнинг нотариат тизими аъзо. Иттифоқнинг асосий вазифаси дунё бўйлаб нотариал фаолиятни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш, нотариат соҳасидаги ҳуқуқни ўрганиш ва миллий қонунчиликни халқаро даражада уйғунлаштириш ҳисобланади.
Иттифоқ аъзолигига кириш учун давлатлар нотариат тизими юқори стандартларга жавоб бериш талаб этилади.
Булар:
- тизимда нодавлат нотариуслар (хусусий нотариуслар) фаолиятининг мавжудлиги;
- нотариат соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари лотин нотариал моделига мувофиқ бўлиши;
- мулкчиликка оид миллий қонунчилик ҳужжатларининг халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларига мутаносиб бўлиши ва бошқалар.
Иттифоқ аъзолигига қабул қилиш қуйидаги босқичлар асосида амалга оширилади:
- биринчи босқичда, Иттифоқ томонидан унга аъзо бўлиш истагини билдирган нотариат тизимининг ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари ўрганиб чиқилади;
- иккинчи босқичда, аъзоликка қабул қилиш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса берилади;
- учинчи босқичда, Иттифоқ делегацияси мамлакатга ташриф буюриб нотариуслар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганади, ташриф якуни бўйича хулоса тузилиб у Иттифоққа тақдим этилади;
- тўртинчи босқичда, Иттифоқ Ассамблеяси (олий органи) томонидан нотариат тизимини аъзоликка қабул қилиш масаласи кўриб чиқилиб, якуний қарор қабул қилинади.
2019 йилдан Ўзбекистонда хусусий нотариал фаолиятга рухсат берилди, 2020 йилдан хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилди, зарур ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилмасдан тегишли идора ва ташкилотлардан электрон ҳамкорлик йўли билан олиш кенгайди, айрим ҳужжатларни мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилиниб, шахсларнининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган янги нотариал ҳаракатлар жорий этилди.
Ушбу ислоҳатлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон нотариат тизими Иттифоқ аъзолигига қабул қилишнинг биринчи ва иккинчи босқичлардан ўтганидан сўнг, Р. Бок бошчилигидаги Иттифоқ делегацияси жорий йилнинг 22–24 сентябрь кунлари мамлакатимизга ташриф буюриб, Ўзбекистон нотариатида сўнги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни юксак баҳолаган эди.
Иттифоқ ва унга аъзо давлатлар нотариал палаталари билан олиб борилган самарали музокаралар ва ҳамкорлик натижасида Иттифоқ Ассамблеяси бир овоздан Ўзбекистонни Иттифоқ аъзолигига қабул қилди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги икки йил давомида давлат нотариуслари 99,5 фоиз хусусий фаолиятга ўтганлиги, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш ҳамда нотариуслар фаолиятида қонунийликни таъминлаш жараёнлари тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилаётганлиги халқаро миқёсда миллий нотариат тизимини ислоҳ қилиш бўйича ижобий тажриба сифатида эътироф этилишига олиб келди.
— Халқаро Нотариуслар иттифоқига аъзо бўлиш миллий нотариал тизимини ривожланган давлатлар нотариат тизимлари билан бир қаторда бўлишини, нотариуслар тасдиқлаган ҳужжатлар дунё миқёсида шубҳасиз тан олинишини таъминлайди ва, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалишига, халқаро индикаторлар бўйича ўрни кўтарилишига, хорижий инвесторларнинг сармоя киритишга бўлган ишончини ошишига хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров.— Айни пайтда Литва, Украина, Белорус, Қозоғистон ва Озарбайжон Нотариал палаталари билан ҳамкорлик битимлари имзоланган бўлса, Германия, Италия, Франция ҳамда Россия Нотариал ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Халқаро Нотариуслар иттифоқига аъзо бўлиш нима учун керак?
Халқаро Нотариуслар Иттифоқи ташкил этилган кундан бошлаб 70 йиллик давр мобайнида халқаро майдонда муҳим сиёсий ўринни эгаллади.
Хусусан, БМТ, ЮНEСКО, Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси, Европа Комиссияси, Европа Парламенти, Европа Кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотларда Иттифоқнинг манфаатлари намойиш этилмоқда.
Халқаро Нотариуслар Иттифоқига аъзо бўлиш миллий нотариат тизимини ривожланган давлатлар нотариат тизимлари билан бир қаторда бўлишини, нотариуслар тасдиқлаган ҳужжатлар дунё миқёсида шубҳасиз тан олинишини таъминлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг