Ўзбекистон мерганлари халқаро мусобақада 2-ўринни эгаллади

14:56 30 Июнь 2022 Спорт
575 0

Туркиянинг Эгридир шаҳридаги «Командо» ўқув маркази базасида етакчи давлатларнинг ҳарбий хизматчилари ўртасида «Энг илғор мерганлар жамоаси» номли халқаро мусобақа ўтказилди.

Унда Германия, Баҳрайн, Қатар, Озарбайжон каби дунёнинг 12 давлатидан жами 33 та жамоа, Туркиянинг ўзидан эса денгиз махсус кучлари, қуруқликдаги махсус кучлари, махсус операциялар кучлари каби алоҳида қўшин турларидан жами 15 та жамоа иштирок этди.

Кундузги ва тунги машғулотларни ўз ичига олган мусобақа беллашувлари ўн кун давомида ўтказилди. Ушбу халқаро мусобақанинг бошқа мерганлик мусобақаларидан фарқи шундаки, унда вертолёт ва қайиқда ҳам харакат вақтида отиш машқлари бажарилди.

Шунингдек, мусобақанинг ҳеч бир босқичида лазерли масофа ўлчагичлардан фойдаланишга рухсат берилмади, мерганлар 1000 метр ва ундан ортиқ масофада бўлган нишонни оптик мосламалар ёрдамида аниқлаб, белгиланган вақт орасида уни яксон қилдилар.

Бундан ташқари, мусобақа иштирокчилари тунгги вақтда магнит азимути бўйича тоғли ҳудудда 6 соат давомида ҳаракатланиб, ноаниқ масофадаги нишонни яксон этдилар.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси вакиллари учун мусобақа ўтказилган ҳудуд буткул нотаниш, нишонлар ва машқлар ҳақида тўлиқ маълумотлар бўлмасада, ҳарбий хизматчиларимиз барча шартларни муваффақиятли бажариб, 12 та давлат жамоалари орасида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритишди. Биринчи ўрин мезбон давлат вакилларига насиб этди.

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлиги ва маҳорати турк ҳакамлари ва мерганлари томонидан юқори баҳоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер