Ўзбекистон — Корея: мустаҳкам халқаро ҳамкорлик таълим тараққиёти учун қанотдир

21:35 22 Декабрь 2021 Жамият
2102 0

Ўзбекистон — Корея муносабатлари ўзига хос тарихий илдизларга эга. Ўзаро уйғун маданият, қадриятлар ҳамоҳанглиги, айниқса, юксак гуманизм, меҳнатсеварлик, қатъият ҳамда масъулият борасидаги муштарак мезонлар ҳар икки халқнинг дўстлик ва ҳамкорлик ришталарининг ўрнатилиши, қолаверса, янада мустаҳкамланишига асос бўлди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона ташқи сиёсат туфайли халқаро ҳамкорлик уфқлари кенгайиб, кўплаб мамлакатлар билан боғланган азалий ришталар стратегик шериклик даражасига кўтарилди, десак, муболаға эмас.

Охирги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт ҳамда логистика, саноат, машинасозлик ва электротехника каби қатор йўналишлардаги ҳамкорлик янги босқичга чиқди. Давлат раҳбарларининг мамлакатларга амалга оширган расмий ташрифлари, ҳеч шубҳасиз, ҳар икки юрт учун мисли кўрилмаган самарали қадамларга кенг йўл очди. Буни ўтган беш йил ичида мамлакатимизда Корея сармояси киритилган корхоналари сони икки баробар ошгани, ўзаро манфаатли савдо алоқалари йўлга қўйилгани ҳам тасдиқлайди.

Ўз позицияси, ривожланиш тенденциялари, қолаверса, глобал мавзулардаги қарашлари ҳам ўзаро ўхшаш бўлган ўзбек ҳамда корейс халқи бугунги жамиятнинг барча муҳим соҳаларида — соғлиқни сақлашдан тортиб, мактабгача таълим тизимигача бўлган тармоқ ва йўналишларда тажриба алмашиш, муваффақиятли дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш анъанасини тўлақонли қўллаб-қувватлаётгани аҳамиятлидир.

Олий таълим тизими ўзаро уйғунликда равнақ топмоқда

Айниқса, юртимизда сўнгги йилларда Корея миллий таълимининг дунё тан олган жиҳатларини эътироф этиш билан бирга, соҳа тараққиётига хизмат қилувчи принципларидан андоза олишга эришилди.

Эътиборлиси, мамлакатимизда Корея Республикасининг қатор олий ўқув юртлари филиаллари очилиб, уларда, асосан, машинасозлик, электротехника, компьютер ва ахборот технологиялари, архитектура, бухгалтерия сингари ўнлаб йўналишларда замонавий билим ҳамда малакага эга кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилда Фарғона вилоятида Ўзбекистон — Корея халқаро университетининг ташкил этилиши ҳар икки мамлакат ўртасидаги олий таълим тизимини уйғунликда равнақ топтиришга қаратилган илиқ муносабатларнинг амалий ифодаси бўлди.

Бу орқали халқаро талабларга жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга эришилаётганини эътироф этиш лозим.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 — 18 декабрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи ҳам Ўзбекистон ҳамда Корея ўртасидаги ҳар томонлама мустаҳкамланиб бораётган муносабатларнинг янги даврини бошлаб берган тарихий воқелик бўлди.

Муҳим келишувлар ижроси мамлакат тараққиётини тезлаштиради

Тарихий ташрифнинг бориш жараёнларини кузатар эканмиз, давлатимизнинг ташқи сиёсат такомили борасида илдам одимлаётгани яққол кўзга ташланади. Эътиборли жиҳати, ташриф давомида ҳар икки давлат раҳбарлари стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни қабул қилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 2022 — 2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022 — 2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, шунингдек, энергетика соҳасида ўзаро мулоқот ўрнатиш, «ақлли шаҳар»ларни ривожлантириш, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси орқали молиялаштириш, нодир металлар, мис ва уларнинг қотишмаларига оид меморандумлар имзолангани ҳам ташрифнинг моҳияти ва аҳамиятини яққол ифода этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ахборот технологиялари, «ақлли» қишлоқ хўжалиги соҳаларига оид меморандумлар ҳамда тиббий ускуналар етказиб бериш тўғрисида муҳим битим ва келишувларга эришдилар.

Ташрифнинг яна бир аҳамиятли жиҳати давлатимиз раҳбари Сеулдаги миллий қабристонга ташриф буюриб, марҳумлар хотирасига эҳтиром кўрсатгани бўлди. Корея мустақиллиги учун курашган ҳамда урушларда ҳалок бўлган инсонлар, мамлакат ривожига катта ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбоблари дафн этилган миллий қабристонда амалга оширилган эҳтиром рамзий маънода ҳамкор мамлакатнинг тарихи, миллий қадриятларига ҳурмат ифодасини ҳам акс эттирди.

Давлатимиз раҳбари Сеул шаҳрида Корея Республикасининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув давомида Корея компаниялари раҳбарларини Ўзбекистонга келиш ҳамда у ерда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлардан фойдаланишга таклиф этгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу келгусида соҳада катта имкониятлар эшиги очилишига замин яратади. Ҳар томонлама самарали ҳамда муваффақиятли воқеликларга бой ўтган ташриф юртимиз тараққиётини тезлаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Янги марраларни забт этиш йўлидаги хайрли қадам

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Президентимизнинг бугун халқаро мамлакатларнинг ривожланиш тенденцияларини ўрганиш, қолаверса, халқаро инвестицияларни жалб этиш кўламини кенгайтириш мақсадида хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ёш кадрларни тарбиялаш борасида олдимизга қўйган вазифалари айнан юқоридаги каби хайрли мақсадларга қаратилган.

Ҳар бир олий таълим муассасаси бу борада ўз позициясини намоён эта олиши керак, албатта.

Шунга мувофиқ, бугунги кунда Фарғона давлат университетида республикада биринчилардан бўлиб, Халқаро тилларни ўқитиш маркази фаолият бошлади. Инглиз, рус, француз, немис, япон ва корейс тиллари мукаммал даражада ўқитиладиган ушбу марказ университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар учун янги билим уфқларини забт этишларига катта замин ҳозирлаяпти.

Бу, ўз навбатида, мамлакатимизни халқаро ҳамкорлик муносабатларини юксалтиришга хизмат қила оладиган, хорижий тилларни пухта эгаллаган ёшларни камолга етказиш мақсадимиз йўлидаги хайрли қадамлардан биридир.

«Янги Ўзбекистон» номини, унинг мақоми ва даражасини бугун дунё тан олмоқда, эътироф этмоқда. Буни кундан-кунга юксалиб бораётган халқаро муносабатлар кўлами ҳамда самараси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Умуман олганда, Корея Республикаси каби дунёнинг ривожланган давлатлари билан мустаҳкам алоқаларимиз барча соҳа ва тармоқлар қатори миллий таълим, хусусан, олий таълим тараққиётига ҳам хизмат қилиши барчамизни қувонтиради, албатта. Шу билан бирга, барчамизни ушбу муҳим тарихий жараёнларда фаол ҳамда ташаббускор бўлишга руҳлантиради.

Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?