Ўзбекистон ҳунармандлари Америкадаги фестивалда 500 минг долларгача миллий маҳсулотлар сотишади

17:26 09 Июль 2021 Маданият
1170 0

Ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳунармандлар 7-18 июль кунлари Санта-Фе (Нью-Мехико) шаҳрида ўтказилаётган «Халқаро халқ амалий санъати бозори» фестивалида иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мамлакатимизнинг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонасидан маълум қилинишича, Ўзбекистон вакиллари дунёнинг 60 мамлакатидан келган 150 нафардан ортиқ ҳунармандни бирлаштирган ушбу ярмаркада мунтазам иштирок этиб келади. Фестиваль давомида қарийб 3 миллион долларлик халқ амалий санъати маҳсулотлари харид қилинади. Бу борада Ўзбекистон вакиллари ҳар йили етакчи бўлиб, улар фестивал чоғида 250-500 минг долларгача ўз маҳсулотларни сотишади.

Бу йилги фестивалда энг катта делегациялардан бири ўзбекистонлик ҳунармандлар гуруҳи бўлди. Ўзбекистон делегацияси таркибида 20 дан ортиқ ҳунарманд, жумладан, машҳур тўқувчилар Гулнора Одилова, Фатҳулло Кенжаев раҳбарлигидаги гилам усталари ва бошқалар жой олган.

Ҳунармандларимиз фестивалнинг 6 та стендида анъанавий санъат намуналарини, хусусан, Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарларимизнинг дунёга машҳур санъат мактаблари вакиллари томонидан тўқилган ипак ва жун гиламлар, анъанавий матолардан тайёрланган кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни намойиш этишмоқда.

Ташкилотчилар ва фестиваль меҳмонлари Ўзбекистон амалий санъатининг ўзига хос чиройи, нафислиги ва ранг-баранглигини юксак баҳолашаяпти. Ўзбек ҳунармандлари томонидан яратилган маҳсулотлар халқ ижодиёти мухлислари ўртасида ҳам катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Ўзбек усталари яратган буюм ва асарлар Ўзбекистоннинг бой тарихини ўзида мужассам этган, шунингдек, юртимизнинг кўҳналиги ва замонавийлигини ўзида уйғунлаштирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер