“Ўзбекистон — 2030”: халқ фикри билан шаклланаётган янги тараққиёт мезонлари

12:29 15 Январь 2026 Жамият
220 0

Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётимизда сезиларли ўзгаришлар ясади. Бироқ бугунги тараққиёт шиддати, Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ва кўзланган юксак марралар давлат ҳамда жамият ривожи йўлида янги талабларни олдимизга қўймоқда. Шу маънода, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш зарурати кун тартибига чиқди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили 26 декабрдаги Мурожаатномасида мазкур масалага алоҳида урғу берилиб, мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини белгилайдиган ушбу ҳужжат ҳаёт талабларига мос, энг муҳими, халқнинг фикр ва таклифлари асосида такомиллаштирилиши лозимлиги таъкидланди.

Шу асосда стратегия лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу фақат расмий жараён эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир. Фуқаролар, экспертлар, оммавий ахборот воситалари иштирокида билдирилаётган ҳар бир таклиф ҳужжатни янада ҳаётий, амалий ва халқчил этишга хизмат қилмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ушбу жараённинг қандай ташкил этилаётганига эътибор қаратилди. Унда “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналиши бўйича янгиланаётган устувор вазифалар кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Тадбирда давлат идоралари вакиллари, экспертлар ва журналистлар фаол қатнашди.

Марказ ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унга кўра, кенг жамоатчилик иштирокида шаклланаётган стратегия нафақат давлат идоралари, балки оддий фуқароларнинг ҳам манфаатларини ифода этувчи дастурга айланиши керак.

— Стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири давлат бошқаруви ва давлат хизматларини тубдан рақамлаштиришдир, — дейди Адлия вазирлиги департаменти бошлиғи Элдор Маҳкамов. — Бу иш самарадорлигини янада оширади ва фуқаролар учун қулайлик яратади.

Унинг таъкидлашича, архив материалларининг 80 фоизини рақамлаштириш, “E-qaror” тизими орқали ҳокимлик қарорларини 100 фоиз электрон шаклга ўтказиш бюрократик тўсиқларни кескин камайтиради.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида “бюрократияни ноль” тамойилини тўлиқ жорий этиш, 20 дан ортиқ электрон тизимларни ҳокимликлар ишига татбиқ қилиш режалаштирилган. Давлат хизматлари соҳасида эса композит ва проактив хизматлар сонини 400 тага етказиш, кўплаб хизматлар муддатини икки баравар қисқартириш ва тартиб-таомилларни соддалаштириш кўзда тутилмоқда.

Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари ҳам стратегия лойиҳасида рақамли давлат бошқарувини комплекс ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади. Ягона рақамли муҳит асосида давлат хизматларини ташкил этиш шаффофликни кучайтиради, жамоатчилик назорати самарадорлигини оширади, аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратади.

Мазкур йўналишда халқаро мақсадлар ҳам аниқ белгиланган. Хусусан, БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида “ТОП — 30” таликка кириш, “Халқ назорати” порталини барча ҳудудда тўлиқ жорий этиш ва “Рақамли ҳукумат” ягона платформасига уланган хизматлар сонини 700 тага етказиш режалаштирилган.

Давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш масалаларига тўхталар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги департамент мудири Ғолибжон Абдуазизов ислоҳотларнинг инсон омили билан боғлиқ жиҳатларига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, идоралар ички иш юритувини босқичма-босқич мақбуллаштириш, қоғозбозликни камайтириш, давлат фуқаролик хизматида карьерани фақат малака ва салоҳият асосида шакллантириш замонавий давлат бошқарувининг асосий шартларидандир. Шунингдек, барча давлат хизматчиларининг онлайн малака оширишга тўлиқ жалб этилиши ва рақамли платформалардан фойдаланиши тизим самарадорлигини оширади.

Анжуманда журналистларнинг саволларига берилган жавоблардан ҳам бир нарса аён бўлди: “Ўзбекистон — 2030” стратегияси — бу фақат режалар мажмуаси эмас, балки халқ билан бирга, халқ учун ишлаб чиқилаётган ҳужжатдир. Унинг долзарблиги шундаки, стратегия мамлакат тараққиётининг замон билан ҳамнафас бўлишига, юртдошларимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер