Ўзбекистон 2024 йили 3,5 млрд долларлик туризм хизматларини экспорт қилди

13:04 07 Февраль 2025 Сиёсат
213 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинишича, хизматлар кўламини кенгайтириш учун такси агрегаторларидан бири 2 мингта автомобиль кредитига кафил бўлиб, 4 минг одамни ишли қилиш таклифи билан чиққан.

Бунинг ҳисобига янги замонавий таксилар кўпаяди. Бундай лойиҳаларга банклар 1 триллион сўм кредит ажратишга тайёр.

Кўплаб автосалонлар автомобиль хариди учун пул тўлиқ тўланса чегирма бермоқда. Лекин амалдаги қоидаларга кўра, кредитга бериладиган автомашина учун бу чегирмани банклар қабул қилмайди. Ваҳоланки, банкларга чегирма қабул қилишга рухсат берилса, кредит ставкаси 4 фоизга арзонлашади.

Бу чекловни маҳаллий автомашиналар учун бекор қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Умуман, бу йил транспорт хизматлари ҳажмини 15 фоизга ошириб, 185 триллион сўмга, экспортини 2,2 миллиард долларга олиб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўтган йили туризм хизматлари экспорти 3,5 миллиард доллар бўлди. Лекин, бу имкониятларимизга мос эмаслиги қайд этилди.

Масалан, Малайзия ва Индонезияда 7 миллионга яқин Нақшбандия тариқати издошлари бор. Улар Умрага боришдан олдин зиёратгоҳларимизга саёҳат қилишни истайди. Бу сайёҳларни Куала-Лумпур ёки Жакартадан Самарқанд ва Бухорога камида 2 кунга олиб келиб, кейин ўзимизни самолётда Умрага юбориш учун барча шароитлар мавжуд.

Мутасаддиларга Малайзия ва Индонезия зиёратчилари учун «Умра плюс» турпакетини йўлга қўйиш топширилди.

Шаҳрисабзда «Оқсарой», Хивада «Ичан қалъа», Бухорода «Лаби ҳовуз», Тошкентда «Янги Ўзбекистон» майдонлари бўлсада, уларда концерт, кўргазма, форумлар ўтказиш бўйича режа қилинмагани кўрсатиб ўтилди. Ўзимиздаги 6 та туристик марказда халқаро даражадаги санъаткорларнинг концертлари ташкил қилинса, меҳмонхона, ресторан, кафе, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сайёҳлар билан тўлиши таъкидланди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга камида 1 миллион туристни олиб келадиган концерт, бизнес форуми ва кўргазмалар ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, тўлиқ ўрганилмаган тарихий объектлар жуда кўплигини инобатга олиб олимлар билан биргаликда жозибадор тарихий объектларни аниқлаш ва реставрация қилиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?