Ўзбек тили байрами муносабати билан ҳарбий атамашуносликка бағишланган давра суҳбати ўтказилди
21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамкорлигида «Ўзбек ҳарбий атамашунослиги: бугунги ҳолати ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда мамлакатимизда ҳарбий соҳада давлат тилининг нуфузи, ҳарбий терминларни миллийлаштириш жараёни ҳамда соҳанинг келажакдаги ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Ўсаров давлат раҳбарининг 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмунидан келиб чиқиб, ҳарбий соҳада давлат тилидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритди.

Филология фанлари номзоди, доцент Ҳамид Ёдгоров «Истиқлол даври ҳарбий атамашунослигининг тарихий илдизлари» мавзусидаги маърузасида ўзбек ҳарбий терминологиясининг манбалари «Девону луғатит турк» ва «Қутадғу билиг» каби ёдгорликларга бориб тақалишини, Амир Темур даврида эса бу соҳа янада такомиллашганини таъкидлади.
Шунингдек, Давлат тилини ривожлантириш департаменти вакиллари томонидан янгиланган ҳарбий атамаларни амалиётга жорий этиш, уларни методик жиҳатдан такомиллаштириш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Муҳокамалар давомида ҳарбий соҳада давлат тилида иш юритиш маданиятини юксалтириш, замонавий фан талабларига мос янги атамаларни ишлаб чиқиш ва уларни татбиқ этиш масалалари таҳлил қилинди. Тадбир якунида соҳа бўйича илмий-тадқиқотларни фаоллаштириш, Мудофаа вазирлиги ва Давлат тилини ривожлантириш департаменти ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳарбий атамалар луғатини яратиш ҳамда услубий қўлланмалар тайёрлаш вазифалари белгиланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Мудофаа вазирлиги ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар она тилимизнинг жозибаси ҳамда руҳини тараннум этиб, иштирокчиларда кўтаринки кайфият уйғотди.
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг