Ўзбек рақси афсонаси Мукаррама Турғунбоева ижодига бағишланган “Рақс меъмори” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 30 май куни Касаба уюшмалари федерациялари мажлислар залида “Рақс меъмори” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман ўз халқи ва юртини бутун дунёга тараннум этган, ер юзининг барча қитъаларида миллионлаб томошабинлар эътирофига сазовор бўлган рақс санъати устаси, “Баҳор” давлат халқ рақс ансамбли асосчиси Мукаррама Турғунбоеванинг ижодий фаолиятига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ва рақс санъати мутахассислари, санъатшунос олимлар иштирок этди.
Айтиш жоизки, 1957 йилда ташкил этилган Мукаррама Турғунбоева бошчилигидаги “Баҳор” давлат халқ рақс ансамбли ўзбек рақс санъати тарихида катта ўринга эга. Бу энг ёрқин рақс гуруҳи ташкил қилишнинг ташаббускори ва ижодкори афсонавий раққоса, фавқулодда истеъдод соҳиби, атоқли хореографлардан бири, халқ артисти Мукаррама ТУРҒУНБОЕВА бўлди.
Анжуманда сўз олган вазир О.Назарбеков санъат дарғасининг ўзбек маданияти ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди:
“Ўзбек миллий рақс санъати устоз Мукаррама Турғунбоева номи билан узвий боғлиқ. Бу улуғ санъаткор рақс учун туғилган, ҳаётини шунга бағишлаган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Эътибор беринг: Мукарама Турғунбоева туғилган кунининг аниқ санасини билолмай, театрга ишга кирган кунлари, яъни 16 сентябрни туғилган куни деб ҳисоблашга қарор қилган. Шунинг ўзи ҳам кўп нарсани англатади.
Бироқ, кейинроқ туғилган кун учун баҳорнинг энг муҳим палласи – 31 май кунини танлаган. Бу улуғ санъаткорнинг ҳаёт йўли, ижодий фаолияти ҳақида конференция давомида кенгроқ хабардор бўласиз, деган умиддаман.
Мукаррама Турғунбоева 1957 йилда “Баҳор” миллий рақс ансамблига асос солган. Ушбу ансамбль Ўзбекистон донғини бутун дунёга таратди ва жаҳоннинг энг зўр рақс жамоалари қаторидан жой олди.
Бастакор Муҳаммаджон Мирзаев билан бирга яратилган “Баҳор вальси” рақси “Баҳор” ансамблининг ўзига хос ижодий рамзига айланди ва олтин мерос туркумига кирувчи мангу асарлар қаторидан ўрин олди.
Қолаверса, Мукаррама Турғунбоева томонидан яратилган “Тановар”, “Муножот” каби рақс санъати дурдоналари ХХ асрнинг нодир рақслари туркумига кирди.
Юқорида айтиб ўтганимдек, шундай вақтлар ҳам бўлдики, ансамбль фаолияти тўхтаб қолди. Узоқ давом этган ижодий танаффусдан сўнг Президентимизнинг 2020 йил 4 февралдаги тегишли қарорига биноан “Баҳор” ансамбли қайта ташкил этилди. Бу маданий ҳаётимизда улкан воқеа бўлди.
Ансамбль қайта ташкил этилганидан сўнг ўзининг илк концерт дастурини 2021 йил 14-15 декабрь кунлари халқимиз эътиборига тақдим қилди. Сўнг Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, Франция, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Италия ва Бирлашган Араб Амирликлари саҳналарида ўз дастурларини намойиш этди. Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли барча давлат тадбирларида, концертлар, мусиқий дастурларда фаол иштирок этиб келмоқда”.
Анжуманда сўзга чиққан санъатшунослар, Мукаррамахонимнинг шогирдлари ва издошлари фавқулодда истеъдод соҳибаси бўлган санъат дарғасининг ибратли ижод йўли ва мероси йиллар ўтгани сари қадри юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг