Ўзбек қиличбози Жаҳон чемпионатида 2-ўринга сазовор бўлди

12:18 04 Апрель 2021 Спорт
556 0

Қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бобур Расулов Жаҳон чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритди.

Шу кунларда қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 апрелдан Мисрнинг Қоҳира шаҳрида бошланган кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда.

Мусобақанинг кечаги дастурида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ўтказилган яккалик баҳсларида спортчиларимиз муносиб иштирок этди.

Жумладан, Зайнаб Дайибекова илк маротаба қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва кадетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 7-ўринни эгаллади.

Мусобақанинг биринчи кунида ўсмир қизлар орасида ҳамюртларимиз Дайибекова Зайнаб, Исмоилова Севинч, Тоғаймуродова Шаҳноза ва Исроилова Венера якка тартибдаги мусобақаларда иштирок этишди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақада қиличбозларимиз ажойиб натижаларни намойиш этмоқда. Хусусан, Дайибекова 7-ўринни эгаллаган бўлса, Исмоилова Севинч 12-поғонадан жой олди.

Шунингдек, кечаги баҳсларда қиличбозларимиз Мамутов Шерзод, Генжҳебаев Пазилбек, Душамбоев Жалолиддин ва Расулов Бобур ҳам ўз омадини синаб кўришди.

Қувонарли жиҳати, Бобур Расулов совриндор бўлиш учун рақибларини кетма-кет ишончли тарзда мағлуб этди. Аввал Қозоғистон вакили Степан Севостянов, сўнгра 16 талик гуруҳдан ўрин эгаллаш учун америкалик Кристофер Волкер, кейин Испания вакили Кабальерро Рогелло устидан ғалаба қозонди ва ўз ёш тоифасида энг кучли 8 нафар спортчи қаторидан жой олди.

Ярим финал йўлланмаси учун Бобур Расулов Гонконг вакили Со Ханг Алвин устидан ишончли ғалабага эришди. Финал остонасида ҳамюртимиз мезбон спортчи Моатаз Атҳамни моҳирлик билан мағлубуятга учратишнинг уддасидан чиқди. Бироқ, ҳал қилувчи финал баҳсида Бобур Расулов россиялик спортчи Кирилл Туликовга ютқазиб қўйди.

Шу тариқа ҳамюртимиз Жаҳон чемпионатида фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль соҳибига айланди.

Жаҳон чемпионати доирасидаги мусобақалар бугун ҳам давом этмоқда. 4 апрель куни саблячи қиличбозларнинг кадетлар ёш тоифасидаги баҳсларида терма жамоамиз вакиллари ҳам иштирок этадилар.

Шунингдек, 4 апрель куни ёш саблячиларнинг жамоавий мусобақаси ҳам бўлиб ўтади. Сўнгра қиличбозликнинг рапира йўналишидаги мусобақаларига старт берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?