Ўзбек пахтасининг бошланғич нархи Нью-Йорк биржаси билан белгиланади

11:11 21 Январь 2025 Ҳужжатлар
453 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, пахта бозорида янги бозор тамойиллари жорий этилади.

Эндиликда пахта хомашёси нархи Нью-Йорк биржасидаги охирги 6 ойлик ўртача фьючерс котировкалари асосида белгилаб борилади. Бу нарх ҳар йили 1 ноябрда эълон қилинади. 2025 йил ҳосили учун эса 1 февралда эълон қилиниши белгиланди.

Пахта хомашёсини савдоси Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида ташкил этилади. Савдо жараёнларида барча хўжаликлар ва қайта ишловчи корхоналар фьючерс, форвард ва спот шартномалари орқали иштирок этади. Савдоларда эркин танлов асосида иштирок этиш, яъни харидорни танлаш ва етказиб бериш муддатларини белгилаш имконияти яратилади. Барча шартномалар «Агроплатформа» ахборот тизими билан интеграция қилинади.

Янги фармон шартномалар турлари ва уларнинг муддатларини ҳам аниқ белгилаб берди. Фьючерс шартномалари 1 ноябрдан 1 июнгача тузилади ва бошланғич нархдан паст бўлмаслиги керак. Форвард шартномалари 1 мартгача, спот шартномалари эса реал вақт режимида омборлардаги мавжуд пахта хомашёси учун тузилади. Сақлаш омборлари мавжуд бўлмаган хўжаликлар пахта хомашёсини 1 мартгача форвард ёки 1 июнгача фьючерс шартномалари орқали сотишлари зарур.

Шунингдек, пахта етиштирувчи хўжаликлар учун қатор субсидиялар жорий қилинади. Биржада сотилган пахта хомашёси қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия тақдим этилади. Шунингдек, ҳосил йили якунига қадар имтиёзли кредитларини қайтарган хўжаликларга кредит фоиз тўловларининг 4 фоизлик пункти қайтариб берилади. Бу чора-тадбирлар пахта етиштирувчиларнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Мазкур фармон қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор механизмларини такомиллаштириш, пахта хомашёси савдосида шаффофликни таъминлаш ва қўшилган қиймат занжирини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади. Шунингдек, экспортни кенгайтириш ва тўқимачилик саноатини ривожлантиришга туртки беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер