Ўзбек бокс мактаби асосчиси Сидней Жаксон хотирасига бағишланган фильм премьера қилинди

20:48 13 Январь 2022 Спорт
844 0

Бугун пойтахтимиздаги “Cinema Palace” кино саройининг кичик залида ўзбек бокс мактабининг асосчиси Сидней Жаксон хотирасига бағишланган ҳужжатли фильмнинг премьераси бўлиб ўтди. 

Унда Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон бокс федерацияси вакиллари, Сидней Жаксоннинг қизи Паина Жаксон ва унинг яқинлари, Республика олимпия захиралари коллежи тренер-педагоглари, ўзбек бокси фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Азамов кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, тақдимот маросимида АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, жаноб Даниел Розенблюм ҳам иштирокчиларга видеомурожаат шаклида қутлов йўллади.

“Сидней Жаксон феномени” номли ҳужжатли фильми “Шайхонтоҳур-фильм” киностудияси томонидан “Orient Finance Bank” ва “Golden House”нинг муаллифлик ҳуқуқини тақдим этиши асосида Туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда тасвирга олинди. Фильмнинг сценарий муаллифи ва продюсери Борис Бабаев, режиссёр эса Навруза Бийназова.

Фильмда афсонавий мураббийнинг Ўзбекистондаги ҳаёт йўли ва фаолиятининг кўплаб муҳим саҳифалари ҳақида унинг қизи, ҳозир Тошкентда истиқомат қилувчи Паина Жаксон сўзлаб берган. 

Шунингдек, фильмда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси маслаҳатчиси Малик Бобоев, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов, Сидней Жаксон шогирдлари — бокс афсонаси Руфат Рисқиев, бокс фахрийлари Мирсолиҳ Сагатов, Ринат Юсупов ва бошқалар иштирок этган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?