Ўзаро ишончга асосланган муҳим ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги мавқейини янада мустаҳкамлайди
Жаҳон тажрибасидан аёнки, мамлакат иқтисодий тараққиётида нафақат ички захиралар, балки халқаро иқтисодий ташкилотлар ресурсларидан фойдаланиш ҳам муҳим омил саналади. Бироқ бугун ривожланган давлатлар ва халқаро бизнес тузилмалари ўз сармоясини инвестициявий жозибадор, қулай сармоявий муҳит яратилган мамлакатларга жойлаштиришга интилмоқда. Шу боис юртимизга хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар кўрилаётир. Таъбир жоиз бўлса, йирик халқаро ташкилотлар, юқори салоҳиятли инвесторлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 4 июль куни Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, янада шаффоф ва жозибадор инвестиция муҳитини шакллантиришга қаратилган ташаббусни илгари сурди. Бу эса саммитда иштирок этган қатор давлатлар ва минтақавий ташкилотлар делегациялари раҳбарлари томонидан катта мамнуният билан қабул қилингани эътиборга моликдир.
Катта имконият, йирик бозор
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га 1985 йилда Туркия, Эрон ва Покистон томонидан асос солинган бўлиб, Ўзбекистон унга 1992 йили аъзо бўлиб кирган.
Айтиш жоизки, бугунги кунда ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий майдони 8 миллион квадрат километр масофани қамраб олган. Бу — Осиё қитъасининг 20 фоизи, жаҳоннинг эса 6 фоиз қисмини ташкил этади дегани. Унинг ҳудуди, бир томондан, Ҳинд океани ва Ўрта ер денгизи, иккинчи томондан, қитъалараро қуруқлик ва денгиз савдо йўллари ўртасида жойлашган дунёнинг энг стратегик аҳамиятга эга минтақаларидан бири ҳисобланади. ИҲТ давлатлари бир-бирини тўлдирадиган улкан табиий, интеллектуал, саноат, аграр ва технологик ресурсларга эга. Иштирокчи давлатлар ўзаро интеграцияни чуқурлаштириш ва фойдаланилмаган салоҳиятни ишга тушириши зарурлигини, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан келадиган умумий афзалликларни тобора чуқурроқ англаб етмоқда.
Дарҳақиқат, жаҳон бозорларидаги бугунги ноаниқлик ва глобал таъминот занжирларининг беқарорлашуви шароитида мамлакатлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётгани мантиқан тўғри қарордир. Бинобарин, ИҲТ минтақаси жамият ва бозор истеъмоли кўрсаткичлари нуқтаи назаридан умумий 500 млн. нафардан кўпроқ аҳолига эга йирик бозор ҳамда катта имконият макони ҳисобланади. Буни тасаввур қилиш учун мазкур давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айланмаси ҳажми 600 млрд. долларни ташкил этишини келтириш кифоя, назаримизда. Аммо қўшма инвестиция киритиш учун қулай шароит мавжудлигига қарамай ушбу йўналиш яқин пайтларгача ИҲТнинг энг заиф томони бўлиб келди. Нега? Бу ҳақда сўз юритилганда, ташкилотга аъзо айрим давлатларда ички муаммоларнинг юзага келганлиги, сиёсий кескинлик ва унинг таъсирида пайдо бўлган ноқулай муҳит ўзаро сармоявий алоқаларга ғов бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Унутмаслик керакки, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш фақат ушбу ташкилотнинг имкониятлари ва манбаларидан тўлақонли фойдаланиш билан рўёбга чиқади. Бунинг учун минтақада умумий хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда ўзаро жипсликни таъминлаш зарурий шарт ҳисобланади.
Ҳамкорликнинг янги босқичи
Давлатимиз раҳбари ИҲТ 17-саммитидаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, ҳар қандай тинчлик ва тараққиётнинг асоси, энг аввало, иқтисодий ҳамкорлик билан белгиланади. Шу боис ташкилот доирасидаги шериклик бугунги кунда нафақат табиий, балки муҳим стратегик аҳамиятга эга эканини эътироф этгани ҳолда, кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш юзасидан муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Биринчидан, ИҲТнинг ўрта ва узоқ даврдаги устувор ривожланиш йўналишларини белгилаб олиш учун “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари — 2035” концепциясини қабул қилишга чақирди. Ҳужжатда савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология, туризм ва таълим каби анъанавий йўналишлар билан бирга, инновациялар, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди. Чунки тараққиётнинг ҳозирги босқичида ушбу соҳаларни ривожлантирмасдан туриб, маррага эришиб бўлмайди.
Иккинчидан, ташкилот доирасида товар ва хизматлар савдосини соддалаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш, электрон савдони ривожлантириш масалалари, айниқса, долзарб. Статистик рақамлар далолат беришича, ҳозирги кунда ўзаро савдо ҳажми паст даражада. Бу кўрсаткич 2024 йилда 95 млрд. долларга тенг бўлиб, мамлакатларимиз умумий савдо айланмасининг 10 фоизини ташкил этди, холос. Мазкур йўналишда стратегик масалаларни муҳокама қилиш, Савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни келишиш мақсадида жорий йил Тошкентда савдо вазирларининг учрашувини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси бўйича тезкор маълумот алмашиш ва тўсиқсиз етказишга қаратилган “яшил йўлаклар” тизимини яратиш ҳам ўта муҳим масала саналади.
Учинчидан, сармоявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, инвестиция муҳитини янада шаффоф ва жозибадор этиш мақсадида узоқ муддатли “Экоинвест” дастурини қабул қилиш таклифи берилди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, айнан шундай дастурлар орқали минтақамиздаги истиқболли лойиҳаларга хусусий инвесторлар, банклар ва халқаро молия институтларини кенг жалб этиш мумкин.
Тўртинчидан, сўнгги вақтларда дунё ҳамжамияти кескин инқирозни бошидан кечираётир. Аксарият зиддият ва низолар айнан ИҲТ маконида содир бўлаётгани фикримизнинг тасдиғидир. Жанубий Осиё ва Яқин Шарқда юз берган воқеалар, халқаро ҳуқуқ ва глобал хавфсизлик институтларининг таназзули мулоқот ва ҳамкорликни янада заифлаштириб, куч ишлатиш ва зўравонликка кенг йўл очмоқда. Демакки, геосиёсий воқеалар халқаро логистика занжирларининг узилиш хавфи нақадар юқорилиги ҳамда муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш стратегик аҳамиятга эга эканини яна бир бор исботлади. Бу борада Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бошлангани, келгусида ушбу магистраль тармоқ Трансафғон йўлаги билан туташиб, кенг минтақамиздаги транзит тармоқларини самарали бирлаштириш имконини бериши билан аҳамиятли.
Бешинчидан, минтақада янги авиақатновлар йўналишларини очиш, авиакомпаниялар ўртасида инновацион ҳамкорлик шаклларини йўлга қўйиш, туризм ва авиация соҳалари ўртасида маркетинг бўйича интеграциялашган стратегияларни ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Ушбу масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Миллий авиакомпаниялар форумини Самарқандда ташкил этиш таклиф қилинди. Шубҳасиз, ташкилот давлатлари ўртасида авиақатновлар жадаллаштирилмас экан, сайёҳликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслар хаёлий бўлиб қолаверади. Ваҳоланки, аъзо давлатлар келажакда туризм соҳасида сайёҳлар оқимини икки баробар ошириш учун етарли салоҳиятга эга.
Олтинчидан, ташкилот доирасида чўл ҳудудларида ўрмонлар барпо қилиш, рекреация зоналарига асос солиш бўйича Трансчегаравий “яшил дастури”ни ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Бу жудаям асосли таклиф бўлиб, дунё миқёсида чўлланиш, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув тақчиллиги давом этаётган ҳозирги мураккаб шароитда ўрмонлар, яшил ҳудудларнинг ташкил этилиши муаммо кўламини қисқартиришга ёрдам беради.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган ушбу ташаббуслар ИҲТ давлатлари ўртасида амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ташкилотнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини янада ошириш, энг асосийси, унинг фаолиятини замон талабларига мос равишда такомиллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Транзит салоҳияти оширилади
Ўзаро иқтисодий ҳамкорлик янада жадаллашувида минтақаларимиз транспорт йўлакларини кенгайтириш ва транзит салоҳиятини ошириш, айниқса, муҳим аҳамият эга. Биз, Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой транспорт йўлакларини, шунингдек, Озарбайжон орқали Туркия ва Европа давлатларига чиқиш йўлларини ривожлантиришдан манфаатдормиз. Шу билан бирга, янги таклиф этилган Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар темир йўлининг қурилиши Афғонистонни минтақамизга интеграция қилиш ва барқарор тараққиётга эришишида катта туртки бўлади. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, мазкур транспорт йўлаклари маҳсулотларимизни жаҳон бозорига арзон нархларда чиқариш имкониятини яратади. Демак, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги мавжуд катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланилса, юртимизга, минтақамизга катта миқдорда сармоялар кириб келади, бундан халқимиз ҳам, ташкилотга аъзо давлатлар аҳолиси ҳам бирдек фойда кўради.
ИҲТ ҳар қандай минтақавий тузилмадан фарқли ўлароқ, Афғонистондаги вазият барқарорлашувини чиндан-да хоҳлайди. Бундан ташқари, Марказий Осиёнинг учта мамлакати — Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон, шунингдек, Эрон ҳамда Покистон Афғонистон билан бевосита чегарадош бўлиб, уларнинг барчаси афғон заминида тинчлик ва барқарорликдан манфаатдор. Шу маънода, анжуман ишида узоқ танаффусдан сўнг Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этгани бу мамлакатни ташкилот маконининг ажралмас бир қисми, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик жараёнларининг муҳим қатнашчиси сифатидаги роли ва аҳамиятини оширади.
ИҲТнинг ҳозирги кундаги мақсадлари аниқ, прагматик ва шаффоф. Бу савдо-сотиқ йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, минтақалар ўртасидаги савдони ривожлантириш ва ИҲТга аъзо мамлакатлар товарларини глобал бозорларга олиб чиқишга йўналтирилган. Маданий ва тарихий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳам ундан кам бўлмаган аҳамиятга эга.
Умуман олганда, ИҲТнинг жипслашуви минтақадаги қолган фаол акторлар манфаатларига зид келмайди. Улар ИҲТга аъзо мамлакатлар билан шусиз ҳам икки томонлама ёки кўп томонлама асосда (“5+1”, ШҲТ, ЕОИИ) ҳамкорлик қилиб келмоқда.
ИҲТга аъзо мамлакатлар транспорт ва энергетика коридорлари билан боғлиқ Чобаҳор ҳинд — эрон лойиҳаси амалга оширилишидан манфаатдор. Жумладан, Ўзбекистон Эрон Ислом Республикасини очиқ денгизга чиқиши учун энг яхши, энг қулай ва энг арзон йўналишлардан бири сифатида билади. Теҳрон ҳам, ўз навбатида, ўзининг темир, автомобиль ва денгиз йўли тармоғи, хусусан, Бандар Аббос ва Чобаҳор портларидан ўзбекистонлик тадбиркорларнинг савдо-иқтисодий мақсадда фойдаланиши, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар товарларини ташиши учун тайёрлигини билдирмоқда. Икки давлат Ашхобод битими, Эрон, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги уч томонлама битим, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа келишувлар доирасида айни йўналишдаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий, консуллик ва божхона билан боғлиқ шарт-шароитини яратишга ҳаракат қилмоқда. Эрон томони Ўзбекистонни Чобаҳор битимига ҳамда “Шимол — Жануб” йўлагига қўшишга тайёрлигини билдирган. Шу кунга қадар мазкур масалада кўплаб ташрифлар уюштирилди, музокаралар амалга оширилди. Худди шунингдек, Ўзбекистон темир ва автомобиль йўли тармоғи эронлик тадбиркорларнинг бошқа давлатларга чиқиши учун қулай йўналиш ҳисобланиб, икки томонлама, минтақавий ва халқаро битимлар доирасида ушбу имтиёздан фойдаланяпти.
Шубҳасиз, юк ташишни енгиллаштириш ва соддалаштиришда транспорт ва логистика соҳасини рақамлаштириш ўта муҳим. Бу борадаги ишларни тизимли асосда йўлга қўйиш мақсадида давлатимиз раҳбари Рақамли транспорт ва божхона идорасини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни амалга татбиқ қилишга ва экспертлар даражасидаги музокараларни жадаллаштиришга чақиргани юксак эътирофга сазовор бўлди.
Минтақадаги марказий давлат
Бугун минтақада мустаҳкам ҳамкорлик ҳамда глобализм ва регионализм ўзаро чатишиб кетганига шоҳид бўлиб турибмиз. Турли давлатлараро тузилмалар — ШҲТ, ЕОИИ, ИҲТ, “Бир макон, бир йўл”, “МО+1” ва бошқа ташкилотлар манфаатларининг яқинлашуви уларнинг эҳтимол тутилган рақобатини юмшатади ҳамда куч ва манфаатлар мувозанатига риоя қилиш учун платформа яратади. Айни чоғда глобал давлатларнинг минтақавий муаммоларни ҳал этишдаги иштироки даражасини минтақанинг ўзи манфаатлар мувозанатига риоя қилиш асосида тартибга солади.
Ўзига хос тарих, маданиятга эга минтақамиз айни пайт янада жипслашиб, интеграциялашмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг роли жуда муҳим. Бир томондан, давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббуслари туфайли Туркия, Эрон ва Покистон ўртасидаги сиёсий ишончсизлик ўрнини савдо-иқтисодий тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган қулай бизнес муҳити эгаллади. Натижада ташкилотнинг салоҳияти юксалди. Марказий Осиёда эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари орқали сиёсий ишонч ортди. Ўзбекистон минтақанинг юраги сифатида Марказий Осиё интегратори ролини тобора кенгайтирмоқда, шу билан бирга, барча минтақавий ташкилотлардаги иштирокини фаоллаштириб, халқаро миқёсда дадил ташаббусларни илгари сурмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан ИҲТ саммитида билдирилган таклиф ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий саҳнадаги мавқейини янада мустаҳкамлайди. Зотан, ўзаро ишончга асосланган эзгу ташаббус ва тенг манфаатли ҳамкорликдан Ўзбекистон ҳам, қолган давлатлар ҳам фойда кўради, албатта. Эришилган аҳдномалар, келишувлар амалга ошса, аъзо давлатлар ўртасида инвестициялар, товарлар ва хизматлар эркин айланиши таъминланади. Бу янги бозорлар пайдо бўлиши, қўшимча иш ўринлари яратилиши, аҳолининг барқарор даромад билан таъминланиши, қисқача айтганда, умумманфаатга хизмат қилиши муқаррар.
Шерзод СИНДОРОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг инфратузилмани ривожлантириш ва иқтисодиёт ишлари бўйича проректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг