ОТБ қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқаришда ёрдам беради

13:31 15 Ноябрь 2023 Сиёсат
94 0

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Осиё тараққиёт банки Сув ва шаҳарсозликни ривожлантириш сектори катта директори Норио Саито билан учрашди.

БМТнинг чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчиликка қарши Конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида ташкил этилган учрашувда Азиз Абдуҳакимов Осиё тараққиёт банки билан самарали ҳамкорлик ўрнатилганини алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан Марказий ҳамда Ғарбий Осиё ҳудудларида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг 17 фоизи Ўзбекистонга тўғри келмоқда. Мамлакатимиз минтақада бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда. Жорий йилда жами 3,5 миллиард долларга яқин миқдорда 25 та лойиҳа имзоланган.

Учрашув давомида шаҳарларни комплекс ривожлантириш, экология соҳасидаги ходимлар малакасини ошириш, Япониядаги чиқиндини қайта ишлаш соҳасидаги компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ўз навбатида Норио Саито 2025–2026 йилларга мўлжалланган “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳасининг 2-босқичини бошлаш таклифини билдирди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга ошираётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Учрашув якунида Осиё тараққиёт банки Сув ва шаҳарсозликни ривожлантириш сектори катта директори Норио Саито Ўзбекистонда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қурғоқчилик ва очарчиликка қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. Қолаверса, ОТБ бу борадаги ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини қайд этилди. 

Шунингдек, Япониядаги чиқинди соҳасида етакчи компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш, соҳада Осиё тараққиёт банки томонидан инвестицияларни олиб кириш, грантлар ажратилиши ҳамда вазирлик ва қуйи ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик қўллаб-қувватланадиган бўлди.

Маълумот учун, 2022 йил 23 декабрда Япония Экология вазирлиги билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган. Меморандумга кўра, томонлар иқлим ўзгариши, сув ва ҳавонинг ифлосланиши, чиқиндиларни бошқариш соҳаларида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиши белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер