От спорти мажмуаси барпо этилмоқда

17:38 27 Март 2025 Жамият
179 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Хоразм вилоятининг Урганч туманида 5,5 гектар майдонда замонавий от спорти мажмуаси барпо этилмоқда. Мажмуа таркибидан 35 та отга мўлжалланган 2 та очиқ манеж, отхона, жисмоний нуқсони бор болаларни отлар ёрдамида даволаш — иппотерапия маркази ўрин олади. Отчопарда халқаро ва Республика аҳамиятидаги мусобақаларнинг уюштирилиши бу манзилни от спортига қизиқувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун муҳим локацияга айлантиради.

— Юртимизда азал-азалдан отга инсоннинг содиқ ҳамроҳи сифатида муносабатда бўлиб келинган, — дейди Миллий гвардиянинг Хоразм вилояти бошқармасига қарашли чавандозлар мактаби директорининг ўринбосари Турсуной Сатторова. — Шу боис, тўйлар кўпкарисиз ўтмаган, йилқичилик, от спорти яхши ривожланган. Кейинги йилларда от спортини оммалаштиришга қаратилган эътибор туфайли ушбу қадим қадриятимиз, улоқ-кўпкари ўйинларимиз янада кенгроқ миқёс ва мазмун касб этмоқда. Жумладан, Хоразмда яқин кунларда фойдаланишга топшириладиган ушбу мажмуа ёшларнинг мазкур спорт турига қизиқишларини ошириш, моҳир чавандозларни тарбиялаш, ҳудуднинг туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Хивада ер ости йўл ўтказгичи қурилмоқда

Бир неча йиллардан буён Хива шаҳридаги Қумясқа, Каптархона, Янгиариқ ва Газчи маҳаллаларида яшовчи аҳоли шаҳар марказига бориш учун 5-10 км ортиқча йўл босиб ўтишга мажбур бўлаётган, қолаверса, жамоат транспорти ҳаракати учун ҳам ноқулайликлар мавжуд эди.

Жорий йилда мазкур муаммо ўз ечимини топади. Айни кунда Хива темир йўл вокзали олдидан ушбу маҳаллаларни шаҳар маркази билан боғловчи, узунлиги 450 метр бўлган ер ости йўл ўтказгичи барпо этилмоқда. «Ўзйўлкўприк» кластери томонидан бунёд этилаётган ушбу иншоотнинг умумий қиймати 90 млрд сўмни ташкил қилади. Асфальт ва темир-бетон конструкциялардан иборат йўл ўтказгичда автотранспортлар 4 қатор бўлиб ҳаракатланади. Янги ер ости йўл ўтказгичи туризм шаҳри бўлган Хивада сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Боғотда маҳалла ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари иш бошлади

Боғот туманидаги Янги қадам ҳамда Узумзор маҳаллаларида маҳалла ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари ўз фаолиятини бошлади. Ислом тараққиёт банки ва ОПEК халқаро жамғармаси иштирокида амалга оширилаётган «Қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш» лойиҳаси доирасида барпо этилган ушбу марказларда касбга ўргатиш ўқув курслари, фитнес клуби, кимёвий тозалаш, тикувчилик, қандолатчилик цехлари, маиший техникаларни таъмирлаш устахонаси ва бошқа хизмат турлари йўлга қўйилган.

— Маҳалламизда 5,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Янги қадам» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умид Бектурдиев. – Янги марказда аҳолига 11 турдаги маиший хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда, ҳудудимиздаги ишсиз фуқароларни шу ерда касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш имкониятига эга бўлдик. «Маҳалла еттилиги»нинг ҳам ушбу марказ биносида фаолият олиб бориши, аҳолига қулайлик туғдириб, мурожаатлар билан ишлаш, муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?