Осиёдаги энг чуқур ғор жойлашган қишлоқ

12:33 03 Апрель 2025 Жамият
84 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Бойсун туманига қарашли Чўлбайир тоғ тизмасидаги «Бойбулоқ» ғори Осиёнинг энг чуқур ғори сифатида танилган. «Бойбулоқ» ғори денгиз сатҳидан уч минг метр баландликдаги Деҳиболо қишлоғи атрофида жойлашган. Деҳиболо — «энг баланд қишлоқ» деган маънони англатади, гўёки осмонга яқин гўша. Туман марказидан 70 километр олисдаги бу қишлоққа етиб боришнинг ўзи бир саёҳат. Йўлтанламас «УАЗ» қишлоққа элтувчи асосий транспорт воситаси ҳисобланади. У билан етти соатлик йўл босиш давомида қоялар оша ҳар бир бурилишда табиатнинг бетакрор манзаралари кўз ўнгингизда гавдаланади. Ҳар қадамда янги бир афсона бошланаётгандек.

Деҳибололиклар асосан асаларичилик билан шуғулланади, чорва боқади, мева-сабзавот етиштиради, мавсум бўйи қишлик ғамлашади. Бу гўшада қиш эрта келиб, кеч кетади. Ёз фасли баҳордек ёқимли.

— Бу афсонамас ҳақиқат, — дейди қишлоқ оқсоқоли Шокир Маҳманазаров. — Салкам 55 йил олдин Мустафоқул Зокиров шарифли ҳамқишлоғимиз сув топиш илинжида қишлоқ тепасида жойлашган «Бойбулоқ» ғорига боради. Шу йили қурғоқчиликдан аҳоли жуда қийналганди. Қояда катта бўлмаган тешик бор. Атрофда ҳаво ҳарорати 30 даража иссиқ бўлса ҳам, ғор оғзидан совуқ елвизак эсиб туради. У шу ғорга киргани бўйи қайтиб чиқмаган. Одамлар Мустафоқулнинг шу ғорга кирганини тахмин қилиб, қўлда фонус билан бир нечта киши ғорнинг 300 метрча чуқурлигигача кириб борган холос. Топиша олмаган. Ўша пайтда бу ҳақида масъулларга хабар берилди, ёрдам сўралди. Орадан бир йил ўтиб, ғор ўрганувчи олимлар катта гуруҳ бўлиб келишди. Ўшанда марҳум танасининг қолдиқларини қопга солиб олиб чиқишди.

Мустафоқулнинг бедарак кетиши, воҳадаги энг чуқур ғорнинг сирли эшигини очди. Ўша кундан бошлаб «Бойбулоқ» ғори тадқиқотчиларни ўзига жалб қилади. Худди Мустафоқулнинг руҳи ғор синоатларини ошкор этишга чорлаётгандек.

2018 йилда Россия, Франция ва Швейцариядан келган олимларнинг қўшма экспедицияси «Бойбулоқ» ғорини янада чуқурроқ ўрганди. Экспедиция натижасида ғорнинг чуқурлиги 1430 метр, узунлиги 15,2 километр экани аниқланди. Бу кашфиёт «Бойбулоқ» ғорини қитъамиздаги энг чуқур ва энг узун ғор эканини исботлади.

Экспедиция аъзоси, швейцариялик Арнаулд Маллард ғор ичида янги дарёлар ва кўллар топилганини, дунёнинг ҳеч бир бурчагида 3 минг метр баландликдаги мана шундай ғор учрамаслигини ҳайрат билан таъкидлаган.

Экспедиция Чўлбайир тоғидаги иккита чуқур ғор — «Бойбулоқ» ва «Вишневский»ни бир-бирига улайдиган сирли туннелларни топишни мақсад қилди. Олимларнинг тахминига кўра, бу икки ғор аслида битта катта ғорнинг бир қисми бўлиб, улар бир-бирига уланган. Агар бу тахмин тасдиқланса, дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири кашф этилади. Аммо экспедициянинг муддати тугагани боис бу сирли туннелларни топишга улгурилмади.

2018 йилдаги экспедиция раҳбари Вадим Логинов 2023 йилнинг 20 август куни Россия, Чехия ва Тайвандан келган 33 нафар спелеолог билан «Бойбулоқ» ғорига навбатдаги халқаро экспедицияни ташкил этди. Бу сафарги экспедицияда спелеологлар янги рекорд даражасига эришиб, ғорнинг чуқурлиги 1517 метр, узунлиги 17 километр эканини аниқлашди.

Олимлар аввалги экспедицияда асосий мақсадларига эриша олмаган бўлсада, «Бойбулоқ» ғорининг ўтиш жойлари 1283 метр чуқурликдаги «Вишневский» ғори томон олиб боришини тахмин қилишди.

Мутахассисларнинг фикрича, иккита ғорнинг потенциал уланиши 2033 метр чуқурлик ва тахминан 30 километр узунликни ташкил қилади. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, «Бойбулоқ» дунёдаги учинчи энг чуқур ғор бўлади. Ҳозирда ғор чуқурлиги бўйича дунёда 12-ўринда туради.

«Бойбулоқ» ҳали ўз сирларини тўлиқ ошкор этмаган. Унинг чуқурлиги ва узунлиги борасидаги янги кашфиётлар, ғор ичидаги синоатлар спелеологларни янада қизиқтириб, навбатдаги экспедицияларни кутишга мажбур қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?