Ошиқ қалблар элчиси

Шеър – бадиият меваси. Гўзаллик излаган ва топган, кўнгилнинг энг чуқур замзамалари изҳори. Айни пайтда оний лаҳза маҳсули бўлгани боис шоир шахсиятини тўла акс эттирмайди. Аксарият ижодкордаги жунун ва сидирға ҳолатни ажрата олмаганидан шахсни асоссиз улуғлашга мойил бўлишади.
Зокир Худойшукур ижодини ўттиз беш йилдан бери кузатиб келаман. Бу йиллар давомида шоир назм ва насрда бешта китоб чиқарди. Талабалигидаёқ Машраб ижодига қизиқди ва битирув иши мавзуси ҳам тасаввуф билан боғлиқ эди. Талабалик давримиз – ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллар бошида тасаввуф мавзусида фалсафа сўқиш урф бўлгани кўпчиликнинг ёдида. Кўпгина олимлар, ҳатто эҳтиёжи йўқлар ҳам азбаройи пойгадан қолмаслик, “модний” бўлиш учун ушбу мавзуда гапиришни, ёзишни ўзига касб қилиб олишган эди.
Нафсиламри, дуч келган ижодкордан мутасаввиф ясашга ружу қўйилган ўша йилларда тасаввуфни ислом динига қарши қўйиш каби бемаъни сафсаталарни ҳам тинглашга тўғри келарди. “Бир Худодан ўзгаси барча ғалатдир Машрабо...” деган сатрларни суюб такрорлашни хуш кўрувчи шоир дўстим таниқли олим Нажмиддин Комиловга шогирд тушиб, ушбу мураккаб мавзуни ўрганишга қаттиқ бел боғлади. Номзодлик диссертацияси муҳокамасида кучини кўрсатган гуруҳбозлик, адоват ёш олим ҳафсаласини пир қилди ва иш ҳимоя қилинмасдан қолиб кетди. Лекин мана шу изланишлар шоир ижодига жиддий таъсир ўтказди. Дунёни тимсоллар орқали англаш, мумтоз адабиётимиздаги рамзларга муҳаббат кейинчалик тарихни ўрганиш билан уйғунлашиб кетди. “Ёшлар” радиоканалида “Тарих ва ёшлар” деган муаллифлик эшиттириши тайёрлаб, меросимизни ўрганишга ва ёш авлод онгига сингдиришга катта ҳисса қўшди. Тарихни ўргангани сайин афсуслари ортгани “Ўғузхон бўзқурти”, “Тузоқ”, “Оқ ўтовнинг мунгли ўлани” қиссаларида яққол кўринади. Шеърга сиғмаган дардлари “Бизнесмен”, “Қайтар дунё”, “Сўнгги ов” каби ҳикоялари ва “Кайвони момо чўпчаклари” туркумини дунёга келтирди.
Зокир Худойшукурнинг “Кўнгил манзаралари” деб номланган навбатдаги китобини ўқиган шеърхон шоир шеърлари байраму шодиёналарда ўқиладиган ўйноқи шеърлар эмаслигини англайди. Мунгли, маҳзун оҳанглар ўқувчини мушоҳада этишга ундайди. Шоир дўстимизни сиртдан билганлар жонсарак эмас, сокин дейди. Аммо шоир зоти борки, қалбан мунозараю муноқаша ичида яшайди. Омон Матжон ёзганидек, “Ҳақ мақсадли одам доим безовта”.
Шеър тўлғоғида ҳаяжонланаётган шоирнинг ҳоли дард тутаётган аёлнинг ҳолидан ёмон. Икки дунё орасида турган аёлга кўмак керак, шоир эса ўз киндигини ўзи кесишга маҳкум!
“Кўнгил манзаралари”га сайр этган ўқувчи шоирнинг модернга мойил машқларидан ўйга толса, “Бахшиёна” туркуми Усмон Азим ижодига эҳтиром самараси эканини дарров фаҳмлайди.
Тўпламдан жой олган илк шеърдан ғазаллару тўртликларгача ҳасрат уфуриб турибди. Бу ҳаётдан нолиш, омадсиз одам надоматлари эмас. Аксинча, Ҳақни танишга муштоқ қалб нидолари бу. Бедор дилнинг номаларини ўз шевангизда ўқиб, “Ё пирай! Менинг изтиробларим-ку!..” дейишингиз тайин. Шеърлардаги жон қуши, сажжода, нафс ити, соқий, чоғир, харобот, эски сопол, эски жом, шароб каби рамзлар мумтоз шоирларимизга шунчаки таассуб меваси эмас. Шоир аждодлар тутган кўзгу орқали дунёни англашга интилган. Зеро, ақли салим зот борки, ёлғиз қолганида ҳаётнинг, дунёнинг моҳияти, яшашнинг маъниси ҳақида ўйлайди. Ўй – инсоннинг доимий ҳамроҳи. Ундан ҳеч ким бебаҳра эмас.
“Элитса, Мажнундай бўзлатса чоғир,
Ҳар неки боримдир, сотай, Майфуруш!
Англамасам дунё надир, ман надир,
Майхонанг кўйига ботай, Майфуруш!”
Ҳолини билган, фанодаги ҳар бир неъмат моҳиятини, сир-синоатини англаган банда бора-бора исмига, исм ортида яширинган тақдирга мослашганини ўзи ҳам сезмаслиги мумкин. Аслида, энг қийини ҳам шу. Ҳолни, ҳадни билиш инсон маънавий камолотининг пиллапояси ҳисобланади. Бу кўтарилиш инсоннинг инсонлигини билдирувчи кўнгил ҳайратига монанддир. Лекин мумтоз шоиримиз Абдулла Ориф айтмоқчи, нафс ила дунёга дил берганлар ҳамиша тоза кўнгил ҳайратларини суиистеъмол қилишга мойил бўлишади. Атрофга боқинг: бундай зотлар ўзларини батамом ақл ихтиёрига берганини кўрасиз. Ақл ғолиб келган жойда кўнгил бечора. Ақл мушоҳадани суйгани сабабли ҳаётнинг бор гўзаллигини англашга изн бермайди.
“Ҳар иш этдим – хато кўрдим,
Бу оламни мато кўрдим,
Ҳақ деганни дуто кўрдим,
Манам шундай бўларманми?!”
“Дуто” сўзи “эгилган, букилган, ожизлик” маъноларини билдиришидан келиб чиқсак, шоирнинг нима демоқчи бўлгани ойдинлашади. Яратганни зикр қилгувчи қалбда кибр бўлмайди. Шайтоний васвасалар ўз-ўзидан чекинади. Шоирнинг юқоридаги сўрови аслида мурожаат.
Зокир Худойшукур шеърларида Юнус Эмро, Бобораҳим Машраб оҳанглари яққол сезилади. Салафлардан таъсирланиш, табиийки, улар меросига муҳаббатдан бошланади ва бу ҳолат ижодкорнинг йўл топишига сабабчи бўлади.
“Умидим бордир жоҳимдан,
Нетиб Лайлоя билдирсам?!
Бир “оҳ” этсам-у оҳимдан
Дунни “Олло”я тўлдирсам!
Ҳама томонда Ул бўлса,
Ҳар қаён боқсам – шул ранглар.
Фақат шул бўлса, шул бўлса –
Ёр исмини айтса харсанглар.”
Аслида, Ҳаққа боғланган кўнгил дунё охират экинзори эканини фаҳмлайди. Аммо “экинзор”ни обод қилиш Унинг амрига мунтазирликдан бошланишини инкор этмайди. Ишқ сийрати даҳри дунни Оллоҳга тўлдиришдан иборат. “Оллоҳнинг ранги-ла рангинмиз”, деган муқаддас каломга ҳар бир дил ўзича шориҳ. Бу ўринда ранг тушунчаси авомнинг назаридаги суврат ёхуд бўёқ эмас, балки руҳнинг минг бир жилвасидир. Мана шу жилва инс-жиннинг моҳиятини билдирмайдими?
“Жонимга айролиқ ўти тутошди,
Ҳижронки висолнинг мавлуди эмиш.
Дунё – ғам уммони – қутурди, тошди,
Ўзни қутқармоқлик мавриди эмиш...”
Банданинг дунё ғамларидан қутилиши чакана гап эмас. Дунё ғамига ботган одамнинг Ҳақ сасини эшитмоғи қийин. Бу ҳазин нолалар аслида ҳар бир бандага тегишли ҳақиқат.
“Табибимсан, санга эҳтиёжим бор,
Нафсим даъвосидан жонимда малол.
Сансиз мушкул осон бўлмоғи душвор,
Ҳою ҳавасимга завол бер, завол”.
Дунё – тубанлик ичра сайр этган ноқис ақл барибир бир куни Табибга эҳтиёж сезади ва беихтиёр юқоридаги каби нола этади. Ҳою ҳавас ҳидоят йўлига қўйилган ғов эканини фаҳмлаган қалб нақадар бахтиёр!
“Аслидекким кўрсат манга,
Ман надир, бу дунё надир?!
Бори аён йўқму Санга,
Зимистон не, зиё надир?”
Бу ўринда тушуниксиз, мураккаб гапнинг ўзи йўқ. Ҳамма шундай ўйлайди барибир: “Мен кимман? Ҳаётнинг маъниси нима?..”
Ўз-ўзи билан қолган, ёлғизликни тусайдиган кўнгилнинг шундай сўрови бўлади, албатта. Чунки ҳеч ким, ҳатто Шайтонга қўл берганлар ҳам ҳадсиз зимистонда қолишни истамайди. Ҳамма ёруғликка интилади. Қалб барибир ўз соҳибини қўмсайди. Унга боғланишни, васлидан роҳату лаззат туйишни истайди. Зиёнинг моҳияти шунда.
Дунёни Фиръавннинг ифлос сарқити деб билган, содиқлар кўкка бўйлаган муродбахш ғорга, қулликдан сорга етишни орзу қилган, нафс итининг кейинги оёғи бўлиб яшашдан ор қилган кўнгил нолаларига инонмай бўладими?
“Хиёнат уйғонди, уйғон, ғазовот,
Киприклардан қувла мудроқ уйқуни!
Шамширни қонимда чархла, адолат,
Ахир, хўрламишлар нозик туйғуни!”
Дунё шевасидан вайрона, макрлар кўйида ҳайрона кўнгил афғонларига қулоқ берсангиз, кўп саволларга жавоб топасиз. Чунки фатвоси улуғ таловчи муқаддас туғни тупроққа қоргани, диллар тошга айлангани, ўтин тош бўлган зўр оташ билан бақамти турганимиз ўтирик эмас.
Ишққа мубтало бўлган борки, лабида мажнуний шароб юқи бор. Шоир ҳақ: тириклик ҳикмати зўр жиғилдон эмас. Дунёдорга ошно кўнгилнинг борар манзили мавҳум. Мавҳумлик кўнгилни хароб қилади. Бундай кўнгил соҳиблари мудроқ соя, холос. Чин дўст ким? Ғафлатдан уйғотган чин дўст. Манзил излаётган музтарга кўмак беринг. Ўткинчи даъволар барибир бир куни барҳам топади. Ҳар гадонинг сарватлидан умиди бор бу дунёда чин дўстни ким топди – ким армонда.
“Қани Дўстга дўст бўлсам ман,
Ўзимдан минг маломат бор!
Ишқдин ичсам, маст бўлсам ман,
На тун-кунда ҳаловат бор!”
Ўзини англаган одам ҳаловатга эришган одам. Бу ҳаловатнинг таърифи йўқ. Кўпга насиб этмайдиган бу тансиқ неъмат одамни маст қилади. Мастона юрган мардум Биру Борнинг тажаллисини, сифатини кўради ҳар неъматда. Уни энди фоний дунё жилвалари ўзига мафтун эта олмайди. Узун-узун орзулар этагини тутган борки, албатта, армон тўрига илинади. Дил гуноҳдан қораяди. Уёғи ҳасрат... Ҳасрат ҳамиша ҳадсиз. Бебақо давронга йиғлаган кўзнинг ибрат олиши даргумон. Даргумонликдан армон қўшиғи яралади:
“Ҳикмат дедим – қол-а- етдим,
Ишқни дедим – ҳол-а етдим.
Дунё сиррин билолмайин
Алиф дедим – дол-а етдим”.
Дарҳақиқат, ақидаси бутун, иймонда собит ижодкорнинг иқрори ўқувчида шубҳа туғдирмайди. “Мавлавийнинг ғазнасини этгум ғорат, Ўмаргайман Машрабийнинг кулоҳини” деб ёзган шоирни ошиқ қалблар элчиси ўлароқ қабул қилмоқ лозим.
“Кўнгил манзаралари” китоби ўқувчини ана шундай сирли дунёга – ижодкор қалбининг энг чуқур пучмоқларига олиб киради. Уни борлиқнинг моҳиятини англашга, абадий мавзулар ҳақида ўйлашга, тегишли хулосалар чиқаришга ундайди. Шеърхоннинг доимий ҳамроҳига, яқин дўстига, ҳамрозига айланади.
Олим ТОШБОЕВ
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг