Ўрта Чирчиқда туманнинг янги марказига асос солинди

20:30 26 Ноябрь 2020 Жамият
1781 0

Тошкент вилоятининг «Уйғур» МФЙ ҳудудида Ўрта Чирчиқ туман ҳокимлиги, Давлат хизматлари маркази, Бош вазир қабулхонаси, Халқ қабулхонаси, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, амфитеатр, ахборот кутубхона маркази бинолари ва Хотира майдони фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Замонавий архитектура услубидаги иншоотлар мажмуалари қуршовидаги туман марказига айланган бу ҳудуддаги маъмурий бинолар Ўрта Чирчиқдаги 65 та фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 158 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган. Барча қулайликларга эга бўлган янги ҳокимлик маъмурий биносида ҳокимлик аппаратидан ташқари Ер тузиш ва кадастр хизмати, туман Қишлоқ хўжалиги мажмуаси, «Маҳалла» жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатасининг туман бўлими каби муҳим ижтимоий хизмат муассасалари жойлашган.

Хотира майдони рўпарасида қуриб битказилаётган кўп қаватли турар-жой бинолари биринчи навбатда яшаш шароити оғир ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёшларга берилиши режалаштирилмоқда. Бу ерда қад ростлаётган туман прокуратураси ва ички ишлар идорасининг янги бинолари ҳам туман марказига салобат ташлаб турибди.

Кеч кузнинг изғиринли, ёқимсиз совуғига қарамасдан, туманнинг янги маркази очилишига бағишланган тантанага чор-атрофдан келувчи одамлар сафи узилмайди. Ҳамманинг юзида табассум, эртанги кунга умид ва ишонч кайфияти мужассам. Тантанали маросим олдидан муқаддас динимиз анъаналарига кўра, Қуръон тиловат қилиниб, фахрийлар ва кексалар фотиҳаси олинди. Шундан сўнг, кишилар қўлини кўксига қўйишиб, жонажон Ватанимиз фахри бўлган Давлат гимни ижросига жўр бўлишди.

—Муҳтарам Президентимиз томонидан кейинги икки йилда Тошкент вилоятига берилган эътибор натижасида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди тантанали йиғилишда сўзга чиққан, Тошкент вилояти ҳокими, Халқ депутатлари вилоят кенгашининг раҳбари Рустам Холматов. — Вилоят марказининг Нурафшон шаҳрига кўчирилиши, ижтимоий-иқтисодий соҳаларга хизмат кўрсатувчи муассасаларнинг янги, замонавий бинолари қуриб фойдаланишга топширилиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бевосита натижасидир. Чунки, бир пайтлар пойтахтда бўлган вилоятнинг маъмурий-маиший идоралари бевосита халққа яқинлаштирилди, Вилоятимизнинг 3,5 миллионлик аҳолиси билан ёнма-ён ҳудудга кўчирилди. Энди, одамлар турли сўровлар, талаблар билан Тошкентга қатнаш машаққатидан қутилдилар. Бу қулайлик, айниқса, бугунги пандемия шароитида жуда-жуда яққол сезилмоқда.

Ўрта Чирчиқ туман марказига асос солинишининг бугунги тантанаси ҳам халққа хизмат қилишнинг нақадар улуғворлигининг яна бир ифодасидир. Қаранг, туман маркази ХХI-асрнинг нақадар кўркам шаҳрига айланмоқда. Буларнинг барчаси ким учун, албатта туман аҳолиси — оддий кишилар учун бунёд этилмоқда.

—Вилоятнинг Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ, Оҳангарон, Янгийўл каби туман ва шаҳарларидаги кейинги икки йилда амалга оширилган бу каби бунёдкорликлар замирида инсон омилига эътибор, одамлар розилигига эришишдек эзгу мақсадлар мужассамлиги билан аҳамиятлидир,-дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев. — Давлат хизматлари соҳасини мукаммаллаштириш, электрон хизмат кўрсатишни ривожлантириш жараёнларини чекка бир қишлоқдаги бундай кўркам бинода мужассамлашгани кишини мамнун этади.

Туман ҳокимлигининг янги биноси рўпарасида Давлат хизматлари маркази, Бош вазир қабулхонаси, Халқ қабулхонаси, туман ФҲДЁси, Халқ таълими ҳамда Мактабгача таълим бўлимларининг жойлашиши турли хил мурожаатлар билан келган кишиларни идорама-идора бош суқиш ташвишидан қутқазганлиги билан аҳамиятлидир.

—Янги биномизда бир йўла 500 нафаргача фуқароларга хизмат кўрсатиш имкониятига эгамиз, — дейди тумани Давлат хизматлари маркази директори Севара Ҳошимова. — Жорий йилнинг ўтган 9 ойида аҳолига 26 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, шундан 23 858 таси бевосита марказимиз орқали амалга оширилди, Икки минг нафарга яқин фуқаролар давлат хизматларидан мустақил равишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланди. Айниқса, аҳоли томонидан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсат бериш, электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш, манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш, электр, газ, сув тармоқларига уланиш каби давлат хизматлари бўйича мурожаатлар кўп бўлмоқда. Албатта, янги бинода бундай хизматлар кўрсатиш кўлами ва маданияти янада ортади.

— Марказ биносининг замонавийлиги менга жуда ёқди, — дейди «Қорасув» МФЙда истиқомат қилувчи Даврон Отақулов. — Мебель цехимиз бор, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланамиз. Бизнесимизни кенгайтириш мақсадида янги бино қурилишига рухсат олиш учун келгандим. Бу ердаги шароитлар таърифига сўз ожиз. Масъул ходимларнинг муомила маданияти кишини мамнун этади. Айниқса, кўрсатилаётган сервис хизматлари юқори савияда ташкил этилган.

Дарвоқе шундай, замонавий бинога илк қадам қўйган киши бунга ишонч ҳосил қилади. Бу ердаги электрон навбат олиш хизмати маҳаллий аҳоли учун кутилмаган янгилик бўлди.. Булардан ташқари 31та қабул ойнаси, кутиш заллари, ташриф буюрувчилар вақтини мазмунли ўтказиш учун ташкил қилинган мўъжазгина кутубхона, ёш гўдаги билан келган оналарга хизмат кўрсатувчи болалар майдончаси, тамаддихона, адлия, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш туман бўлими, фаоллар зали, инвесторлар учун алоҳида хона, нотариал хизмат ва банк шохобчаси, буларнинг барчаси халқнинг розилигини олиш учун пухта ўйлаб қилинган режалар самарасидир.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(Халқ сўзи)
Нозим АБДУЛЛОҲ олган суратлар

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?