«Орадан ола чиқди»: Исроилда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошланди

11:46 28 Март 2025 Дунё
834 0

Минглаб Исроил фуқаролар мамлакат шаҳарларида кўчаларга чиқиб, яқинда қабул қилинган ва судьялар тайинлаш жараёнида сайланадиган мансабдорларнинг ваколатларини кенгайтиришни кўзда тутувчи қонунига қарши норозилик билдирди. Бу ҳақда DW нашри хабар берган.

Намойишчилар, шунингдек, Ғазо секторида ХАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиёт олиб бораётган ҳукуматдан гаровдаги фуқароларни озод қилиш учун келишув тузишни талаб қилган.

Шу куни кундузги пайтда Кнессетда мазкур низоли қонун бўйича кўп соатлик муҳокамалардан сўнг овоз бериш ўтказилди. 120 депутатдан 67 нафари қонунни қўллаб-қувватлади, фақатгина бир нафар депутат қарши овоз берди. Оппозиция эса овоз беришни бойкот қилди.

Айтиш керакки, қонуннинг қабул қилиниши Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳуга 2023 йилда мамлакатда катта норозиликларга сабаб бўлган суд ислоҳотини янада илгари суриш имконини беради.

Нетаньяху бош вазирликка қайтгач, 2023 йил бошида суд ислоҳоти ташаббуси билан чиққан. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси Олий суд судьяларини танлашда кўпроқ ваколатларга эга бўлади ва суднинг қонунларга вето қўйиш ваколати чекланади.

Бунга кўра, ҳукумат амалда судьяларни тайинлашда тўлиқ назоратни қўлга киритиши мумкин. 27 март куни қабул қилинган қонунга қарши даъволар энди Исроил Олий судида кўриб чиқилади.

Охирги кунларда Исроилда бир нечта йирик норозилик намойишлари ўтказилди. Намойишчилар ҳукуматдан ХАМАС билан келишувга эришишни талаб қилмоқда. Танқидчилар фикрича, Нетаньяхунинг Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаши гаровдаги фуқароларнинг ҳаёти ва эркинлигини хавф остида қолдирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?