Оқланмаган ишонч ёхуд эришилган ютуқларга маҳлиё бўлишнинг даври ўтди

17:47 25 Июль 2024 Жамият
177 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Қизилқум кенгликларида эртакларда эшитганимиз — қуш учса қаноти, одам юрса, оёғи куядиган саҳро ястаниб ётибди. Бугун мазкур чўлу биёбон атаётганимиз ҳудудда биргина Навоий вилоятининг Томди, Конимех, Учқудуқ ва Нурота (қисман) туманларининг юзлаб овул ва қишлоқлари жойлашган бўлиб, уларда минг-минглаб юртдошларимиз истиқомат қилмоқда. Табиийки, ҳар бирининг ўз орзу-ҳаваси, умид ва ташвишлари бор.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ҳар бир фуқаро, оиланинг ўй ва ташвишидан хабардор бўлиш, йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларнинг ечимини топиш, одамларнинг эрта ёки яқин истиқболда эмас, айнан шу кундан эътиборан ҳаётдан рози яшашини таъминлаш сиёсати Қизилқум кенгликларида ҳам ўз самараларини бера бошлаганига анча бўлди.

Чунончи, Президентимизнинг 2017 йил 25 апрелдаги «Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори Қизилқум кенгликларидаги Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларида узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни самарали ҳал этиш, мазкур ҳудудларни ривожлантиришдаги номутаносибликларга барҳам бериш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини тараққий эттириш, аҳолининг фаровонлигини ошириш, замон талабларига муносиб турмуш шароитларини яратиш, бандлигини таъминлашдек мажмуавий тадбирларни қамраб олган.

Шу асосда амалга оширилган эзгу ишлар самарасини Учқудуқда ҳам илғамасликнинг иложи йўқ. Кўчалар кенгайтирилиб, ободонлаштирилди. Янги-янги иморатлар, ишлаб чиқариш объектлари, дам олиш масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, ёшлар камолоти йўлида турли марказлар, сўлим гўшалар фаолияти йўлга қўйилди. Ҳатто Учқудуқ шаҳар бўлиб, қарийб олтмиш йилдан буён қурилиши чўзилиб келаётган истироҳат боғи ва сунъий кўл бунёд этилиб, бир неча авлод орзуси рўёбга чиқди.

Олис овулларда «Обод маҳалла» дастури асосида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, унинг доирасида туманнинг Қулқудуқ, Мингбулоқ, Узунқудуқ, Шалхар, Йўлчилар, Кўкаяз, Бузаубай овулларида аҳолининг уй-жойлари тўлиқ таъмирланди. Ушбу овулларда мактаб, боғча ва қишлоқ-врачлик пункти, маҳалла гузари, спорт майдони, болалар ўйингоҳи ва ҳаммомлар тикланиб, мавжудлари замон талабига мослаштирилди. Шунингдек, ички йўллар таъмирланиб, янги ичимлик суви тармоқлари тортилди. Аҳолининг газ таъминотидаги эҳтиёжлари тўлиқ ўрганилиб, қўшимча газ баллон ҳамда газ плиталари тарқатилди. Электр энергияси таъминотида тармоқлар, трансформаторлар таъмирланди, янгиланди ва қўшимча қувватлар ишга туширилди.

Табиийки, бу янгиланишлар одамлар шуурида ҳам ўзгаришлар ясаб, элга эл қўшилмоқда. Узоқ йиллар қаровсиз ётган ҳудудлар кўзни қувонтирадиган масканга айланганини учқудуқликларнинг ўзлари мамнуният билан таъкидлашиб, уларнинг барчаси мамлакатимиз раҳбарининг эътибори, давлат ва ҳудудий ҳамда тармоқ дастурлари самараси эканини алоҳида эътироф этмоқда.

Албатта, бугунни кеча билан солиштириб, эришилган марраларга маҳлиё бўлиб ўтирадиган даврлар ўтди. Бугуннинг талаби, юксалиш шиддатининг мезонлари мутлақо бошқача. Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали ташқи бозор географиясини кенгайтириш, пировард натижада аҳоли фаровонлигини янада ошириш, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, камбағалликни бартараф этиш ва бошқа қатор омиллар янгиланишларнинг маъно-мазмунини белгилайди.

Шунингдек, бугунги кунда Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон номини олган тажрибалар ўзини оқлаб, улар энг қуйи бўғинларда аҳолининг фаровонлиги ошишига хизмат қилмоқда. Биргина мисол: Сайхунобод тажрибаси, яъни иқтисодий комплекс ташкилотларининг маҳаллага тушиб, «хонадонбай» ишлаш тизими асосида ҳар бир маҳалладаги хонадонлар учун молиявий пакет қилиб берилиши вилоятда жами 3261 та оилавий корхона фаолиятига асос бўлмоқда. Учқудуқ тумани эса бунда бор-йўғи 36 та улушга эга. Ваҳоланки, ундан аҳолиси уч баравар кам Томди туманида ҳам оилавий корхоналар сони 35 тани ташкил этади. Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.

Хусусан, 2023 ва 2024 йиллар 1 июль ҳолатида туманда рўйхатдан ўтган юридик шахслар (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) фаолиятига назар солсак, фаолият юритаётганлар (2023 йилда 915, 2024 йилда 807) 108 тага камайиб, ишини тўхтатганлар (292/315) 23 тага ошганини кузатиш мумкин. Шунингдек, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида туман бўйича 170 та юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич қарийб уч баравар камайиб, бор-йўҚи 60 тани ташкил этади.

Ҳолбуки, 21,3 минг меҳнатга лаёқатли аҳолига эга туманда ишсизлик даражаси 6,6 фоиз, яъни 1,4 мингни ташкил этади. Муаммога жиддийроқ эътибор қаратилса, уни ноль даражагача бартараф қилишнинг қатор имкониятлари мавжуд. Рақамларни бўлсак, вилоятдаги ишсизларнинг ўн фоизи Учқудуқ тумани ҳиссасига тўғри келиб, йил бошидан буён вилоят бўйича 33 фоиз ишсизлар бандлиги таъминлангани ҳолда, бу кўрсаткич ҳудудда энг паст — 13 фоизни ташкил этади. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг қарийб ярмидан кўпи (11 минг атрофида) «НКМК» АЖ ва «Навоий уран» ДК каби саноат корхоналарининг ҳудудий тузилмаларида бандлиги таъминлангани ҳамда ижтимоий соҳа ташкилотларида ишлашини инобатга оладиган бўлсак, туманда бандлик масалалари ўз ҳолига ташлаб қўйилганми, деган фикр уйғонади.

Аҳоли розилигини ифода этувчи яна бир масала тиббий хизмат сифати билан боғлиқ. Бу борада мамлакатимиз Президентининг бирламчи тиббий санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга қаратилган қарорлари ҳамда «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси асосида туманда тиббиёт муассасаларининг моддий техник базаси яхшиланди, замонавий технологиялар, тез тиббий ёрдам кўрсатишда реаномобил ва йўлтанламас автомашиналар келтирилди. Лаборатория ва ташхислаш ускуналари янгиланди. Мураккаб жарроҳлик операцияларини ўтказиш ўзлаштирилмоқда. Бироқ таҳлиллар ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 14 ёшгача бўлган болалар ўлими, болалар ўртасида бирламчи ногиронликка чиқиш, юқумли гепатит, ўсма касалликлар билан касалланиш, наркологик, руҳий хасталиклар, ўпка сили касалликлари билан оғриш муайян рақамлардан тортиб, бир неча бараваргача кўпайганини кўрсатади. Табиийки, ушбу кўрсаткичлар депсинишгина эмас, орқага кетишни ифода этиб, аҳоли кайфияти ва турмуши фаровонлиги, эртанги кунга ишончи мустаҳкамлигига ҳам салбий таъсир қилиши муқаррар.

Туманда табиий бойликлардан фойдаланиш ҳам ўз ҳолига, тўғрироғи «НКМК» АЖ ва «Навоий уран» ДК каби саноат корхоналарининг зиммасига ташлаб қўйилган. Ташаббускорлик ва масъулиятни зиммага олиш етишмайди. Мисол учун, ҳудуд туз конларига эга бўлгани ҳолда бирорта ҳам уни қайта ишлаш, ёд билан бойитиб, қадоқлаш корхонаси фаолияти йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти каби қўшни ҳудудлар ушбу конлар хомашёсидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни ташкил этиб, ҳатто маҳсулот экспортини йўлга қўйгани ҳақида фактлар талайгина.

Яна бир жиҳат туманнинг чорвачилик учун қулайлиги билан боғлиқ. Мазкур масалада мамлакатимиз Президенти 2021 йили Учқудуқда 4 минг бошга мўлжалланган йилқичилик комплексини қуриш бўйича топшириқ берган эди. Мазкур топшириқ асосида 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган график режа ишлаб чиқилган. Ушбу режага асосан, 2022 йилда 400 бош, 2026 йилга бориб 800 бошга мўлжалланган йилқичилик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, 41 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Мазкур топшириқ ижроси хусусида сўраганимизда туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Сирожиддин Абриев 2022 йилнинг ранги ўчиб кетган графигини тақдим эта олди, холос.

Туманда Ёшлар ва кичик саноат зоналари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ҳам илиқ фикрлар айтиш мушкул. Шу каби ўрганишлар таҳлилига кўра Президентимиз раислигида жорий йилнинг 17 июль куни бўлиб ўтган иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида бир қатор туман ва шаҳарлар қатори Учқудуқда ҳам туман ҳокими фаолиятидаги тизимли камчиликларга баҳо берилди.

— Мен шу йил 84 ёшга кирдим, — дейди меҳнат фахрийси Абдулла Керимбоев. — Бир оқсоқол сифатида Юртбошимиз эътибори ва ғамхўрлиги туфайли олис ҳудудларда, жумладан, бизнинг Учқудуқда амалга оширилган ўзгаришлардан халқимиз мингдан-минг рози эканлигини айтмоқчиман. Бироқ юқоридан келган топшириқларни қўл учида бажариш билан халқнинг фаровонлигини таъминлаб бўлмайди. Бунинг учун тинимсиз изланиш керак. Изланган одамга Учқудуқда имконият кўп. Қанчадан-қанча қазилма бойликларимиз бор. Уларни қайта ишлайдиган корхоналар очилса, олис овулларда янги иш ўрни пайдо бўлади, маҳсулотлар экспортга чиқарилади. Бизнинг ҳудудимизда бир иморат қуриладиган бўлса, ғиштдан тортиб тупроғигача четдан келтирилади. Албатта, бу аҳолининг турмуш даражасига таъсир этади. Шунинг учун олис овуллардаги ёшлар марказга — Шимолий кон бошқармасига ишга киришга кўпроқ интиляпти. Бу каби ўзибўларчиликлар халқимизнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Табиийки, бундай лоқайдлик ва бепарволик маҳаллий ҳокимиятга нисбатан одамлар ишончини йўқотади.

Чинданам, Учқудуқнинг олис ҳудудларида одамларнинг фаровонлигини ошириш, оғирини енгил қилиш учун ташаббускорлик, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш учун жонкуярлик етишмаяпти. Агар ҳудуд салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ режалар асосида иш ташкил этилганда эди, туман иқтисодиёти барқарорлиги таъминланиб, маҳаллалар обод, аҳоли турмуши фаровон, халқнинг юрт эртасига ва истиқболига ишончи янада ошарди. Зеро, мамлакатимизда ўтказилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам шунга қаратилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер