Онлайн қиморга ҳаддан зиёд берилиб кетган фуқаролар «қора рўйхат»га тушади. Уларнинг ўйинлардаги иштирокини чеклаш механизмларини жорий этиш кўзда тутилмоқда

12:22 14 Январь 2025 Сиёсат
130 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилиб, капитал бозори ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тартибга солишга қаратилган муҳим нормаларни ўз ичига олган.

Қонун лойиҳасида таваккалчиликка асосланган ўйинларни лицензия асосида ташкил этиш ва уларда иштирок этиши тақиқланган фуқаролар тоифасини белгилаш назарда тутилмоқда. Онлайн қимор ўйинларига ҳаддан зиёд қарам бўлган шахсларнинг рўйхатини юритиш ва уларнинг иштирокини чеклаш бўйича қоидалар киритилган. Бу орқали ушбу ўйинларни назорат қилиш ва ҳуқуқий асосларда тартибга солиш кўзланган.

Қонун лойиҳаси қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ва суғурта ташкилотлари фаолиятини тартибга солишни назарда тутади. Шунингдек, ушбу соҳаларда ваколатли орган ва унинг вазифалари белгиланмоқда. Бу ўзгартишлар капитал бозори ва суғурта соҳасида шаффофликни таъминлаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилади.

Лойиҳада интернет жаҳон ахборот тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинларни ҳуқуқий тартибга солишга алоҳида эътибор берилди. Хорижий ва ноқонуний сервислардан фойдаланишни чеклаш ҳамда ўйинларга ҳаддан ташқари қарамликни камайтириш механизми жорий этилади. Бу янгиликлар интернетдаги ноқонуний фаолиятларга қарши курашда муҳим қадам бўлади.

Муҳокамалар давомида депутатлар аҳоли ўртасида таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг кенг тарқалаётганидан хавотир билдирилди. Улар лотереялар ва ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнларини такомиллаштириш зарурлигини қайд этишган. Қонун лойиҳасининг ушбу йўналишлардаги меъёрлари депутатлар томонидан маъқулланди.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши капитал ва суғурта бозорини янада ривожлантиришга, шунингдек, лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тартибга солишга хизмат қилади. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, ушбу соҳаларда назорат мустаҳкамланади. Қонун, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди. Ушбу ташаббус иқтисодий секторда шаффофликни таъминлаш ва аҳоли ўртасида ноқонуний ўйинларнинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер