Онахонни сарсон қилишдан хижолат чекмадингизми?
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги «Хайрхуш» қишлоғида яшовчи Мунира Ниёзова умид билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро шаҳар Халқ қабулхонасига келди. Қизи Гулруҳ Турсунованинг икки фарзанди учун тўланиши лозим бўлган алимент пулларини ундира олмаётганини айтиб кўмак сўради.
— Маълум бўлишича, фуқаро М. Ниёзова Мажбурий ижро бюроси Вобкент туман бўлимига пулни ундириб беришни сўраб бир неча бор мурожаат қилган, — дейди Бухоро шаҳар Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Ж. Ҳайдаров. — МИБ ходими томонидан 2020 йил октябрь ойидан 2021 йил июль ойигача 4 миллион 642 минг сўм ва 2021 йил августидан ноябрь ойигача 3 миллион 720 минг сўм, жами 8 миллион 362 минг сўм миқдорида маблағ тўлангани айтилиб, почта квитанциялари тақдим этилган. Таажжубки, пуллар фуқарога етиб келмаган. Онахон Вобкент туман почта алоқа бўлимига борганида эса пул ҳали келмаганини айтиб, «Келиши билан уйингизга юборамиз», дея ваъда беришган. Бу ҳол бир неча бор такрорланган.
Шундан сўнг фуқарога адвокат орқали керакли маслаҳатлар берилди. Ўз ҳақ-ҳуқуқига оид билим ва тушунчасини мустаҳкамлаган онахон яна Вобкент туман почта алоқа бўлими раҳбари ҳузурига йўл олди.
— Бу гал у «Сиз вақтида келмагансиз, пулингизни бошқа алимент олувчиларга тақсимлаб берганмиз, энди уларнинг пуллари келса, сиз оласиз», деган жавобни эшитган, — давом этади Ж. Ҳайдаров. — Шу тариқа мурожаатчининг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб қайтариб юборишган. Биз шундан сўнг тегишли ташкилот раҳбарларини жалб қилган ҳолда фуқаро Мунира Ниёзованинг қизига тегишли бўлган 8 миллион 362 минг сўм миқдоридаги алимент пулларини шу куннинг ўзидаёқ ундириб бердик.
Шу ўринда «Туман почта алоқа тизими масъуллари бир онахонни шунча овора қилишдан хижолат чекишмадимикан?» деган савол туғилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро шаҳар Халқ қабулхонасига келсак, 2022 йилда бу муассасага мурожаатлар сони нисбатан камайди.
— Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган айрим мутасаддилар қабулхонамиз назаридан четда қолмади, — дейди Ж. Ҳайдаров. — Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф этиш юзасидан давлат идоралари ва мутасадди ташкилотларга 31 та тақдимнома, Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашига 12 та ахборот киритилди. Пировардида 122 нафар ходимга нисбатан интизомий чоралар қўлланилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг