Омонатга хиёнат

Темур Эшбоев/«Халқ сўзи». Бу воқеа қарийб юз йил муқаддам Селезияда содир бўлган. Ой-куни яқин ҳомиладор аёл вафот этгач, тобут кўтарган азадорлар ундан чақалоқ йиғисини эшитиб, даҳшатга тушади. Она юраги охирги бор талпиниб, сўнгги манзилнинг сўнгги йўлида ўз оналик бурчини уддалайди.
Ҳақиқатан ҳам инсон табиатнинг бетакрор мўъжизаси. Унинг имконият, салоҳият, каромату қудрати хусусида бундайин ақл бовар қилмас мисолларни минглаб келтириш мумкин. Шу инсон туфайли она сайёрамизда мазмун, бу ўткинчи дунёга бир уюм тупроқдан иборат ҳуснбузар ясаш учун келиб кетмасликдек ҳаёт фалсафаси жамланган. Бинобарин унинг чекланган муҳлат ичида яшашининг ирода қилингани ҳам, кексаларимиз таъкидлаганидек танадаги жон омонатлиги ҳам бор гап. Кимнинг омонати?! Унга хиёнат нимадан иборат.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳридаги 30 – умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилганлиги ҳақидаги хабар тарқалиб, бу бир йил давомида ушбу мактабдаги тўртинчи ҳолат дея иддао қилинмоқда. Ўтган ой икки юртдошимиз – икки онанинг ўзи ва фарзандлари жонига қасд қилганлиги ҳақидаги хабарни чоп этишди. Тўғри, ўз жонига қасд қилиш ҳолати барча давлатларда, барча даврларда учраб турадиган ҳолат. Кимдир уларни руҳий хасталикнинг кўклам хуружи, кимдир ёшликнинг «романтика»си, яна биров қисматга йўймоқда. Мазкур ҳолатларнинг барчасида ҳатто эгасига ҳам инсон ҳаёти дахлсизлиги омили турибди. Халқимизда марҳумлар ҳақида ёмон фикрлар билдирмаслик ақидаси мавжуд.
— Ўз жонига қасд қилиб, ўз ҳаётига нуқта қўйиш инсон томонидан содир этилган энг оғир жиноят, — дейди Навоий вилояти бош имом хатиби Тоҳир Рўзиев. — Муқаддас динимизда бу жиноят ҳукми — гуноҳи кабира этиб белгиланган.
Аллоҳ таолонинг гуноҳкор бандалари учун тавба эшиклари доимо очиқ. Бироқ ўз жонига қасд қилган бандасига нисбатан бу эшик тамомила ёпилади. Чунки гуноҳи кабирани содир этган кишининг ҳаёти шу ҳаракати туфайли тугаб, у қотиллик билан баробар қилинган. Бир сўз билан айтсак, динимизда инсон хоҳ ўзини, хоҳ бировни ҳаётдан маҳрум этсин гуноҳи бир хил кабира ҳисобланади. Инчинун, бир кишини ноҳақ ўлдирган одам барча инсониятни ўлдирган, бир кишига ҳаёт бахш этган одам бутун инсониятга ҳаёт бағишлаган билан тенг кўрилади.
Ҳадиси шарифларда ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ амаллардан бири эканлиги билдирилиб, Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар с.а.в. айтдилар: «Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб, пичоқ олдида, қўл(томири)ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: «Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим...».
Озгина уқубат, жиндек ташвиш ва мусибатга чидолмай оз жонига қасд қилиш нодонликдир. Инсон бу амали билан ҳеч қачон мусибатдан қутулолмайди, билакс қиёматда унданда ачинарли ҳолатларга тушади. Зеро, Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинишича: Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: «... Кимки ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат кунида ўша нарса билан азобланади».
Умр жуда оз муддатга берилган имконият, синов дунёси. Синов сўзига бежиз урғу бермадик, шу муддатда руҳ синалади, тобланади. Шу кеча-кундуз олий ўқув юртларига кириш истагидаги ёшларни кузатмоқдамиз. Китоб устида тунлар тонгга уланмоқда. Тайёрланиш жараёнларида уларда авваллари ҳеч дуч келмаган сабру қаноат ва интилишни кўриб, ҳар қандай лоқайд киши ҳам тасанно айтиши шубҳасиз. Бу ёшлар ўз ҳаётида туб бурилиш ясаш синови олдидан ўз бардоши ва матонатини аввало имтиҳондан ўтказмоқда. Ҳаётнинг эса ҳар бир куни имтиҳон. Бу имтиҳонлардаги ўзни тутиш тақсир таъкидлаганидек инсоннинг нафақат бу фоний дунё, балки охиратдаги мақомини ҳам белгилайди.
Сўз инсон ўз жонига қасд қилиш хусусида кетаркан, албатта муҳит, атрофдагилар, мутасадди шахслар бепарволиги ёхуд эътиборсизлиги каби омиллар ҳам бор. Табиийки улар ҳам ўз айбига яраша жавоб беради. Шу ўринда аниқ бир мисолга ўтсак. Бу воқеа Қизилтепа туманида содир бўлган. Қайнона, қайнсингиллар ҳамда эрнинг феодалларча муносабатига чидолмаган келин ўз жонига қасд қилиб, бу ёруғ оламни тарк этади. Айбдорлар қилмишига яраша жазосини олишди. Маҳалла фаоллари, қариндошларнинг юзи шувут. Икки норасида гўдакни чирқиратиб, гулдек умрини хазон қилган марҳумга бундан не фойда. Донишмандлар бу ҳолатни инсоннинг ўз иродаси қаршисида ожизлиги дея таърифлайди.
— Машаққатга дуч келганда уни енгиш киши руҳини тоблайди, — дейди фалсафа фанлари доктори Нигора Сафарова. — Инсон ҳаётининг умри давомида бир маромда осуда кечмаслиги табиий жараён. Оддий кишилар, буюк аллома ва саркардалар ҳаётидан бунга юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Кўп узоққа бормай, ўтган асрнинг ўзига разм солсак, ота-боболаримиз собиқ тузумнинг қанчадан-қанча уқубатларини бошдан кечирмади. Шундай бўлсада, сабр ва матонатли меҳнат билан барча оғирликларни енгганлар. Бугун ўша муаммолар барчаси ечилган, ейиш-ичиш, ҳузур-ҳаловатда деярли муаммо йўқ. Афсуски, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари камаймаяпти. Уларни таҳлил этаркансиз, оддий оилавий можаролар ёки ёшларнинг ҳою ҳаваси оқибати эканлигига гувоҳ бўласиз. Минг афсуски, биз кўпинча мана шу оқибатга эътибор қаратмоқдамиз. Иллатнинг олдини олиш, йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқариш борасидаги тадбирларимиз ҳамон мавсумбозликдан иборат.
Бугун ҳаётимизни интернет тармоғисиз тасаввур этишимиз мушкул. Турли хабар, маърифий ва кўнгилочар сайтлар аллақачон ҳаётимиз кундалик меъёрларидан бирига айланиб улгурди. Афсуски, ижтимоий тармоқларда маърифат билан билан бирга, зулм ва зулмкорлик ҳам тарқатилмоқда. Хусусан, ўз жонига қасд қилишнинг турли йўлларини тарғиб этувчи, ўргатувчи ва даъват этувчи тармоқларнинг ҳам мавжудлиги бугун инсониятни ташвишга солмоқда. Айниқса, ўз жонига қасд қилишнинг зулмкорлар томонидан ишлаб чиқилган «кўк кит» деган турининг оғриқлари ҳали тузалгани йўқ. Минг шукрки, мутахассисларнинг таъкидлашича, бу мамлакатимизда оммалашмади. Бироқ интернет ва ахборот коммуникация тармоқлари шиддат билан ривожланиб бораётган экан, у бўлмаса бошқаси, бугун бўлмаса, эртага ёшларимизга тузоқ қўйиши тайин. Афсуски, шундай «эпидемия»га қарши бирор бир жўяли профилактик чора ёки «вакцина»миз мавжуд эмас.
Таъкидлаш жоиз, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп мамлакатларда ёпиқ мавзу ҳисобланади. Яъни «табу» — тақиқ қўлланилади. Мутахассислар уни «тескари самара» беришидан ҳайиқиш билан изоҳлайди. Боиси ўз жонига қасд қилишга мойил инсон бундай хабар ва хабардорликдан янада руҳий тушкунликка тушиши, ўзини ўша марҳум билан солиштириши ва хулосага келиши, «ибрат»олиши мумкин. Шу сабаб ривожланган мамлакатларда ўз жонига қасд қилишга мойил шахсларга руҳшунос ёрдамини берувчи сайтлар, марказлар, аноним хизматлар ташкил этилган. Мойил шахсларда кузатиладиган дастлабки белгилар доимий равишда ота-она ва яқин қариндошлар учун бериб борилади. Ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай даъват махсус «вирус»лар орқали зарарсизлантирилади. Таассуфки, мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида ушбу профилактика тадбирларининг мамлакатимиздаги аҳволи билан қизиқиб, ижтимоий тармоқларни титарканмиз, бирор тадбирга дуч келмадик. Ваҳоланки, инсоннинг ўз жонига қасд қилиши киши руҳиятидаги муаммолар оқибати эканлиги бугун сир эмас.
Айтишларича, Жалолиддин Румий ҳазратлари болалик чоғи тенгқурлари билан ўйнаб юрганида уларнинг томдан-томга сакраш шўхликларига қўшилмайди. Уни журъатсизликда айблашларига жавобан эса «томдан-томга сакраш мушукларнинг иши, агар танда қувватинг бўлса осмон томига сакрагил», дея даъват этадилар. Демак инсон ўз олдига буюк мақсадларни қўйиб, интилса унга эришмоқлик муқаррарлигини Румий ҳазратлари исботлаб бердилар. Донишманд дейди; агар ишинг юришмаса ҳаракат қил, яна юришмаса кўпроқ ҳаракат қил, барибир ишинг юришмаса унда сен учун бир йўл қолади, у ҳам бўлса ҳаракатдир. Ҳа, дунё, яратилган ўн саккиз минг олам ҳаракатдан иборат. Унинг бир мурватчаси эканмиз ҳаракатимизни ўзимиз тўхтатиш нодонликдир. Инсоният минг-минг йиллардан буён умрни узайтириш устида бош қотирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг