“Олтин тўп” тарихига бир назар

15:18 30 Ноябрь 2021 Спорт
567 0

Замонамиз, балки барча замонларнинг энг яхши футболчиси Лионель Мессига еттинчи бор "Олтин тўп” соврини топширилгани ҳақидаги хабарлар тарқаган шу кезда бу нуфузли мукофотнинг тарихига бир қур назар ташлашни лозим топдик.

“Олтин тўп” 1956 йилда  “France Football” журнали бош муҳаррири Габриэл Ано  томонидан таъсис этилган. Худди шу йилдан то 2006 йилгача “Олтин тўп”ни топшириш футбол журналистлари ўртасида овоз бериш йўли билан амалга оширилган. 2007 йилдан бошлаб эса миллий терма жамоаларнинг мураббийлари ва сардорлари ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Аввалига бу нуфузли соврин фақат европалик футболчиларга берилар эди. Бироқ 1995 йилдан бошлаб ҳар қандай миллатга мансуб футболчига топшириладиган бўлди. Фақат бир шарт билан: у Европа клубида ўйнаётган бўлиши лозим. Худди шу йилда “Олтин тўп” илк бор европалик бўлмаган ўйинчига насиб этди. Ёши улуғ мухлислар гап “Милан” ҳужумчиси, африкалик  Жорж Веа ҳақида бораётганини пайқанан бўлса керак, албатта.

2007 йилга келиб, соврин тартиб – қоидаси яна ўзгарди. Энди “Олтин тўп”га дунёнинг ҳар қандай  клубида ўйновчи исталган миллатга мансуб футболчи эга чиқиши мумкин. Шу билан боғлиқ тарзда ғолибни аниқлаб берадиган журналистлар сони 52 нафардан 96 нафарга  етказилди. Улар совринга номзод беш футболчи номини аниқлаб беради.

Қизиғи, ушбу совринни энг кўп немис футболчилари қўлга киритишган. Германиянинг беш футболчиси етти бор “Олтин тўп” соҳиби бўлган. Дарвозабонларга келсак, дунёнинг энг зўр индивидуал соврини фақат Лев Яшинга насиб этган. Собиқ СССР терма жамоаси посбони 1963 йилда бу совринни боши узра даст кўтариш бахтига муяссар бўлган эди.

Ниҳоят, кўпчиликни қизиқтирадиган савол: “Олтин тўп”нинг нархи қанча?

Соврин заргарлар сулоласи томонидан тайёрланади. Унинг нархи 13 минг евро туради. Табиийки, бу фақат совриннинг баҳоси. Уни қўлга киритган футболчи бутун дунё эътирофини қозонган бўлади. Шу билан боғлиқ тарзда ”Олтин тўп” баҳоси ҳам ошса ошадики, тушмайди. Месси 2019 йилда шу совринни қўлга киритганида “Барселона” унга 5 миллион евро миқдорида мукофот пули берганди. Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, Роналду ўзининг “Олтин тўп”идан бирини хайрия акцияси доирасида 600 минг фунтга сотган, тушган маблағ жиддий касалликка чалинган болаларни даволашга йўналтирилган эди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?