Олиснинг “буғдойи”дан...
Бугун юртдошларимиз орасида хорижда ишлаб даромад топишга интилаётганлар кўп. Бири моддий аҳволини тезроқ ўнглаб олишни мақсад қилса, бошқаси тўй ўтказиш, ҳовли-жой, автомобиль сотиб олишга маблағ жамғаришни кўзлаб йўлга чиққан. Аммо уларнинг Ватандан ташқарида ишлаши, соғлиги, меҳнат ҳақини ўз вақтида олиши, хавфсизлиги қай даражада муҳофазаланган?
Аввало хорижга ишлагани борган инсон ўша жойнинг тартиб қоидаси, ўзи шуғулланаётган ишнинг хусусияти, энг муҳими, техника хавфсизлиги қоидаларига жиддий амал қилмоғи лозим. Кейинги пайтларда меҳнат муҳожирлигини ихтиёр қилганлар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг кўпаяётганлиги ачинарли. Айримлар ҳатто белгиланган иш жойига етиб бормасдан йўл ҳодисаларига ҳам учрамоқда. Масалан, бундан бир неча йил аввал Россияга йўл олган наманганликлар ўтирган автобус Қозоғистоннинг Оқтубе туманида фалокатга учрагани ҳали кўпчиликнинг ёдида. Тириклай ёниб кетган эллик икки нафар йўловчининг ҳаммаси бир-бирига ёндош қишлоқдан бўлиб, норасмий ишлаш учун йўлга чиққанди.
— Россияга ишлаш учун боргандим. Фалокат оёқ остида, деганларидек тўсатдан тойиб кетиб, поезд ғилдираклари остида қолдим, — дейди тўрақўрғонлик Д. Аҳмаджонов. — Уйдан соппа-соғ чиқиб, муҳожирликдан қўлтиқтаёқда қайтдим. Энди бир оёғим протез. Айни оилам, фарзандларимга фойдам тегадиган ёшда ногирон бўлиб қолдим. Қаранг, мен тенгилар оиласи олдида ишлаб, ўз бизнесларини йўлга қўйибди. Афсуски, қанча пушаймонлик чексам ҳам, энди кеч...
Чиндан-да, таассуфлар бўлсинки, ўттиз беш ёшли юртдошимизга ўхшаб йўлларда автоҳалокат туфайли бевақт оламдан ўтган ёки ногирон бўлиб қолган, қурилишларда эҳтиётсизлик туфайли юқори қаватлардан йиқилиб жароҳатланганлар оз эмас. Биргина ўтган йили Наманган вилоятидан хорижга ишга бориб турли сабаблар билан 44 нафар меҳнат муҳожири ҳаётдан бевақт кўз юмгани ачинарлидир.
— Хорижда ишлаётган фуқароларимиз билан боғлиқ салбий ҳодисалар, улар ҳуқуқларининг у ёки бу кўринишда бузилиш ҳолатларидан сақланиш мамлакатимизда тегишли ҳужжатлар асосида тартибга солинган, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Наманган филиали масъул ходими Акромжон Маннонов. — Бугунги кунда чет давлатларда расмий меҳнат фаолияти билан банд бўлган наманганликлар сони 63,5 минг кишини ташкил этади. Расман қайддан ўтмай ишлаётганлар сони ҳам оз эмас. Халқаро меҳнат бозорига отланаётган муҳожирлар оқимининг ортиши, уларни миграцияга тайёрлаш, борган манзилларида хотиржам ишлаши, ҳуқуқлари кафолатланиши масалалари тобора такомиллаштирилмоқда.
Вилоятимизда бу фаолият беш тамойил асосида олиб борилмоқда. Булар — салоҳиятли иш берувчилар билан ишлаш, номзодларни аниқ жиҳатларга боғлиқ ҳолда топиш ва танлаб олиш, ҳар бирига бирор касб-ҳунар ва хорижий тилни ўргатиш, ҳуқуқий жиҳатдан саводхонлигини ошириш, “ягона дарча” усулида хизмат кўрсатишдир.
Хорижда ишлаш истагидаги фуқародан, биринчи навбатда, ўзи бораётган давлатнинг тили, маданияти ва урф-одатларини билиши, дунё андозаларига жавоб берадиган касб-ҳунарга эга бўлиши талаб этилади. Масаланинг айни шу жиҳатидан келиб чиқиб Наманганда меҳнат муҳожирларини тайёрлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилган.
— Бир неча йил аввал Миграция агентлиги қошидаги марказда тайёргарликдан ўтиб, Россияга ишга келдим, — дейди Ульяновск шаҳридаги қурилиш компанияси иш бошқарувчиси бўлиб турган Ҳусниддин Қамбаров. — Рус тилини яхши биламан. Бу ерда ташкилотчилик қобилиятимни илғаб, кўпчиликка бош қилиб қўйишди.
Вилоятдаги тайёрлов марказлари орасида Чустдаги 1-касб-ҳунар мактабининг рейтинги анча юқори. Унда талабгорлар қурилиш соҳасида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлади. Бу ерда Корея давлатига Е-9 визаси асосида ишга кетаётган фуқароларга корейс тили, маданияти ва урф-одатларини ўргатиш мақсадида махсус кўниктириш курслари очилди. Миграция агентлиги ташаббуси билан фуқароларни немис, инглиз, корейс ва япон тилларига ўқитиш мақсадида Наманган шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бепул ўқув курслари ташкил этилди. Марказлар замонавий устахоналар билан таъминланган. Уларни битирганларга иш берувчи билан биргаликдаги синов хулосасидан сўнг махсус сертификат берилади. Масалан, Германиянинг “Consalting. Uz” таълим маркази Наманганлик хотин-қизлардан 150 нафарини олмон тилига ўқитди. Уларнинг кўпчилиги ушбу давлатда меҳнат қилиш учун юборилган. Эътиборлиси, бу сингари марказларга жалб этилган фуқароларнинг бўлажак меҳнат жойи аниқ буюртмаларга кўра нақд қилиб қўйилган. Айни пайтда бундай буюртмалар сони 20 дан кўп касблар бўйича 65 мингдан ортади.
Тизимдаги ташкилотларнинг хорижий иш берувчилар билан амалий алоқалари йўлга қўйилмоқда. Фуқароларимиз энг кўп меҳнат қилаётган Россия Федерациясида ташкил этилган ишчи гуруҳлари ушбу мамлакатда ишлаётганлардан мунтазам хабар олиб туради. Улар айрим жойлардаги келишмовчиликларни бартараф этиб, моддий жиҳатдан оғир аҳволга қолганларга ёрдам кўрсатади. Ўтган йилда кўмакка муҳтож 400 нафардан ортиқ муҳожир маблағ билан таъминланди. Хорижда қийин аҳволга тушиб қолган 297 нафар фуқароларни ватанга қайтишига кўмаклашилди.
Буларнинг барчаси меҳнат муҳожирлигини тўла ҳуқуқий йўлга қўйиш ва кутилган натижага эришиш имкониятини кенгайтираётган бўлса-да, соҳада йиллар давомида тўпланган муаммолар ҳам етарлича. Хусусан, кейинги пайтда хорижга ишлаш учун хавфсиз, тартибли ва қонуний равишда чиқиб кетаётганларнинг атиги 15 фоизи давлат миграция тизими ҳиссасига тўғри келаётгани ачинарли. Демак, ҳамон ноқонуний муҳожирлик давом этаётир. Миграция агентлиги эса хорижга чиқмоқчи бўлган ҳар бир кишига қонуний иш топиш имкониятини яратишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Қонуний йўл билан иш тополмаган муҳожирлар эса воситачиларга мурожаат қилишга мажбур. Ўз навбатида, бу одам савдоси хавфини оширади. Ҳар бир туман (шаҳар)ларда ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида миграция штаблари ташкил этилиб, уларга масъул идора ва ташкилотлардан ходимлар бириктирилган. Миграция бўйича маҳалла еттилиги томонидан кўтарилган масалаларга тезкор амалий ечим топиш мақсадида тизимли фаолият кўрсатиб келмоқда. Маҳаллаларда четга ишлаш учун чиқиш истагидаги фуқароларни касб-ҳунар ва танловларга жалб этиш ҳамда хориждан қайтганларни даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш мақсадида реинтеграция хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Халқимизда “Олиснинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши” деган мақол бор. Бугун кўплар интилаётган ўша “олиснинг буғдойи” айримларга жуда қимматга тушяпти. Хорижда ишлашни мақсад қилган ҳар бир инсон мамлакат ташқарисида ишлашга қонуний йўл олса, ҳуқуқ ва мажбуриятларини пухта англаса оғир аҳволга тушиб қолмайди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг