Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитовнинг устози Ўзбекистон таэквондо WТ жамоасига бош мураббий бўлди

20:59 28 Сентябр 2021 Спорт
839 0

Архив сурат

Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоасини энди Павел Хан бошқаради. Бу ҳақда ассоциациянинг Токио-2020 якунлари ва янги стратегик режаларга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов, Спортнинг яккакураш турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби директори Баҳодир Маматназаров, шунингдек, ассоциация мутасаддилари ва мураббийлари иштирок этишди.

Даставвал ассоциациянинг Токио-2020 Олимпия ўйинларигача бўлган фаолияти сарҳисоб қилинди. Шерзод Ташматов Олимпиада якунидан кейин спортчиларнинг иштироки чуқур таҳлил қилингани, шундан сўнг терма жамоада бош мураббий ўзгарганини маълум қилди. Унга кўра, эндиликда Павел Хан бош мураббий, Александр Ким эса маслаҳатчи тренер сифатида фаолият олиб боради.

Йиғилишда терма жамоанинг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик стратегияси ҳақида Шерзод Ташматов ҳамда Павел Хан маълумот берди. Унга кўра, ички чемпионат якунига етгач терма жамоа таркиби яна бир бор шакллантириб олинади ва ҳар бир Олимпиада вазн тоифасида 2 нафардан спортчи тайёрлаб борилади. Аёллар жамоасига эса Жанубий кореялик мураббий жалб этилиши режалаштирилаётгани айтилди.

Тақдимотда олдинда турган комплекс мусобақаларга тайёргарликдан ташқари ушбу спорт тури оммавийлигини янада ошириш, жумладан, юртимизда таэквондо билан шуғулланувчилар сонини 25 минг нафардан кўпайтириш, вилоятлардаги моддий-техник базани яхшилаш, халқаро мусобақалар орқали нафақат спортчи, балки мураббий ва ҳакамларнинг ҳам савиясини кучайтириш бўйича режалар муҳокама қилинди.

Маълумот учун: Хан Павел Афанасевич 1984 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Таэквондо бўйича Ўзбекистоннинг илк Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашитовнинг мураббийи ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?