Экологик барқарорлик, қиш мавсумига тайёргарлик ва ёнғин хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда экологик барқарорлик, шу жумладан чиқиндиларни қайта ишлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди, шунингдек, мутасаддиларнинг қишга тайёрлик юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Аввало, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссиянинг ҳисоботи тингланди. Ҳаво ифлосланишига қарши кўрилаётган, ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, охирги кунларда мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб совуқ антициклон таъсири кучайиб бормоқда. Натижада ҳаво босими ошиб, ҳарорат пасаймоқда, инверсия ҳодисалари кучаймоқда. Бундай шароитда ҳаводаги майда заррачалар юқорига кўтарилмай, пастки қатламларда тўпланиб қолмоқда. Метеорологик шароитлар туфайли ҳавонинг табиий тозаланиш суръати секинлашмоқда.
Сўнгги кунларда ҳавони ифлослантираётган манбаларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди. Иссиқхоналар, қурилиш майдонлари, автотранспорт воситалари ва ноқонуний фаолият юритувчи объектлар юзасидан ўтказилган текширувлар, шаҳар бўйлаб кўчаларни намлаш, ариқларни тозалаш, фаввораларни ишга тушириш каби барқарорлаштириш тадбирлари шулар жумласидан. Кучайтирилган тартибда рейдлар ва профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Президентимиз мазкур чораларни нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам тизимли давом эттириш, аниқланган қонунбузарликларни тезкор бартараф этиш, ҳавога таъсир кўрсатувчи барча омилларни қатъий назорат остига олишни топширди.
Маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича 933 миллион долларлик лойиҳалар 6 та ҳудудда – Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бошланган, аммо бошқа вилоятларда бу борада жиддий ҳаракат кузатилмаяпти. Бошланган лойиҳаларда ҳам инвесторларни инфратузилма – йўл, электр, сув билан таъминлаш ишлари талаб даражасида эмас.
Вилоятлар ҳокимликлари ва Экология миллий қўмитасига камчиликларни бартараф этиб, келгуси йилда қолган ҳудудларда ҳам шундай лойиҳаларни бошлаш топширилди.
2030 йилгача маиший чиқинди полигонларини 50 фоизга қисқартириш белгиланган. Сўнгги йилларда 47 та полигон фаолияти тугатилиб, рекультивация қилинди, натижада 243 гектар ер табиатга қайтарилди.
Лекин ҳозирда ишлаётган 132 та полигоннинг аксариятида ҳалигача ҳимоя деворлари, “яшил белбоғ”, сув таъминоти ва экологик хавфсизлик иншоотлари ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди.
– Бу атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатяпти ва аҳоли эътирозларига сабаб бўляпти. Шу боис, маиший чиқинди полигонларини экологик хавфсиз ҳудудга айлантириш зарур. Биринчи навбатда, одамларнинг соҳадан розилигига эришишимиз керак. Бу масалага фақат чиқиндини бошқариш эмас, балки саноат, энергетика, экологик маданият билан узвий боғлиқ йўналиш сифатида ёндашиш лозим, – деди давлатимиз раҳбари.
Мутасаддиларга рекультивация қилинган 47 та полигон ерини қайта фойдаланишга киритиб, уларда “яшил майдон”лар барпо қилиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Мавжуд полигонларнинг барчаси атрофида “яшил белбоғ” яратиш, дарахт ва кўчат экиш ишларини полигонларнинг ярмида баҳор мавсумида, қолган ярмида куз мавсумида якунлаш вазифаси қўйилди.
2026 йилдан бу ишларга республика бюджетидан ҳар йили камида 150 миллиард сўм ажратиб борилиши белгиланди.
Охирги икки йилда авваллари қайта ишланмаган саноат ва хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 4,5 фоизга олиб чиқилди. Мазкур кўрсаткич камлиги қайд этилиб, саноат ва хавфли чиқиндилар ҳосил бўлаётган ва сақланаётган жойларни хатловдан ўтказиб, уларни қайта ишлаш ҳамда утилизация қилиш бўйича камида 1 тадан лойиҳани бошлаш зарурлиги таъкидланди. Хавфли чиқиндиларни назорат қилиш бўйича ягона ахборот-мониторинг платформасини ишга тушириш топширилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, имтиёзли шартларда суюлтирилган газ етказиб беришда камчиликлар сақланиб қолмоқда, талон-торож ҳолатлари учрамоқда. “Ҳудудгазтаъминот” тизимига бу ҳолатларга чек қўйиш, ҳудудма-ҳудуд юриб, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш топширилди. Эскирган электр тармоқлари ва ортиқча юкламада ишлаётган трансформаторларни хатловдан ўтказиб, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, 1800 километр электр тармоқларида таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилгани аниқланган. Бош прокуратурага мазкур ҳолатларни ўрганиш ва қонун устуворлигини таъминлаш, “Энергоинспекция”га эса назорат ишларини янгича ёндашув асосида ташкил қилиб, фавқулодда тартибда ишлашга ўтиш топширилди.
Қиш мавсумида энергия ресурслари аҳолига узлуксиз етказиб берилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда ёнғин хавфсизлиги масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мамлакатимизда 44 мингдан зиёд кўп қаватли биноларда ёнғин хавфсизлиги ҳолатини тўлиқ ўрганиш, фавқулодда вазиятлар тизими бундай хавф-хатарларга қарши ҳаракат қилишга шай туриши зарурлиги таъкидланди.
Биноларнинг ташқи деворларида кучли ёнувчан материалларни қўллашни тақиқловчи қатъий талабларни қонун ҳужжатларига киритиш вақти келгани таъкидланди. Шу муносабат билан кўп қаватли уйларда қурилиш нормалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини халқаро тажрибага мослаш ҳамда масъул раҳбарлар жавобгарлигини кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
Коммунал хизматлар ишини мувофиқлаштириш ва фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган мавсумда пойтахтда тўпланган тажриба асосида республиканинг бошқа ҳудудлари кесимида ишчи гуруҳлар ташкил этиш, барча коммунал хизматлар ва бошқарув сервис компанияларини ФВВ диспетчерлик тизимига боғлаш ва хонадонбай профилактика ишларини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг