Олий Мажлиси Сенатининг ўттизинчи ялпи мажлисида Бахтиёр Джахангирович Исламов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси этиб сайланди
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
Жорий йилнинг 10 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, суд ва прокуратура органларининг вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференсалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Дастлаб сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги тақдимнома муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Камилов саломатлиги туфайли ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилган.
Сенат мажлисда бўлиб ўтган муҳокама натижасида уни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раислигига номзод муҳокама қилинди.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан суд тизимида ҳамда маъмурий органларда раҳбарлик лавозимларида кўп йиллар мобайнида ишлаб келган Бахтиёр Джахангирович Исламов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси этиб сайланди.
Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилди.
Маълумки, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунига кўра Конституциявий суднинг судьялари белгиланган муддатга сайланади.
Қайд этилганидек, амалдаги Конституциявий суд таркибининг қонун билан белгиланган амал қилиш муддати жорий йилнинг август ойида тугайди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган Конституциявий суднинг янги таркиби Сенат ялпи мажлисида кенг муҳокама қилинди.
Сенаторлар томонидан маъқулланган Конституциявий суд судьялигига номзодлар юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди. Бунда янги сайланган таркиб Конституциявий суднинг амалдаги таркиби ўз фаолиятини якунлаганидан сўнг ишга киришиши белгиланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттизинчи ялпи мажлиси якунланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Саида Мирзиёева Доҳадаги кино фестивалга ташриф буюрди
- «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг