Олий Мажлис Сенати ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш юзасидан биринчи даражали вазифалари белгиланди

12:20 25 Июнь 2025 Сиёсат
101 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, олдида турган биринчи даражали вазифалар кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кўрилаётган чоралар натижасида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди.

Биргина жорий йилнинг ўзида саноат 6,4 фоизга ўсди, экспорт ҳажми 18 фоизга, хорижий инвестициялар 46 фоизга ошди. Қиймати 3 млрд долларлик 2,5 мингдан зиёд янги қувватлар ишга тушди.

Бироқ бугунги замон ривожланиши, дунёда юзага келаётган глобал муаммолар, янги уруш ўчоқлари ҳамда беқарорликни давом этиши ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишни, тараққиёт суръатларига мос янги вазифаларни қўйишни талаб қилмоқда.

Хусусан, ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир қилувчи омиллар қайд этилди.

Жумладан, вазирлик ва ҳокимликлар, уларнинг вилоят, туман даражасидаги бўғинларининг муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича иши етарли даражада самарадор эмаслиги таъкидланади. Кўпгина муаммолар вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослардаги мавжуд камчиликлар сабаб бўлмоқда.

Аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи, жумладан сув таъминоти, туман ва маҳалладаги инфратузилма, озиқ-овқат хавфсизлиги, бандлик, камбағалликдан чиқариш, маҳаллий бюджет тушумларини ошириш, жиноятчиликни қисқартириш, йўл қурилиши, жамоат транспорти, шаҳарсозлик, «Яшил макон» лойиҳасини амалга ошириш, энергия таъминоти каби муҳим соҳалардаги бирламчи вазифалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, белгиланаётган вазифа ва топшириқларни самарали амалга ошириш учун янги ташкилий ва маъмурий ислоҳотлар бошлангани, мавжуд муаммолар, аҳоли томонидан кўтарилаётган мурожаатларни ҳал қилиш бўйича янги тизим ишга туширилаётгани қайд этилди.

Сенаторлар Президент томонидан қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Хусусан, жойларда аниқланган муаммоларни бартараф қилишда ҳудуд ва республикадаги масъулларнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириб бориш лозимлиги қайд этилди.

Фуқаролар билан ишлаш тартибини янги даражага олиб чиқиш, мурожаатларни доимий таҳлил қилиш, аҳоли томонидан кўтарилган муаммоли масалаларни Сенат мажлисларига олиб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, дастурлар, лойиҳаларнинг ижросини таъминлашда уларни қай даражада самарали бажарилгани, қандай натижа берганига асосий урғу бериш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашларнинг фаоллигини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Муҳокама якунида бу борада Олий Мажлис Сенати ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида турган биринчи даражали вазифалар юзасидан Сенатнинг қарори қабул қилинди.

Юнус БЎРИЕВ, Даврон ЭРНАЗАРОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?