Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ

12:20 03 Сентябр 2025 Жамият
157 0

Ҳаёт деб аталмиш дарёнинг баъзан сокин, баъзида мавжланиб, телбавор оқиши бор. Шундай пайтда бешафқат тўлқинларнинг шашти олдида кемалар ҳам мувозанатини йўқотади. Киши калаванинг учини топа олмай қолади. Гулбаҳор тақдир зарбаси сабаб ана шундай кўйга тушди. Турмуш ўртоғи хорижга ишлагани кетганди. Фалокат оёқ остида деганларидек, у етти ёт элда бевақт вафот этди. Оғир йўқотиш наинки у, балки кексайиб қолган қайнонасининг ҳам қаддини букди. Бу ёқда ота йўлига интизор полапонларни айтмайсизми?

– Энг қийин паллада давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя сиёсати Гулбаҳор Арабованинг оиласи учун айни муддао бўлди, – дейди Пешку туманидаги “Хуррам” маҳалла фуқаролар йиғинига ижтимоий ходим сифатида бириктирилган Умрзоқ Рўзимуродов. – Хонадон аввало “Камбағал оилалар реестри”га киритилди. “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан мавсумий кийим-бош ва кундалик эҳтиёжлар учун моддий ёрдам ажратилди. Оилага боқувчисини йўқотганлик ҳамда болалар нафақаси тайинланди.

Халқимизда “Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ” деган нақл бежиз айтилмаган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги туман бўлимига шу маҳаллада яшовчи Замира Қодировадан мурожаат тушди. Ариза “маҳалла еттилиги” иштирокида атрофлича ўрганилди. Натижада ногиронлиги бўлган бу аёл хонадони алоҳида рўйхатга олинди. Шу жараёнда Замира опанинг тикувчилик борасида маълум бир кўникмага эгалиги ҳам назардан четда қолмади. Унга субсидия асосида тикув машинаси олиб берилди. Энди у уйда ишлаб, қўни-қўшнилардан тушган буюртмаларни бажариш, қўшимча даромад топиш имконига эга. Бундан ташқари, фарзандининг олий ўқув юртига ўқигани имтиёзли тарзда киришига кўмаклашилди. Оилага электр энергияси ва табиий газ учун компенсация тўловлари тайинланди.

Маҳаллада яшовчи кексалар ҳам ҳукуматимизнинг ғамхўрлиги, эътиборидан баҳраманд. Буни бир аср остонасида турган Саида Боева ҳаёти мисолида ҳам айтиш мумкин. Гап шундаки, 98 ёшли онахон қизларини узоққа турмушга чиқарган. Шу туфайли ёлғиз. Аммо ўз яқинларига меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Саида бувини ҳам жигаргўшалари ўз ҳолига ташлаб қўйгани йўқ. У айни пайтда укаси Эркин Боевнинг оиласи билан яшаб келмоқда. Лекин бу ҳол табаррук ёшдаги онахоннинг давлатимиз томонидан кўзда тутилган ғамхўрлигидан фойдаланишига монелик қилган эмас. Чунончи, Саида буви “Якка – ёлғиз кексалар реестри” га киритилди. Унга компенсация маблағлари тўланмоқда. Укаси онахонга расман қаровчи этиб бириктирилди. Бу ҳам унинг моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланишига хизмат қилмоқда.

– Минг карра шукр, – дейди Саида буви. – Юртимиз тинч, турмушимиз осойишта. Давлатимизга раҳмат. Иссиқ-совуғимдан хабар олиб туришибди. Бирор бир нарсага зориққаним йўқ.

– Бугунги кунда маҳалламизда 4841 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди Умрзоқ Рўзимуродов. – Шуларнинг 209 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож. Ногиронлиги бўлган 107 фуқаро ҳам бор. Эл қатори умргузаронлик қилишлари, ўзларини бировдан кам ҳис этмаслиги, қадини тик тутиб юриши, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш учун уларни давлатимиз томонидан яратиб берилган қулайлик ва имтиёзлардан баҳраманд этиб келмоқдамиз.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?